Муҳаммад Солиҳ:”Туркия – Каримовнинг қўрқинчли рўёси”

Муҳаммад Солиҳ

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳнинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов мамлакатида “ижтимоий вазиятнинг халқ фойдасига ўзгаришидан қўрқади”.

Бу ҳақда Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистонда турк ширкати ва халқаро мактабининг беркитилишига “Эрк” партияси раисининг Туркиядаги фаолияти боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволарга жавобан айтди.

(бу ерга босинг)

 Аввалроқ Тошкентда жойлашган Туркиянинг “Силм” ширкатига қарашли Улуғбек Халқаро Мактаби маъмурияти баёнот тарқатиб, Ўзбекистондаги “бюрократик тўсиқлар туфайли” ўз фаолиятини тўхтатганини эълон қилганди.

Ушбу мактаб Ўзбекистонда миллионлаб доллар сармоя киритган “Демир” ширкати муаммоларга юз тутиши ортидан беркитилди.

Ўзбекистон ҳукумат доираларида ўз манбаларига эга “Узметроном” веб саҳифаси турк ширкатлари дуч келган муаммолар ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳнинг Туркиядаги фаолияти билан боғлиқ эканини тахмин қилади.

“Узметроном”га кўра, мухолифатдаги “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳнинг ўзбек халқига мурожаати битилган ДВД дисклар ўтган йил охирида Ўзбекистон халқи орасида тарқалган.

Бироқ Муҳаммад Солиҳ “Узметроном” тарқатган хабарни “мутлақо асоссиз,” дея рад этди.

“Баъзи маълумотларга кўра, Ўзбекистонга ноқонуний қўллар билан келтирилган ва тарқатилган дисклар адади аллақачон 30 мингдан ошиб кетди. Бу дискларнинг Туркияда тайёрлангани тахмин қилинади,” деб хабар беради “Узметроном”.

Муҳаммад Солиҳ Туркияда “турист мақомида” эканини ва “Эрк” партияси фаолиятини мамлакат ичкарисида юритишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

Би-би-си Солиҳ жаноблари билан суҳбатлашди.