Каримовга очиқ мактуб

Мен бу мактубни сизни истеъфога чақириш учун ёзаётганим йук. Бу сизни инсофга чақириш учун ҳам ва, ҳатто, халқингизга қарши репрессияларни тўхтатиш учун ҳам ёзаётганим йўқ. Бу хат воситасида сиз билан сиёсий тортишув ниятим ҳам йўқ. Шу маънода, бу хат бир сиёсий рақибнинг бир сиёсий раҳбарга ёзган мактуби эмасдир.

Бу мактубни ёзишга 1998 йилда чиққан “ИСЛОМ КАРИМОВ-98” деган бир китобда кўрганим бир расм туртки берди. Ажойиб бир расм. Бу қалин китобдаги ўнларча расм ичида ягона самимий руҳга соҳиб лаганбардорларнинг ретушисиз, атрофимизни қуршаган сохта табассумларсиз бир расм. Бу расмда адолатсиз ҳокимиятнинг совуқ нафаси йўқ. Бу расмда сизнинг қўлингизда маъсум болакай, сизнинг набирангиз, ўзининг тоза табассумини объективга йўналтирган, орқасида бобосининг изтироб тўла нигоҳини асло кўрмайди.

Яхшиям кўрмайди, чунки бу нигоҳдаги аччиқ изтироб унга хузур бериши даргумон.

Аммо, менга ўхшаган ўзига келганлар учун бу расмда, муболағасиз айтяпман, очиқ бир насиҳат бор. Яратганнинг конунлари нақадар мукаммаллиги ҳақида бир насиҳат бор. Бу насиҳат «изтироб чектирар экан, изтироб чекажаксиз» деган ҳикматдан иборатдир. Бу расмдаги дарс айнан шу эди.

Расм менинг нафсимни қаттиқ безовта этди. Аллоҳнинг бу каби кинояси олдида гоҳ ёниб, гоҳ сўниб турган қўрқувимни янгилади бу расм. Шундай бир киноя ҳақида «Пайғамбарлар тарихи»да ўқиган эдим. Намруд, Иброҳим алайхиссаломни оташга ташлаган мустабид хукмдор Намруд Аллоҳга қарши исён қилганида, Аллоҳ унга қарши зилзила мусаллот килмайди, туфон хам юбормайди. Аллох таоло Намрудга қарши кичик бир пашшани жўнатади. Пашша унинг бурнидан кириб, миясига жойлашиб олади, мияда ҳар қимирлаганда, ақл бовар қилмас оғриққа тутилади ва бундан қутулиш учун хизматкорларига бошига тўқмоқ билан уришни буюради, ниҳоят содиқ қуллари уни бошига уриб-уриб ўлдиришади.

Намруд замонида фотография йўқ эди. Агар бўлса эди, Намруднинг нигоҳини кўрган бўлар эдик. Даҳшатдан қўрққан қиёмат тасвири акс этган нигоҳини кўрган бўлардик. Бу 1998 йил чоп этилган кўрганимиз ўша изтиробдан ҳам шиддатлироқ бир тасвир бўларди, албатта.

Сизни мен Намруд билан тенглаштираётганим йўқ. Намруддан фарқли ўлароқ, сизнинг содиқ хизматкорларингиз йўқ. Сизнинг хизматкорларингиз сизни сотиш учун қулай фурсат пойлаб турганини сиз ҳам яхши биласиз. Улар сизни Намруд изтиробидан қутқариш учун берган буйруғингизни бажармаслиги мумкин. Сизни у даҳшатли оғриқ чангалида қолдириб, қочиб кетишлари мумкин. Ана ўшанда ниҳоят жоҳил ва нонкўр деб атаётган халқингизга мурожаат этажаксиз. Сиз бу азобдан қутулиш учун халқингизга ёлворажаксиз. Худди халқингиз сиздан қутилиш учун бугун Аллоҳга ёлворганидай.

Мен сизни яхши биламан, чунки мен ҳам сиз бугун чиқа олмай, чирпинаётган ўша ботқоқдан чиқдим. Ўлкамдаги сиёсий элита яшаётган ҳавони назарда тутаяпман. Эсингиздами, 1991 йилги президент сайловларидан сўнгра, мени хузурингизга даъват қилгандингиз ва айнан шуни дегандингиз: “Бу сайловлар туфайли тарихда колдингиз, Муҳаммад Солих, бунга хурсанд бўлишингиз керак”. Менга шундай дедингиз ўша пайтда. Сизга мен “Тарихда қолишлик учун сайловга мухтожлигим йўқ” дея жавоб бергандим. Бу билан адабиётчи сифатида ҳам ўзимга етарли обрў-эътиборим бор, демоқчи бўлдим, албатта.
У пайтларда ёш жиҳатдан сиздан ёшроқ, аммо обрўталаблик жиҳатдан сиздан кам эмас эдим. Масалан, мен шундай ўйлардим: “Нега мен, шундай яхши бир инсон, шундай тўғри сўз, ўз халқини севувчи ватанпарвар, соф ниятли бир идеал кишиси таъзиқ ва таъқиб остида азоб тортишим кераг-у, иккиюзли коммунист, Совет Иттифоқининг оташин ҳимоячиси, бир кунда Мустақиллик тарафдори бўлиб, халқимга бошчилик қилишга ноил бўлиш керак? деб ўйлардим.

Мен шундай деб ўйлардим ва мен шунақа кибрли эдим. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, мени бу исён ичида яна-да тубанроқ сирғалишимга изн бермади у. Ҳеч хаёлламасдан сизнинг қўлларингиз билан мени Ватанимдан бадарға килди. Дарҳол бадарға қилди. Бу мўъжиза эмасми, бу сургун мени қайси қоронғуликлардан олиб чиққанини тасаввур қила оласизми? Қандай бир қўрқинчли зулматлардан суғуриб олганини тасаввур кила оласизми, бу сургуннинг?

Йўқ, сиз тасаввур қила олмайсиз, чунки сиз ҳали ҳам ўша мени қабул қилган кабинетда ўтирибсиз. Ўша 1992 йилда каминага тарихда қолганлигим учун қувонишимни тавсия қилган кабинетда ўтирибсиз. Сиз ўша кабинетда ва ҳеч ўзгармадингиз. Агар ўзгарганингизда эди, у расмдаги изтиробни биз кўрмаган бўлардик. Агар ўзгарганингизда эди, сиз у кабинетдан истеъфо қилиб, яна ўша набирангиз билан ўтирган бўлардингиз, фақат у ҳолда расмингизда изтироб бўлмас эди. Кўряпманки, сиз бу саодатни қўлдан чиқардингиз. Ҳар ҳолда бугунгача сиз бу бахт қушини тута олганингиз йўқ.

Тушунинг, сизнинг устингиздан кулаётганим йўқ, дардингизга ҳамдард бўлмоқни истаяпман холос, чунки биламан сизга нақадар оғирлигини, нақадар қўрқинчлилигини бу дунёнинг. Инсоннинг атрофида тўла бўшлиқ бўлса ва бу бир даҳшатдир, инсонда илож йўқ бўлса, ўзидан бошқа ҳеч кимга ишонмаса инсон, бу даҳшатдир. Мен сизга дардкаш бўлмоқ истайман бугун, менга ўтказган зулмингизга қарамай ва мени оиламга, менинг яқинларимга, дўстларимга, ҳатто халқимга ўтказган зулмингизга қарамай, сизга дардкаш бўлмоқ истайман. Дардкашлик истайман, чунки сизни ўрнингизда ўзимни тасаввур кила оламан ва бу тасаввурдан даҳшатга туша оламан дардкашлик нима билмаган, ўзининг ҳамиша ҳақлигига инонган, такаббур одамларга доим юқоридан боққан, боқадиган бир зотни тасаввур қила оламан.

Юмшоқ кўнгилликни заифлик, инсонийликни эса давлат одамига ярашмайдиган зарарли одат сановчи, ўзининг реал политикачилиги билан фахрланадиган, Макиавеллининг гизли мухлиси бўлган бир тип. Ўзимни бу типнинг қолипида тасаввур этиш мени шундай даҳшатли қўрқинчга солса, бу типнинг ўзи бўлиб яшаш нақадар даҳшат эканини тасаввур қила оламан ва буни тасаввур қилиб, сизга ачинаман ва шу ачиниш туйғуси ила сизга ҳамдард бўламан.

Буларни ёзар экан, сизнинг бу ёзилганларни дарҳол тушинишингизга умид қилаётганим йўқ. Буларни сизга ёзиб, бошқаларнинг ўқишини истаяпман. Очиқ бир насихат услубида ёзаяпманки, буларни ўқиб, лоақал бир неча киши сизларга ўхшашликдан воз кечсин. Сизларга ўхшаб ўйлашдан, ишлашдан ва яшашдан воз кечсин. Сизга ва сизнинг одамларингизга ўхшашдан қўрқсин. Инсонларни тириклайин қайноқ сувда қайнатадиган одамларингизга ўхшашдан қўрқсинки, улар ҳамдардлик нималигини билсин. Кўз ўнгида оғриқдан тўлғанаётган инсон боласини кўрганда, қалбларида бу оғриқни ҳис этсинлар. Менга суиқасд қилиш учун юборилган кимсалар, бу сизнинг буюртмангиз эканини айтишганда, сизни одамлардан қўрқишингизни англадим. Бу бир хукмдор учун кечирарли ҳол эмас. Сизга ўз тажрибамни айтай: одам зотидан қўрқмаслик учун Аллоҳдан қўрқишни ўрганмоқ керак. Бу санъатга ўрганганингиз он сиз на мухолифатлардан, на оломондан ва ҳатто на халқингиздан қўрқажаксиз, халқ орасига чиқарган муҳофизлар лашкарига ҳам эҳтиёж бўлмаяжак у пайтда.

Жаноб Президент! Камина ўзига келган қуллардан биттасидир, камтарроқ қилиб айтсам, ўзига келиши лозимлигини англаган қуллардан, яъни нафс шарридан қутулишга уринаётган, бу мажбуриятдан сесканиб, ўзига келганлардан бири нафс шарридан қутилиш учун, унинг ҳақиқий юзини кўришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Уни кўрганларни даҳшатли қўрқув босадики, оёқ остида ер ёрилиб, бошингизга қоялар қулаётгандай ҳис этиладиган бир қўрқувдир. Ва айнан шундай қўрқувгина сизни ўзингизга келтириши мумкин. Ўшанда дунё кўзингизга бошқача кўринажак. Бугунги ашаддий душманларингиз дўстга айланажак ўшанда ва кўзларингиздаги бу даҳшатли изтироб буғланиб, хавога учажак ўшанда.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким, мен бу ердаман. Мен унга тинмай шукр киламан, сабабларим сонсиздир. Унга 1991 йил президентлик сайловларида сизга ютқаздиргани учун шукр киламан ва сизнинг воситангиз билан мени сургунда, ёт ерларда саргардон қилгани учун шукр киламан, яна сизнинг воситангиз ила менга фарзандларим, яқинларим билан бирликда бу изтиробни чектиргани учун шукр этаман, шу улуғ дарсни бергани учун шукр киламан Унга.

Бу дарс шундан иборат: Бу дунёда изтироб чекмаган одам на ўзини, на яқинини, на дўстларини, на-да халқини тушуниб англайди. Холбуки, халқ номидан майдонга чиққан сиёсатчи ҳар нарсадан аввал бу хилқатни, яъни халқни англамоғи вожибдирки, бу сиёсатчини бутун хизматкорлар тарк этганда, уни ўша Намруд азобидан, ўша даҳшатли пашшадан қутқарсин.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *