Каримов ўзидан билиб кетмайди

«Эрк» демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ Uznews.net мухбири Тўлқин Қораевга берган интервьюсида Ислом Каримов стратегиясига нисбатан ўз муносабати ва «Эрк»нинг келгусидаги сайловлар олдидан белгилайдиган режалари ҳақида гапирди.

Тўлқин Қораев: Ўзбекистонда президентлик сайловларигача олти ой қолди, «Эрк» партияси бу борада нималар қилмоқчи ва сизнинг наздингизда Ислом Каримов қандай йўл тутади?

Муҳаммад Солиҳ: Ҳозирги кунда биз ҳукуматнинг келгуси сайловлар муносабати билан беражак баёнотини кутаяпмиз. Ўйлаймизки у 23 июндан кейин эълон қилинади. Чунки шу куни сайловларга роппа роса олти ой қолган бўлади. Ҳукумат ўз позицияси ва режаларини тақдим этгач, «Эрк» ҳам ўз навбатида баёнотини эълон қилади. Бизнинг мурожаатимиз ҳам ҳали тайёр эмас.

Айни пайтда «Эрк» бу сайловларда иштирок этади дея ҳисобласак, вазиятга ортиқча баҳо берган бўламиз деб ўйлайман, чунки Каримов режими бизнинг сайловда иштирокимиз учун ҳеч бир имкон қолдирмайди.

ТҚ: Ҳукумат қандай баёнот бериши мумкин?

МС: Расмий ҳукумат ҳозирча жим. Агар Ислом Каримов сайловларда иштирок этиш ниятида бўлса, ҳозир у ўз дастури, сайлов стратегияси, тактикаси устида ишлаши, ўз командасини тайёрлаши керак. Аммо биз бу ҳолни кўрмаяпмиз. Мен расмий Тошкентнинг шундай бирор стратегияси бўлмаса ҳам керак деб ўйлайман. Вақт эса ўтаяпти.

ТҚ: Каримов нима қилади? Президентликдан истеъфо берадими?

МС: Каримов қандай қилиб ҳукмронликни қўлида сақлаб қолиши номаълум, бироқ унинг президентлик курсисида қолишни исташи юз фоиз аниқ. Ҳозирча у тирик экан, агар мен билган Каримов бўлса, шубҳасиз, мамлакат бошқарувини қўлида сақлашни истайди.

Агар у бирдан кетадиган бўлиб қолса, демак бу унинг ақлдан озганидан ёки уни истеъфо беришга макжбур қилган фавқулодда бир ходиса юз берганидан далолатдир, аммо у ўз хоҳишига кўра кетмайди.

ТҚ: У ҳолда муҳолифат нима қилиши керак?

МС: Ҳозирча Ислом Каримов ҳокимият тепасида экан, биз ўзимизга шу саволни бермоғимиз лозим: уни истаъфога чиқишга мажбур этиш учун нима қилиш керак? Бу биз учун ҳам, бизнинг ҳалқимиз учун ҳам жуда муҳим савол.

ТҚ: Сиз нима қилмоқчисиз?

МС: Мен муҳолифат ва халқ кўчаларга чиқиши лозим деб ҳисоблайман, бошқа бирор муқобил йўлимиз йўқ. Биз, муҳолифат вакиллари, халқни уюштиришимиз лозим. Ҳукуматга тишларимизни кўрсатадиган пайт келди.

Агар биз мамлакат учун оғир бир пайтда ташкилотланмас эканмиз, мамлакатдаги вазият янада мураккаблашади. Энг даҳшатлиси, Ислом Каримовнинг 18 йил ҳукмронлиги даврида халқимизнинг қулликка кўника бошлаганидир.

ТҚ: Сиз бошқа муҳолифат кучлари ва гуруҳлари билан бирлашиш ниятидамисиз?

МС: «Бирлашиш» деган сўз кейинги кунларда кўпчиликнинг тилида «энг чайналган» сўз бўлди, тинимсиз бирлашишга чақириқлар эса демагогияга айланди. Биз барча тараққийпарвар фикрдаги шахсларни сафларимизга қўшиш учун иш олиб бораяпмиз ва биз бундай ҳаракатларга шу йилдан киришиш ниятидамиз.

Биз кўчаларга чиқишга уриниб кўрамиз ва биз бунга тайёрланаяпмиз.

ТҚ: Шундай овозалар тарқалаяпти, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда янги «терактлар» келтириб чиқаришга тайёргарлик кўраётган экан, шу йўл билан Каримовнинг қайта сайловини амалга ошириш учун. Сиз бундай миш мишларга қандай қарайсиз?

МС: Ўйлайман, бу ортиқча бўрттиришдир. Каримов ўз муҳлатини чўзиш учун неча бор энг ҳийлагар ва энг шафқатсиз фитналарни келтириб чиқаришга муваффақ бўлган. Албатта, биз янги «портлашлар» янграши, ёки «терактлар» содир этилишини, ёинки «Эрк» партиясини тағинда диний экстремистик гуруҳларга алоқадорликларда айблашга уринишлар бўлишини назардан қочирмаслигимиз лозим.

Аммо ҳукумат энди бундай йўл тутмайди деб ўйлайман, чунки аллақачон дунёда Каримовнинг «терроризм» билан курашини муттасил қўллаб қувватлайдиган бирор бир мамлакат қолгани йўқ.

ТҚ: Сиз ташқаридан келадиган кўмак, дунёдаги демократик давлатлар ёрдамидан умидвормисиз?

МС: Биз буни Андижон хунрезлигидан кейин кутган эдик, аммо Ғарб юзаки бир санкциялар белгилашдан нарига ўтгани йўқ. Шунинг учун эндиликда биз ўз кучларимизга, «Эрк» партиясининг кучларига, бизнинг аъзоларимиз ва маслакдошларимиз кучларига таяниб иш кўрамиз.

ТҚ: Катта раҳмат.

МС: Яхши қолинг.

uznews.net/

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *