Зўравонлик рағбатчиси

Муҳаммад Солиҳнинг Брюссель анжуманидаги нутқи  (10.2009)

1990 йилларнинг бошида Ўзбекистонда, сиёсий партиялар билан бир қаторда, диний гуруҳлар ҳам ташкилотлана бошладилар. Бу гуруҳларнинг аксарияти ёш авлодни иймонли тарбиялаш ғояси билан ўртага чиққандилар. Бу гуруҳларнинг ниятлари холис ва енг ичида зўравонлик тошини яширмаган эдилар.

Масалан, Абдулла Ўтаев деган кишининг тузган “Уйғониш фирқаси” мамлакатдаги мавжуд сиёсий елпозага (спектрга) бемалол интеграция бўлиши мумкин эди.

Тўғри, ўз ҳатти-ҳаракатларида радикализм аммораларини ташиган маргинал, норасида гуруҳлар хам йўқ эмасди. Масалан, “Тавба” деб номланган гуруҳ шундайлардан биттаси эди. Кейинчалик бу гуруҳдан “Ўзбекистон исломий харакати” деган ташкилот ўсиб чиқди. Аммо ўша пайтларда бу гуруҳларни хам ақлли бир сиёсат билан мавжуд қонунлар роми ичига тортиш мумкин эди. Афсуски, бундай бўлмади. Бу гуруҳлар Конституцион майдондан суриб чиқарилиб, ўгай фарзанд мақомига индирилдилар, бу эса уларни режимнинг ашаддий душманларига айлантирди.

Албатта, бу феноменнинг дебочаси бор. Гап шундаки,коммунизмнинг йиқилишидан сўнгра, АҚШ ва Ғарб давлатларининг янги душмани “ислом фундаментализми” эълон қилинди, бу эса бизнинг янги пайдо бўлган Ўрта Осиёлик диктаторларимизга айни муддао бўлди.

Улар бу коньюнктурадан эрксевар мухолифат ва мўътадил диндорларни йўқ қилиш учун интенсив шаклда фойдалана бошладилар.

Диктаторлар ичидаги энг ашаддийси, Ўзбекистон хукмдори Ислом Каримов ўз аждодлари коммунистларга ўхшаб, ўзига мухолифат қилган хар кимга қарши “қизил террор” бошлаб юборди. Бу “қизил террор” бора-бора радикализм буқасини гиж-гижловчи қизил латтага айланди.

Каримов бу хавфли ўйинни 20 йил давомида ўйнаётган тахликали бир қиморбоздир.

Ўтган асрнинг охирларида Каримов АҚШ президенти Буш идорасини ўзининг Жанубдан келаётган “ислом экстремизи” га қарши бир қалқон эканлигига ишонтирди.

Энди у Барак Обома идораси билан фаол мулоқотга ўтди, кўриниб турибди-ки, унинг мудхиш мақоми яна сақланиб қолинади.

Бу орада “ислом эсктремизм” синдроми Марказий Осиё ўлкаларида шу қадар чуқурлашди-ки, бутун ўзбек мухолифати шубха ва гумон остида қолди.

Биз инсонларнинг бу мудҳиш синдромдан қутилишлари учун нимадир қилмоғимиз керак эди. Шу азм ва қарор билан биз “13 май Иттифоқи”ни туздик. Бу Иттифоққа Ўзбекистон хукумати жон жахди билан “диний радикаллар” қилиб кўрсатишга интилаётган гуруҳларни киритдик.

Мана, улар биз билан ёнма-ён ўтиришибди ва биз билан бир ҳур инсон ўлароқ, демократик бир лисонда суҳбатлашмоқдалар.

Улар “Жаслик” кампида хам ўтиришган бўлардилар ва Каримов назоратчиларининг, конвойларининг гапирган тилида, зўравонлик тилида хам гапиришган бўлардилар.

Демак, интеграция мумкин экан, демак, инсонлар ҳаммаси ҳур туғилар экан, демократ ёки террорист бўлиб туғилмас эканлар.

Сиз инсонларнинг сўзини эркин сўйлаш иродасини поймол қилмасангиз бўлди. Уларни сизнинг зулмингиздан химояланишга мажбур қилмасангиз бўлди, ҳимояланиш учун қўлига қурол олишга мажбур қилмасангиз етар.

Инсон ҳақлари Декларациясида шундай сатрлар бор: “Инсон ҳақлари шунинг учун ҳам Қонун ҳукми билан ҳимоя қилиниши керак-ки, токи инсон зулм ва истибдодга қарши сўнгги чора сифатида қўзғолонга бош урмасин.” (1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси тарафидан қабул қилинган “Инсон ҳақларининг Умум декларацияси”)

Ўзбекистондаги ижтимоий сиёсий вазият Шунчалик ёмонлашганки, одамлар мавжуд режимга қарши қўлига қурол олиш даражасига келганлар. Бу одамлар диний экстремистлар эмас, мухолифатчи ҳам эмаслар, оддий иш одамлари, бизнесменлар, ўқитувчилар ва ишчилар, ҳатто журналистлардир, дейди тадқиқотчи.

Бу ерда Оврупо Иттифоқи хўжакўрсинга қилинган рамзий санкцияларини Ўзбекистондан олиб ташлайликми, йўқми, дея муноқаша қиларкан, у ерда Каримов ўзининг қийноқ машинасининг тезлигини сурункали равишда оширмоқда ва бу билан жамиятимизда радикализмни кучайтирмоқда.

Бугун Каримов бошқараётган ўлканинг прокурорлари инсонларни уларнинг айбига қараб эмас, юқоридан олган планга қараб купайтирмоқдалар. Улар “бу ой ичида 15 киши мухолифатдан, 15 киши диндорлардан қамашимиз буюрилди”, деб, буйруқни сўзсиз бажараяптилар.

Бугун режим жаллодлари инсонларни 5 йил аввалгига қараганда анча замонавий услублар билан қийнамоқдалар ва ўлдирмоқдалар.

Жамиятимизда борган сари кучланаётган радикализмнинг сиёсий сабаблари билан бир қаторда иқтисодий сабаблари ҳам бор, албатта.

Масалан, Каримов бир ярим ой аввал ими-жимида бир иш қилди, у фермерларга ўз маҳсулотларини ташқарига чиқиб сотишни конун йўли билан таъқиқлади.

Бу шундоқ хам барбод бўлган ўрта ва кичик бизнесга яна бир зарба демакдир. Энди хеч ким қонуний йўл билан мева, сабзовот ва бошқа боғча маҳсулотларини сота олмайди.

Бу холат ҳуқуқ органлари, божхона ходимларининг ноқонуний бойишига, контрабандага йўл очиб беради.

Аммо ҳукумат бу олинган “тадбир”ни ички бозордаги баҳонинг кўтарилиб кетмаслиги учун ва хазинани тўлдириш учун қилинган зарурий қадам деб изоҳлайди. Лекин асл сабаб бошқа ерда. Асл сабаб – режим инсонларнинг ўз маҳсулатларини истаган бозорида, истаган нархига сотиб, бойиб кетишидан ва ҳукуматдан мустақил бир ижтимоий қатламга айланишидан қўрқади.

Лекин ҳукумат бу “тадбир”дан аламзада бўлган инсонларнинг ғазаби уларни радикал харакатларга судраши эҳтимолини идрок қилишдан ожиздир.

Аввал Ғарб давлатлари Ўзбекистонда юритилаётган зўравонлик сиёсатига, давлат террорига нисбатан жуда ҳассос муносабатда бўлардилар. Энди улар ўзбек диктаторининг қилғилиқларига кўникди шекилли, аввалги позицияларидан чекиниб, унинг жиноятларини кўрмасликка олабошладилар.

Бугун 2009 йилда Оврупа Бирлиги “мусбат ўзгаришлар бор” деб, Ўзбекистонга санкцияларини бекор қилаётган кунда, у ерда сиёсий ва диний маҳбуслар сони Оврупа Иттифоқи ўз санкцияларини жорий қилган 2005 йилдагига кўра икка марта кўпайган.

Ўзбекистон Оврупа Иттифоқининг санкцияларидаги ҳеч бир талабни бажармади. Бу ҳам етмаганидай, Ўзбекистон ташки ишлар министри Норов Брюсселлда Хавер Солана билан ачомлашар экан, унинг қулоғига “Ғарб бизнинг келажаги буюк давлатимизнинг ички ишларига аралашмасин”, деб шивирлаб қўйди.

Албатта, министрнинг бу тахдиди нонкўрликдан бошқа нарса эмас.

Нега?

Каримов режими Бирмадаги сиёсий режим каби мустабид, аммо Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга уйғулаган санкциялар Бирмага қарши жорий қилинган санкцияларнинг ўндан биттаси ҳам эмас.

Аксинча, Ғарб узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги мустабид тузумга “исломий экстремизмга қарши кураш” баҳонасида моддий ва маънавий ёрдам бериб келмоқда.

Ғарб токи Каримов режими яшар экан, бу минтақадан экстремиз асло аримаслигини англашни истмайди.

Экстремизмнинг асосий таъминотчиси Каримовнинг ўзидир. Экстремиз унга Оврупо Хавфсизлик ва Хамкорлик Ташкилотини, Оврупо Иттифоқини ва Американи қўрқитиш учун керак.

Бу фожеанинг ярми, унинг қолган ярми Ўзбекистонга қўшни жумхуриятларда ётибди. Гарчанд Ўзбекистонга қўшни давлатларнинг лидерлари Каримовни жинидан баттар ёмон кўрсалар-да, унинг давлатни бошқариш услубидан фойдаланишдан ҳеч жирканмайдилар.

Уларнинг наздида ўзбек диктаторининг системали равишда халқ тонобини тортиб қўйиш усуби ўзини оқлаган услуб сифатида қабул кўрди.

Матбуотда ёзилишича, яқинда Қозоғистонда Қуръон сураларини “экстремистик адабиёт” қаторига қўшганлар.

Астана шахрининг махкамаси Қуръоннинг баъзи сураларини гуё уларнинг ваҳҳoбойлик назариясини ташиганлари учун таъқиқлаган эмиш.

Бу мaҳкама ҳокимлари ўзларининг нима қилаётганини билмайдиган жохиллардир. Чунки улар бундай ҳукмлар билан ўша радикализмни кучайтиришга эришадилар холос. Яъни Астана худди Тошкентга тақлид қилиб шундай ҳукм чиқармоқда, бунинг бошқа изоҳи бўлиши мумкин эмас.

Минтақамиздаги Вазият таранглигининг иккинчи вектори бу энергоресурс ва сув муаммоларига бориб тақалмоқда. Бу муаммолар минтақа халқлари ўртасидаги алоқаларнинг таранглашувига доим туртки бериб турадиган омиллардир.

Бу масалаларнинг йиллардан бери хал қилинмаёганидан Марказий Осиё давлатларининг авторитар идоралари, айниқса ўзбек ҳукумати, шахсан Каримовнинг минтақа сиёсати масъулдир.

Каримов минтақадаги истиқрорсизликнинг бош манбаидир. Қўшни давлатлар билан душманлик сиёсатининг меъмори айнан шу одамдир. Марказий Осиё давлатлари чегараларини тиканли сим билан ўраш ташаббусининг бошида ҳам шу зот туради.

У минтақа лидерлари саммитларида бошқа раҳбарлар билан уришиш ва халқларимиз орасига нифоқ солиш учун мутлақо бир баҳона топади.

Шундай экан, жамиятимиздаги радикализация муаммосини уни келтириб чиқарган сабаблар бартараф қилинмасдан туриб ечиш мумкин эмас.

Демак, бу бўхрондан бизни фақат сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларгина олиб чиқиш мумкин.Шундай тубдан ислоҳотларга бугунги ҳукумат ҳозирми?

Мен шасхсан унинг ҳозирлигига ва қачондир ҳозир бўлишига ишонмайман.

Бу вазиятда биз, Ўзбекистонга ўзгаришлар тарафдорлари бўлган кишилар нима қилишимз керак?

Биринчидан, биз аввал Каримов режимини бутун дунё худди ўзбек халқи кўргандай ёмон кўради, деган хаёлпарастликдан қутилишимиз керак.

Иккинчидан, Каримов режимининг Марказий Осиё минтақасини истиқрорсизлантирадиган асосий факторлардан эканини дунё афкор оммасига содда қилиб англатишимиз керак. Ва бу режимдан қутилиш фақат Ўзбекистон учун эмас, бутун минтақа учун хам буюк қутилиш бўлажагига дунё жамоатчилигини ишонтиришимиз лозим.

Учинчидан, биз бугунгача олиб борган кураш услубимизнинг (пикетлар, шикоят хатлари, мониторинглар ва ҳакозо) эффективлиги биз кутгандан анча паст бўлганлигини тан олиб, иш услубимизни ўзгартиришимиз, янги стратегия қабул қилишимиз зарур. Идеалларимиз учун эффектив кураш услубини танлагандан сўнг, ҳаракатимиз жабҳасини юрт ичига кўчириш, бутун имкониятларимизни юрт ичидаги курашга сафарбар этмоғимиз лозим.

Илк қиладиган ишимиз режимнинг информацияни ўтказмаслик учун тиклаган деворини тешиб, халқимизга ўзимизни янгидан танитиш ва ўлкамиз келажаги учун нималар қилишга тайёр эканлигимизни, режаларимизни етказиш бўлиши керак.

Токи бу режим ҳокимиятда экан, халқимизни ҳеч бир сайловда қатнашмасликка даъват этмасликка чақиришимиз лозим. Мухолифат номидан сайловда қатнашиш керак, дея режим тегирмонига сув қуяётган мунофиқлардан узоқ туриш лозим. Биз учун халқ қатнашмайдиган ҳар қандай сайлов ҳаром саналиши керак.

Бизнинг «13 май Иттифоқи» ўз сафларига террорни лаънатлаган, мамлакатимизнинг тинч йўл билан тараққий қилишини шиор қилган диний жамиятларни ҳам илова қилди. Чунки биз мўътадил қарашдаги диний ташкилотларни умумдемократик жараёнга интеграция қилмасдан туриб, ўлкада ҳақиқий тинчлик ва истиқрорнинг ўрнатилиши маҳол деб биламиз.

Шу контекстда айтишимиз мумкин, биз бу ерга 20 йил давомида дунёни лақиллатиб келаётган Каримовнинг “ислом фундаментализми” шиорининг сафсата эканини исбот қилиш учун бу ерга тўпландик.

Биз бу ерга ўзбек жамиятидаги радикализм сабабларини ислом динидан эмас, сиёсий режимнинг тоталитар моҳиятидан ахтармоқ лозим, дейиш учун келдик.

“13 май Иттифоқи» ўз мавжудияти билан бу аксилинсоний режимга қарши турли зеҳниятдаги гуруҳлар бирлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Етарки, бу гуруҳлар озодлик, адолат тарафдори бўлсинлар, террор ва зўравонликка қарши бўлсинлар.

Шу маънода, биз бу ерга қолган гуруҳларни ҳам, бутун эрксевар инсонларни бир байроқ остига тўпланиб, режимга қарши курашга чорлаш учун тўпландик.

Мен, авваламбор, ўзбек давлати терроридан азоб чеккан ва чекаётган юзминглаб инсонларимизга сасланмокчиман: Сабр яхши нарса, аммо бу сабрингиз билан фахрланманг. Бу аҳволингиз тобора золимга қулликни қабул қилишга ўхшаб бормоқда. Бошингизни кўтаринг, тиз чўккан жойингиздан туринг, оёққа қалқинг. Ишингизни, уйингизни йўқотишдан қўрқманг, чунки бу инсоний шарафни йўқотишдан ҳам қўрқинчли эмасдир.

Мен 20 йилдан бери режим жаллодларининг мухолифат ва диндорларни кандай йўқ қилаётганига жим қараб турган миллионларга мурожаат қилмоқчиман: Яқинда, жуда яқинда сиз учун Уят Тонги отажак. Бу ойдинликда сиз зулм олдидаги сукунатингизнинг қонли режим билан муроса эканлигини кўражаксиз.

Сизлар бу қўрқинчли Тонг отишидан олдинрок уйғонинг, ўзингизга келинг.

Мен жинояткор режим дастурхони атрофида уймалашаётган бир ҳовуч озчиликка мурожаат қиламан: Эй, бечоралар, бу зулм кемасидан тезроқ қочинг, тавба қилинг ва ўз халқингизнинг пойига йиқилинг, балки сизларнинг хиёнатингизни авф этар.

Ниҳоят, 20 йилдан бери мухолифатнинг бирлашуви ҳақида сайраб, бирлашув бошланганда, унга тўсиқ қўйиш учун минг баҳона уйдираётган мунофиқларга сасланаман: Эй, аҳли нифоқ, сизларнинг зотингизни Бадрдан, Уҳуддан, Хайбардан, Худайбийядан бери биламиз. Сиз Олий Адолатга инонганларни ўша пайтларда йўлдан оздира олмагандингизлар, бугун ҳам иншоАллоҳ йўлдан оздира олмайсизлар. Биз бу йўлда манзилга етамиз иншоАллоҳ, Ўзи бизга мададкор бўлса, бaс.

Мухаммад Солиҳ
Ўзбекистон «ЭРК» Демократик партияси лидери

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *