“Ўзбекистонимизни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз”

Муҳаммад Солиҳ: “Тиз чўккан жойимиздан оёққа қалқиб, азиз Ўзбекистонимизни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз”

Фарғона, 07.02.2011


Фотосуратлар – М. Солиҳнинг шахсий архивидан олинган

Мухолифатда бўлган ҳар қандай сиёсий куч нафақат расмийларни танқид қилиши, балки келажакни қандай кўриши борасидаги ўз қарашларини, ўз мамлакати сиёсий ва иқтисодий муаммоларини ҳал этилишининг ўз вариантларини таклиф этиши лозим. Афсуски, ҳозирги Ўзбекистонда мухолифат етакчилари маҳаллий оммавий ахборот воситалари, радио, телевидение орқали ватандошларига мурожаат қилиш имкониятидан маҳрумлар: республикада раҳбарият сўз эркинлиги борасида кўп маротаба тантанали равишда эълон қилишига қарамай, жуда қаттиқ сиёсий цензура амал қилмоқда, мухолифат фаоллари эса хорижий мамлакатларга чиқиб яшашга мажбур. Улар ўзларининг веб-сайтлари орқали ҳам мазмунли баёнотларни кам бераяптилар. Шунинг учун ҳам биз уларга Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг энг муҳим масалалари бўйича ўз позицияларини аниқлик киритишлари, уларга кўра, мамлакатда қандай қилиб яшаш, қандай ислоҳотларни ўтказиш ва қандай курс билан бориш кераклигини баён қила олишлари учун “Фарғона” ахборот агентлигининг мавжларини тақдим этишга қарор қилдик. Бугун биз “Эрк” партиясининг лидери Муҳаммад Солиҳ билан биринчи интервьюни тақдим этаяпмиз.

Муҳаммад Солиҳ: қисқача таржимаи ҳол

Муҳаммад Солиҳ (совет паспорти бўйича Мадаминов Салай) – ўзбек ёзувчиси, шоир, сиёсий арбоб, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг раҳбари. 1949 йил 20 декабрь куни Хоразм вилоятининг Урганч туманида туғилган. Армия хизматидан сўнг Тошкент университетининг журналистика факультетига кириб, 1975 йилда тамомлаган. 1977 йилда нашр этилган биринчи шеърий тўплами унга авангардист-шоир шуҳратини олиб берди, аммо кейинчалик уни “миллий анъаналардан йироқ, шеъриятда мағрибчи” деб атай бошладилар.

Компартияга аъзо бўлмаган. Унинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ичида адабий реформаторлик фаолияти билан боғлиқ сиёсий фаолияти 1980 йиллар ўртасида бошланган. 1984 йилда расмийларнинг миллий адабиёт, тил ва тарихга муносабатига қарши йўналган ўзининг илк сиёсий манифестини ёзди. “Қайта қуриш” бошланишида Солиҳ “Бирлик” ҳаракати асосчиларидан бири бўлиб қолди. 1989 йилда у “Эрк” партиясини тузди. 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Олий Советига депутат бўлди. 1990 йилда “Эрк” партияси ташаббуси билан Олий Совет Ўзбекистон Мустақиллиги декларациясини қабул қилган.

1991 йил декабрида Солиҳ давлат раҳбари сайловларида Ўзбекистон президенти И. Каримовга ягона рақиб бўлиб қолди. Ўшанда Солиҳ мағлубиятга учради, аммо шу вақтнинг ўзида ўзбек жамиятида унинг тарафдорлари оз эмаслигини намойиш этди. Кўпчилик кузатувчиларга кўра, айнан шу ҳолат мамлакатнинг амалдаги президентини “сиёсий гайкаларни қотириш”га ундади. Тўқсонинчи йиллар ўртасида Солиҳга қарши жиноят иши қўзғадилар, у Норвегияга муҳожиротга чиқиб кетди. Тошкентдаги 1999 йил февраль ойида содир бўлган сирли портлашлардан сўнг Ўзбекистон расмийлари Солиҳни ушбу терактларнинг ташкилотчиси этиб “тайинладилар”. Бугунги кунда Ўзбекистон қонунлари бўйича у жиноятчи. Тошкент уни қонуний ҳокимиятни ағдаришга урингани учун сиртдан ўн беш йил қамоқ жазосига ҳукм чиқарган.

2009 йилда М. Солиҳ ва бошқа сиёсатчиларнинг ташаббуси билан Ўзбекистон мухолифат кучларининг “13 май иттифоқи” коалициясига асос солинди. Унга “Эрк” партияси, “Андижон, Адолат ва Тикланиш” ҳамда “Таянч” ташкилотлари кирган.

М. Солиҳ икки марта уйланган, биринчи оиласида икки ўғил ва бир қизи, иккинчи оиласида бир ўғил ва бир қизи бор.

( Википедия материаллари бўйича).

Мозий ва ҳозирги давр

Фарғона: -Қачон ва қайси сабабларга кўра чет элга чиқиб кетдингиз? Ҳозирда қаерда яшяпсиз? Нима билан шуғулланасиз? Тирикчилик ниманинг ҳисобига ўтаяпти? Сиёсат билан шуғулланишга вақт топаяпсизми? Шуғулланётган эсангиз бу фаолият нимада уз ифодасини топаяпти?

Муҳаммад Солиҳ: — Мен Ўзбекистон Олий Кенгашининг депутати эдим, ЭРК партиясининг фракциясини бошқарар эдим. 1991 йил декабрда мухолифатдан номзод сифатида Президентлик сайловларида қатнашдим ва сайловчиларнинг умум сонининг 12.7 фоиз овозини олдим. Сайловдан сўнгра мухолифатга қарши босим ве репрессия кучайди ва мен бунга норозилик сифатида 2 июль 1992 йилда Олий Кенгаш депутатлигидан истеъфо этдим.

Декабрь ойига келиб мени «Миллий мажлис» тузганликда айбладилар, Ҳолбуки, бу ташкилотга ҳеч кандай алоқам йўк эди. Шунга қарамай, 1993 йил апрель ойида мени ҳибсга олишди ва ИИБ нинг машҳхур ертўласига ташладилар. Аммо кўп ўтмай, халқаро жамоатчиликнинг босими туфайли, ертўуладан чиқаришга мажбур бўлишди. Аммо менга шаҳардан чиқмаслик тўғрисида ҳужжатга қўл қўйдиришди.

Бир- неча кун ўтиб, дўстларим ва партиядаги сафдошларим келиб, мендан ўлкани вақтинча тарк этишимни илтимос қилдилар. Уларнинг ёнида милиция подполковниги Олимжон Шаропов бор эди. Унинг айтишича, Каримов ҳокимияти каминага қарши суиқасд уюштиришга қарор берганди.

Мен Тошкентдан кетишни ҳеч истамадим, аммо дўстлар яна қайтиб келишди ва мени шаҳардан вақтинча кетишга кўндирдилар.

Мен аввал Олматага, у ердан Бoкуга кетдим, у ерда Озарбойжон Президенти Абулфаз Элчибей билан учрашдим. Сўнгра Туркия Президенти Турғут Озал таклифи билан Туркияга кетдим. Шу тарзда менинг сургун ҳаётим бошланди.

Бугун Норвегияда истиқомат қилмоқдаман. Тез-тез Туркияга келиб тураман. Фарзандларим вояга етган, ишлашади, рафиқам ҳам ишлайди. Мен мақолалар, баъзан адабий матнлар ёзаман, таржималар қиламан, мажмуалар тузиб, нашр киламан. Яқинда 4 жилдлик «Пайғамбарлар Тарихи» китобини тузиб, ўзбек тилида нашр этдим.

Партиявий фаолиятимни ҳам давом эттирмоқдаман. Юрт ичида ғояларимизни ташвиқ қилишда давом этмакдаман.


Муҳаммад Солиҳ қизи ва рафиқаси билан. Франкфурт

Давлат қурилиши ҳақда ўйлар

— Сизнингча қайси давлат шакли Ўзбекистон учун энг уйғун – Президентликми ёки Парламент жумуриятими?

— Ҳозирги босқичда биз учун энг уйғун давлат системаси – Президентлик системасидир. Фақат битта шарт билан – бу системани назорат қилиш учун импичмент институтини кучайтириш шарти билан. Давлат бошлиғининг фаолияти импичмент воситасида назорат қилиниши лозим. Конституцияга яна бир модда илова килиш мумкин: халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи тўғрисидаги модда. 1776 йилда Американинг 13 штати кабул килган Мустакиллик Баённомасида бошка моддалар каторида «халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи» тўғрисидаги модда ҳам бор эди.

Бу икки механизм – импичмент ва «халқнинг зулмга қарши бош кўтариш ҳаққи» моддаси диктаура ишқибозларини тизгинлаш учун анча эффектив восита бўлган бўларди. Масалан, АҚШ Конституциясида импичмент ҳақида шу ифодалар бор: «АҚШда Президент, вице-президент ва бутун фуқоравий маъмурлар ватанга ҳиёнат, порахўрлик ва бошқа жиддий жиноятлар учун импичмент воситасида ўз вазифаларидан узоқлаштирилиши мумкин».

Ўтиш даврида демократик давлатларнинг бу тажрибасидан фойдаланиш тўғри бўларди. Албатта, бу моддаларни тўғридан кўчириш шарт эмас, уларни бизнинг шароитимизга адаптация қилиш мумкин.

— Нега айнан Президентлик системасини танлаяпсиз?

— Чунки бизнинг бошқарувда, идорада анархияга мойиллик ҳали ҳам кучли. Инсонлар буни тушунишади ва шунинг учун ҳам ҳеч ким ҳеч нарса учун масъул бўлмайдиган кўповозли, мажҳул Парламентни эмас, давлатнинг ҳар бир муайян ҳаракати учун масъулиятни зиммасига оладиган, реал сиёсий фигураларни кўришни истайдилар.

Ҳатто 90 йилга яқин Парламент жумҳурияти булган Туркияда хам Президентлик системасига ўтиш хакда бахслар давом этмокда. Бунга сабаб килиб, турк сиёстачилари парламент системасининг эффектив ишламаётаганини кўрсатишмокда.

— Мавжуд сиёсий системани қайси йўналишда ислоҳ қилиш керак? Буни амалга ошириш учун қанча вақт талаб қилинади? Сиз демократиянинг пайдо бўлиши учун 100- 200 йил керак деган гапга қўшиласизми? Ёки уни тезроқ, масалан, бир йил ичида қуриш мумкинми?

— Давлатнинг режими ижтимоий-ҳуқуқ ва халқоро ҳуқуқ нормаларига уйғун, янгидан шакллантирилажак. Давлат ҳокимияти ўзининг барча салоҳиятлари билан тўлалигича халқ эгалигида бўлмоғи лозим. Халк ўз ҳокимиятини парламент, ижро ҳокимияти ва маҳкама воситасида қўллаши лозим. Унинг биронта салоҳиятини ҳеч ким халқ иродасига зид равишда эгаллаб олишга ҳақли эмасдир.

Бу давлатда инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун бўлажак. Бошқарув системаси эгаманлик (суверен) ҳаққини халқимиздан олажак. Бу маънода, давлат қарорларида кўпчиликнинг (жамоа, шўро) бошқарув зеҳнияти асос олинажак.

Бу давлат ҳақсизлик кимдан келса келсин, кимга келса келсин, мазлумнинг тарафини олажак, золимга қарши бўлажак.

Ўзбекистон Жумҳурияти ҳокимиятларнинг (қонун чиқарувчи, ижро ҳокимияти, маҳкама) мустақиллиги тамойилига асосланажак. Халқнинг бевосита, ташкилотли ўлароқ бошқарув ишларига аралашувини таъминлайдиган режим ўрнатилажак.

Миллат ҳукмига эҳтиёж сезилганда, очиқ сайлов ёки референдумлар ўтказиш мумкин бўлади.

Биз ҳақиқий истиқрорнинг (стабиллик) фақат бошқарувдаги адолат билангина таъминланишига ишонамиз.

Бу контекстда, ижтимоий қатламларнинг адолатли тамсили (қатнашув) масаласи ниҳоятда муҳимдир. Қонун чиқарувчи ҳокимият, Ижро ҳокимияти ва Маҳкама фаолиятига фуқоравий ташкилотларнинг шерик бўлишлари учун аккредитацион система уйғуланажак.

Мақсадимиз кучли, ташкилотланган бир жамият қуришдир. Халқнинг турли соҳаларда ўз-ўзини бошқарувда қониқарли ҳолга келиши лозим. Халқнинг вақф, жамиятлар, байналминал жамоат ташкилотлари қуриш ташаббусларини қўллаб қувватлайимиз. Бу қурилишлар орасида диалог ва ишбирлигини ташвиқ этамиз. Бу шаклда давлатчилигимиз асослари нафақат давлат органлари тарафидан, балки жамоат ташкилотлари, фуқоравий институтларнинг шаффоф фаолияти воситаси билан ҳам иҳота этилади.

Биз бутун ижтимоий қатламлардан одил тамсилни таъмин этадиган сайлов ва сиёсий партиялар янги қонунини чиқарамиз. Бизнинг барпо этажагимиз давлатда қишлоқ, туман ва вилоят бошқарувларига максимум даражада мустақил мақом берилажак ва улар ҳар бир кичик масалада Марказга мурожаат қилмайдиган бўладилар.

Давлат идоралари минимум сансоларлик ва максимиум унумдорлик тамойили бўйича ишлаяжак. (Давлат идорасига мурожаат этилганида фуқаро паспорти асосий ҳужжат ҳисобланади, қўшимча ҳужжатлар тўплаш бўйича барча ишлар давлат органлари зиммасига юкланади. Ҳар бир амалиётнинг бажарилиш вақти аниқ кўрсатилади ва фуқароларнинг мурожаатларига ўз вақтида жавоб бермаган амалдорлар – нафақасиз ишдан ҳайдалишгача – жазоланади)

Маъмурлар етарли даражада бугунги олаётганидан 10 марта купрок маош, ишдан кетганда эса минумум яшаш стандартидан ошиқроқ нафақа билан таъмин этилажак.

Порахўрлик ва коррупция энг оғир жазо билан жазоланажак.

Суд ва Прократура халқ тарафидан сайланиб, мустақил бўлажак.

Ҳибсга олиш учун санкциялар мутлоқ шаклда маҳкама салоҳиятида бўлиши керак. Давлат ҳакамларнинг мустақиллигига кафил сифатида майдонга чиқади. Прокуратуранинг асосий вазифаси – қонунинг бажарилишини назорат қилиш бўлади.

Президент таклиф қилган ҳукуматни Парламент тасдиқлайди.

Ижро ҳокимияти Парламент олдида ҳисоб беражак.

Ҳукумат йилда икки марта Парламент олдида ҳисоб бериши лозим

Конституция ҳукмлари – қонун чиқарувчи ҳокимияти, ижро ҳокимияти ва маҳкама ҳокимиятини, идора мақомларини ва бошқа қурилиш ва кишиларни маъсул этгучи асос қоидалардир. Конституция устунлиги тортишиб бўлмайдиган бир эталондир. Ҳеч бир буйруқ ёки қарорнома қонунга, қонунлар эса Конституцияга қарши бўлолмайди.

Бизнинг давлатда мафкура кўпчиликнинг идеологик кўришига асосланади.

Ва ҳеч қайси идеология ҳукуматимизнинг мафкураси ёки мажбурий идеология ўлароқ белгиланмайди. Сиёсий кўптарафлилик ва кўппартиявийлик асос бўлажак.

Ҳеч кимга, оилага, табақа ёки синфга имтиёз берилмайди. Давлат фақат ногиронларга, болаларини тарбиялаётган ёлғиз аёлларга ва қарияларга ёрдам бериши керак.


Муҳаммад Солих — Тошкент давлат университетининг журналистика факултети талабаси, 1973 йил

Иқтисод

Иқтисодий ислоҳотларнинг қайсинисини энг муҳим ва долзарб деб биласиз? Хусусийлаштириш институтига муносабатингиз қандай? Ерни хусусийлаштиришга қандай қарайсиз? Нимани хусусийлаштириш ва нимани хусусийлаштирмаслик керак?

— Бизнинг фикримизча, иқтисод байналминал воқеликни ҳисобга олган ҳолда шаклланиб, молиявий ресурсларнинг эркин айлaниши ва хорижий сармоянинг тўсиқсиз ҳаракат этишини таминлаши керак.

Давлат стратегик аҳамиятга эга бўлган секторларни ҳамда коммуникация ва сув ресурсларини ўз тасарруфида тутади.

Иқтисодий, ижтимоий ва маданий юксалиш ва айниқса, саноатнинг ривожи, ўлка бойликларидан унумли фойдaланиш борасида бир ташкилот қуриш Ҳукуматимиз вазифасидир.

Миллий даромадни ошириш, исрофгарчилик ва порахўрликка чек қўйиш, ишлаб чиқаришни юксалтириш, нарх-навода барқaрорлик ва тўловларда мувозанатни сақлаш йўлида тадбирлар олинади.

Ҳукуматимиз пул, кредит, сармоя, мол ва маиший хизмат секторини тартибли ишлашини таъминловчи ва ривожлантирувчи тадбирлар олади, секторларда феълий ёки келишув орқали пайдо бўладиган яккаҳокимликнинг олдини олади.

Ташқи савдонинг ўлка иқтисоди манфаатига хизмат қилиши учун керакли тадбирлар олинади, импорт ва экспорт рағбатлантирилади. Айни шаклда илмий изланишлар қўллаб қувватланади, маиший хизмат соҳаси ва туризм борасида тадбир кўрилади.

Кичик ҳажмли саноат корхоналарини ва саноат кооперативчилигини ташвиқ киламиз.

Табиий бойликлар давлатимизнинг ҳукми ва тасарруфида бўлади, уларнинг излаб топилиши ва ишлатилиши давлатимзга оиддир. Бу соҳада маҳаллий сармоячилар, ташаббускорлар ва илмий марказлар ҳамда касб ва соҳа жамиятлари билан ҳамкорлик қилинади.

Ҳукуматимиз миллий иқтисодимиз манфаатларини назарда тутиб, аҳолини муҳофаза қилишга қаратилган кооперативчиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради, истеъмолчиларни ҳимоя қиладиган чора ва тадбирлар ишлаб чиқади.

Ўзбекистон ярим аграр ўлка. Зудлик билан тупроқ ислоҳоти ўтказилиши лозим. Ҳукуматимиз тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилиш, эррозияга юз тутишининг олдини олиш учун ери йўқ деҳқонга ер беради ва унга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини беради.

Ҳар бир киши ўзи танлаган соҳада иш шартномаси тузишга ҳақлидир. Янада кўпроқ қўшимча даромад олиш учун ҳамда инвестициялар ётқизиш учун чет элга чиқиб кетган юксак малакали тадбиркорларни ишга жалб этиш лозим. Юксак даромадли лойиҳаларга танловлар воситасида маҳаллий ишбилармонларини кенг миқёсда жалб этмоқ лозим. Аҳолининг кенг қатламларини эса биржа воситасида жалб этиш керак.

Давлат аҳолининг турмуш стандартларини яхшилаш учун тадбирлар олиши, меҳнат шароитини яхшилаши ва ишсизларни ишсизлик профилактикасидан ўтказиши лозим. Ҳеч ким ўз ёшига, жинсига ва жисмоний имконига мос келмайдиган иш жойларида ишламаслиги керак.

Меҳнаткашлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун иш берган кишининг ижозатисиз вақфлар, кооперативлар ташкил эта билишга ва уларга аъзо бўлишга, улардан чиқиб кетишга ҳақли бўлишлари керак.

Меҳнаткашларнинг ўз ҳақларини талаб қилиб, стачка ва иш ташлашга ҳаққи бўлиши керак.

Стратегик аҳамиятга эга бўлмаган барча иш объектларини хусусийлаштириш мумкин.

Ерни эса ҳозирги босқичда қисман хусусийлаштириш мумкин бўлади.

— Тожикистоннинг Роғун ГЭС, Қирғизистоннинг Қамбарота ГЭС каскадини қуришга бўлган режаларига муносабатингиз қандай? Ўзбекистон ҳукуматининг бу ташаббусларга қарши чиқиши сизнингча тўғрими? Бу муаммони қандай ҳал килиш мумкин? Умуман олганда, сув муаммоларини ечиш ҳакида нима дея оласиз?

— Тўғриси, ҳозирча бу масалани унга ечим таклиф этиш даражасида малакали ўргана олганим йўқ. Фақат бир нарсани айтиш мумкин: ҳар бир давлат ўз ҳудудида ўзининг энергетик эҳтиёжларини таъминлаш учун стратегик объектлар қуришга ҳаклидир, аммо бу тадбир байналминал хуқуққа зид келмаслиги, қўшни давлатларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олиши лозим.

— Ўлканинг иқтисодини қисқа вақт ичида кўтариб, аҳолининг турмуш даражасини юксалтириш мумкинми? Бунинг учун нима қилиш лозим? Сизнингча, бу қанча вақт олиши мумкин? СССР йиқилгандан сўнг, илк ойларда Каримов ярим йил сабр қилинг, жаннат яратиб бераман, деганди. Ўшанда вазиятни яхшилаш мумкинмиди?

— Мумкин эди. Бунинг учун ўлкада бир неча таъмал мавжуд эди:

1. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида майдонга чиқар экан, унинг ихтиёрида энг ривожланган инфраструктура ва бошқа жумҳуриятларга нисбатан мустаҳкам бир иқтисодий базага эга эди. Демак, Ўзбекистон бошқа жумҳуриятларга нисбатан янги бозор иқтисодига кўпроқ тайёр эди. Бу эса иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни оғриқсиз ўтказиш учун энг муҳим омиллардан эди.

2. Ислоҳотлар ўтказиш учун жамиятимизда шаклланган ижтимоий психология ҳам мусоид эди. Инсонлар қўлга киритилган мустақилликдан сархуш эдилар, улар бу илҳом пардаси орқали келажакка жуда ҳам некбин боқардилар, бу келажак учун керак бўлса, камарларини қаттиқроқ тортиб, ислоҳотлар туғдирадиган иқтисодий қийинчиликларга чидашга тайёр эдилар.

3. Яна бир муҳим омил – аҳолининг қонунга ҳурмат туйғуси эди. Бу баъзилар талқин қилганидек мутеълик эмас, балки «Шариат кесган бармоғ оғримас» тушунчасида бўлган халқимизнинг асрлар давомида олган тарбия маҳсули – қонунга итоат туйғуси эди. Яъни, қонун буюрган нарса қанчалик оғир бўлмасин, унинг бажарилиши шартлиги тушунчаси ҳоким эди халқимизнинг зеҳнида. Бу омил ислоҳотлар даврида беқиёс аҳамиятга эгадир.

Афсуски, бу имтиёз ва имконлар қўлланмади ва бизнинг халқимиз бугун ўз йулбошчиси ва хукуматининг басиратсиз сиёсати меваларини тановул қилмоқда. Каримов ушбу учунчи факторни ўзининг мустабид ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун қўллади, холос.

Аммо буларга қарамасдан, халқ қашшоқликнинг энг тубига тушганига қарамай, завод ва фабрикаларнинг ярмидан кўпи иш миқёсининг ярмини ҳам адо этмаётганига қарамай, иш ахтарган 4 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик чет элда саргардон юрганига қарамай, ҳали ҳам ўлкани қутқариш мумкин. Бу мамлакатни Каримов ҳаробасидан чиқариш мумкин. Чунки, биз юқорида санаб ўтган имтиёз ва имконлардан фақат биттасинигина йўқотдик: мустақиллик берган сархушликни. Жуда яхши. Энди биз маст эмасмиз, ҳаётга реал назар билан боқамиз. Синган жойимизда қувватлироқ бўламиз. Букилган тиззаларимиздан оёққа қалқиб, азиз Ўзбекистонимизни ҳаробалардан гулистонга олиб чиқамиз.

Ислом Каримов 20 йиллик иқтидор марофонидан бироз чарчади, аммо ҳали ҳам унинг Ўзбекистонни бу бўҳрондан қутқариш нияти кўринмaяпти. У буни истамайди, чунки унинг учун бўҳрон Ўзбекистонни бу боши берк кўчадан олиб чиқишдан кўра хавфзсизрок. Чунки Ўзбекистоннинг бўҳрондан қутилиши – Каримовнинг терроридан, унинг истибдодидан қутилиш демакдир. Адолатсизликдан, порахўрликдан, қонунсизликдан – Каримовнинг ғайримашруъ (нолегитим) режимини оёқда тутиб турган нарсалардан қутилиш демакдир. Шу боисдан, Каримов бўҳрондан эмас, вақти-вақти билан маҳаллий раҳбарлардан, вазирлардан, бош вазирлардан қутилиш тадбири билан машғул бўлмокда. У би шларни кўзбўямачилик мақсадида, шу билан гуёки порахўрликка, ўғирликка қарши курашиб, миллий лидер ниқобини янгилаб туради.

Сўз эркинлиги

— Сўз эркинлиги Мутлақ бўлиши мумкинми? Ёки уни бирор чорчўпга солиб, давлат манфаатларини, жамият ахлоқини кўзлаган ҳолда чеклаш керакми? Сиз таъқиқланган мавзулар тарафдоримисиз? Масалан, Туркияда каби Отатуркка ҳақорат ёки армани қатлиомини гапиришнинг манъ қилиниши ёки мусулмон давлатлардаги каби Муҳаммад алайҳиссаломнинг шахси хақида гапириш таъқиқи кабиларга қандай қарайсиз? Ўзбекистонда шундай таъқиқлар бўлиши керакми? Ёки журналистларга, умуман фуқорларга қўйилажак таъқиқларга қандай муносабатдасиз?


Муҳаммад Солиҳ ва Девин Дэвис — сурат олинган пайтда аспирант, бугун эса Индиана университети профессори, 1983 йил

— Сўз эркинлиги бизнинг давлатимиз учун ҳаётий аҳамият ташимоғи керак. Ҳар бир киши истаган ахборотни эркин тарқатиш, эркин гапириш ва тинч митинглар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Айни пайтда, ҳеч ким бировни муайян бир ғояни мажбурлаб айттиришга мажбур қила олмаслиги керак, айтмаса уни бунинг учун айблашга хаққи бўлмаслиги керак. Давлат ҳар бир кишига унинг диний, мафкуравий, фалсафий қарашларини эркин ифода этмак ҳуқуқини бериши керак. Мактабларда динлар тарихи ўқитилиши лозим.

Бизнинг давлатда табу, таъқиқлар бўладими? Бўлади.

Масалан, қонуний кўрилган, машруъ (легитим) давлатни куч билан ағдариб ташлашга чақириқлар, давлат ҳудудларининг парчаланишига даъватлар, давлат хавфсизлигига таҳдид, ижтимоий ва миллий низоларга ташвиқ таъқиқланади.

Давлат халқнинг ахлоқий меҳробларининг топталиши ва ахлоқсизлик ташвиқотига қарши чиқади ва бу мавзуларда маҳкамаларда тараф бўлади.

Давлат кишиларга, ташкилотларга, гуруҳларга ва юридик шахсларга жамиятнинг диний ва миллий қадриятларини ҳақорат қилишга йўл қўймайди.

 Миллий сиёсат

— Ўрта Осиёнинг барча собиқ совет давлатлари бугунги кунда этнократиянинг “ҳамма тенг, аммо титул миллати бошқаларга қараганда тенгроқ” тамойилига асосан шаклланаяпти. Шунақа бўлиши керакми? Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бориши керакми ёки у барча учун тенг ҳуқуқли мамлакат бўлиб қолиши керакми? Этник озчилик (тожиклар, қозоқлар, руслар, қирғизлар, туркманлар) Ўзбекистонда мутлақ ва тўла тенг ҳуқуқли бўлишга ҳуқуқлари борми? Моноэтник бўлмаган (Ўрта Осиёдаги бошқа республикалари сингари) мамлакатда идеал миллатлараро муносабатларни қандай тасаввур қиласиз?

— Биз ўзбеклар ватанимиз ҳудудида истиқомат қилиб келган қозоқларни, қирғизларни, туркманларни, тожикларни диаспора деб ҳисобламаймиз. Улар бизнинг оға-иниларимиз, Ўзбекистон улар учун ҳам ватан. Чунки улар ўзбеклар каби бизнинг заминимизда азалдан яшаб келадилар. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда яшайдиган ўзбеклар ҳам бу мамлакатларда диаспора саналмайди. Чунки ўзбеклар у ерда азалдан яшаб келадилар. Туркистонни сунъий равишда парчалаш бўйича сталинча сиёсат учун халқларимиз жавобгар бўлиши мумкин эмас. Диаспора – бизнинг халқлар учун ҳақоратли сўз. Ким бу сўзни ёнида яшаётган биродарига нисбатан қўлласа, аждодлар тарихини унутган жоҳиллар қаторига кириб қолади.

— Ўзбекистон хориждаги ўзбеклар ва қорақалпоқларнинг (метрополия халқлари) миллий ҳуқулари ва манфаатларини, хусусан, Туркманистонда, Тожикистонда, Қозоғистонда, Афғонистонда, Қирғизистонда, Россияда ва бошқа мамлакатларда ўзбеклар жам бўлиб яшайдиган жойларда уларнинг тил бўйича ҳуқуқларини муҳофаза қилишлари керакми? Ҳукуматнинг ушбу йўналишдаги фаолиятни қандай баҳолайсиз? Сизнингча, қандай ҳаракат қилиш ва қандай муайян тадбирларни амалга ошириш лозим (Қирғизистонни истисно этиб турамиз, бу ҳақда кейинроқ гап юритилади)?

— Энг аввало, қўшни давлатлардаги қондошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бир-биримизга баҳона яратмаслик энг мақбул иш бўларди. МДҲ мамлакатлари бу масала бўйича умумий стратегия, концепт қабул қилиши ҳамда шу концепт бўйича иш плани ишлаб чиқиши ва МДҲнинг ҳар бир саммитида тегишли ҳисоботларни қабул қилиши зарур бўлади.

Билишимча, Ўзбекистонда миллий озчилик орасида тил бўйича муаммолар йўқ. Мисол учун, Ўзбекистоннинг русий забон фуқаролари жами аҳолининг 8 фоизини, тожиклар – 4,7 фоизни ташкил этадилар ва ўз тилларида ўқитадиган мактабларга эгалар. Агар бу масалада қандайдир муаммолар бўладиган бўлса, Ўзбекистон расмийлари уларни ҳал этишга мажбур.

— Агар қўшни мамлакатларнинг расмийлари “ҳаммаси яхши, аммо аввал сизлар бизнинг тожиклар, туркманлар, қозоқлар, қирғизларга нисбатан шу нарсаларни жорий қилингларчи” десалар, унда нима бўлади? (кўпчилик қирғизлар ўзбекларга қарши қирғинларини оқлаш учун Ўзбекистон ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқлари камситилаяпти, шунинг учун ўзбеклар Қирғизистонда ҳақ-ҳуқуқ талаб қилишга ҳақлари йўқ деган баҳоналарни кўтариб чиққандилар). Сиз қандай ҳисоблайсиз, Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бу халқларнинг ҳуқуқлари риоя қилинаяптими? Агар йўқ бўлса, нима қилиш керак? Келгусида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган ҳар қандай эътирозларнинг олдини олиш учун қирғизлар ғуж бўлиб яшаётган жойларда ва ҳатто бутун мамлакат бўйлаб қирғиз тилига расмий мақом бериш керакми? Ёки уларни тезроқ ассимиляция қилишга уриниш керакми?

— Бу ёлғон, Ўзбекистон ҳудудида қирғизларнинг ҳуқуқлари камситилмаган. Агар шундай бўлганида, биз биринчи бўлиб бундай дискриминацияга қарши чиққан бўлардик. Ўзбеклар нафақат ўз миллатдошларига нисбатан, балки бошқа миллат вакилларига ҳам толерантлигини ғурур ила қайд этиш жоиз. Ўзбекистон давлат структураларида ҳатто ҳозирги диктатура шароитида ҳам жуда кўп ўзга миллат вакиллари ишлаяптилар. Ҳолбуки, биродар республикаларимизнинг давлат муассасаларида бирорта ўзбекни топа олмайсиз.

Ўш хунрезлиги давомида баъзилар ўзбеклар Фарғона водийсида яшаётган қирғизларга нисбатан қирғин бошлайди, дея хавотирландилар. Аммо бахтимизга, Ўзбекистонда қирғиз миллати вакилларига қарши бирорта тажовуз содир бўлгани йўқ. Бу расмийлар қирғизларни ўзбеклардан ҳимоя қилганлари учун эмас, балки халқимизга ҳос бағрикенглик туфайли шундай бўлди. Ўзбекистонда кўкларга кўтариладиган “титул миллат” бўлмайди, балки Ўзбекистон Республикаси паспортини кўтариб юрувчи фуқаролар миллати бўлади. Одамлар келиб чиқиши ёки миллатига қараб эмас, балки инсонийлик қадр-қимматига, уларнинг жамиятга тегадиган нафига қараб қадрланадилар. Ўзбекистонда ассимилияция сиёсати йўқ, бундан кейин ҳам бўлмайди деб умид қиламан.

— Бу масалани узил-кесил ҳал қилиш ҳамда ҳеч ким тил ва маданий камситиш борасида шикоят қила олмаслиги учун республикадаги барча этник гуруҳларининг (тожик, рус, қозоқ, корейс, қирғиз) тилларига давлат ёки расмийлик мақомини бериш зарурати тўғрисидаги фикрга қўшиласизми? Шу нарсани қўшнилардан ҳам талаб қилса бўладими? Бу ишлар Ўрта Осиёдаги собиқ шўро республикаларини бирлаштиришга қаратилган реал қадам бўла оладими?

— У ёки бу кўп миллатли мамлакатларда яшайдиган барча этник гуруҳларнинг тилларига давлат тили мақомини беришнинг иложи йўқ. Бу нарса техник жиҳатдан имкониятсиз. Аммо бизнинг Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тили ҳам давлат тили ҳисобланади. Бунда ҳеч қандай фожиа йўқ. Қорақалпоғистонда икки тилда ёки фақат ўзларининг тилларида сўзлашиш мумкин. Ҳеч ким тил танлагани важидан таъна-маъломатга қолиб кетмайди. Ани пайтда баъзи қорақалпоқлар Ўзбекистондан суверен давлат сифатида ажраб чиқиш ёки Қозоғистон билан бирлашиш ғояларини илгари сурмоқдалар. Аммо ҳеч ким бунинг учун Қирғизистон жанубидагидек бундай одамларни ўлдираётгани ёки уйларига ўт қўяётгани йўқ.

Қирғизистондаги воқеалар ва шундан келиб чиқадиган савол

— Қирғизистон жанубидаги содир бўлган воқеалар давомида ва ундан кейинги ойларда президент Каримовнинг ҳаракатларига қандай баҳо берасиз? Агар баҳо жуда яхши бўлмаса, унда сизнингча, Каримов қандай ишларни амалга ошириши лозим эди? Ҳозир нима қилиш керак? Қирғизистон билан муносабатларни қандай қилиб барпо этиш керак?

— Ўзбекистон қўшни давлатга босимнинг дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий характердаги воситаларидан фойдаланиб, Мирзақматов (Ўш шаҳар ҳокими – таҳр. изоҳи) ва бошқаларнинг жиноий тўдалари тарафидан тинч аҳолининг қирғин қилинишига ҳалақит бериши мумкин эди. Аммо Ислом Каримов “қўшни давлатнинг ички ишига аралашмаслик” тўғрисидаги қўрқоқларча баёноти билан чекланди. Агар Қирғизистон жанубида минглаб бегуноҳ одамлар ўлдирилган бўлса, ҳозирги кунда ҳам бу вилоятдаги аҳолига нисбатан бошбошдоқликлар давом этаётган бўлса, бунда Ўзбекистон расмийларининг ҳам ва биринчи навбатда унинг раҳбари Ислом Каримовнинг ҳам жуда катта айби бор. Каримов ўзининг баёноти билан бандитларга қуролсиз аёлларни ва болаларни ўлдиришга ижозат, жиноятчиларга эса жазодан омонлик берди. Бунга миннатдорчлигини изҳор этмоқчи бўлган Мирзақматов Каримовни ўзининг устози ва Марказий Осиёнинг буюк сиёсатчиси деб эълон қилди.

Шахсан мен Каримовга умид боғламайман. У ҳар замонда ҳам Қирғизистон билан муносабатларини топталган ва таҳқирланган халқ манфаатларидан эмас, балки ўз шахсий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда барпо этиб келган ва барпо этмоқда. Мен фақат қирғиз биродарларимизга мурожаат эта оламан, холос. 1990 йилда Ўзгандаги қонли фожиалар авжига чиққан пайтда маданият намояндалари ва халқ ҳаракати вакиллари билан учрашиб маслаҳатлашгани Тошкентга махсус рейс билан Чингиз Айтматов етиб келганди. Ўшанда биз у билан Тошкент аэропортида учрашиб қирқ дақиқа давомида суҳбатлашдик. Айтматов Ўзгандаги биродаркушликдан ларзага тушган бўлиб, миллатидан қатъий назар қотилларга лаънат тошларини ёғдирарди. У ўз ватанининг чинакам жонкуяри, нафақат қирғиз халқининг, балки бутун Туркистон элининг ўғлони эди.

Биз у билан фахрланардик, уни ўз оғамиздек суяр эдик. Ўшанда, 1990 йил ёзида у биздан қонли хунрезликни тўхтатишга ёрдам беришимизни, Қирғизистон чегарасида тўпланган ҳамда Қирғизистон жанубига ёпирилиб кирай деб турган норози одамлар оқимини тўхтатишимизни сўраганди. Шундан кейин Айтматов Ўшга учиб кетди. Албатта биз халқларимиз ўртасидаги тинчликни тиклаш учун қўлимиздан келган бор ишларни қилдик.


Муҳаммад Солиҳ митингда нутқ сўзлаяпти, 1989 йил

Ўшандан бери йигирма йил ўтди. Чингиз оғамизнинг бахтига у Ўш ва Жалолободдаги хунрезликни кўрмади. Бизнинг бахтимизга қарши, қотилларга қарши ўзининг қатъий сўзларини айта оладиган Чингизлар қолмади.

Нега Ўш ва Жалолободга келиб кетган Қирғизистон президенти ва бош вазири энг кўп жабрланган ўзбек жамоатчилиги билан учрашмади? Нега сиёсатчилардан ҳеч ким республика жанубидаги ўзбекларга қарши ҳуқуқий бошбошдоқликларни тўхтатишга уринмаяпти?

Қирғиз ватанпарварлари Қодиржон Ботировни сепаратизмда айблаган бир кезда, Қирғизистон ҳудудининг бир қисми Ўш шаҳар ҳокими бошчилигида автономияга эга бўлиб бўлди: у марказий ҳокимиятни очиқдан-очиқ писанд қилмай қўйган. Ёки бу томошани марказ ва шаҳар ҳокими биргаликда уюштирганми?

Яхшики, инсонийлигини йўқотмаган ҳуқуқ ҳимоячилар бор экан. Улардан бири – Чўлпон Жақупова. “Фарғона” ахборот агентлигига интервьюда у шундай деганди: “Агар дискриминация авваллари яширин характерга эга бўлиб, маиший савияда ўтказилган бўлса, ҳозир камситишлар кўпроқ ошкора кўринишга эга. Хусусан, давлат бошқаруви идораларида ишлаётган миллий озчилик вакиллари сиқиб чиқарилмоқда”.

Яъни, биз умид қилган вазиятнинг барқарорлашувигача анча бор.

Мен қирғиз биродарларимизга қуйидагиларни айтиб мурожаат этмоқчиман: қотиллар сизга қондошлиги туфайли уларни ҳимоя қилманг. Бир нарсани амалга оширишдан олдин маҳаллий аҳолини рози қилинг. Фашистларнинг услубини қўллаб маҳаллий лидерларни йўқ қилишга уринманг. Давлат ақлли бўлса, аҳоли орасида обрў қозонган кишиларни ўзига душман қилмайди. Балки улардан фойдаланади.

Жануб аҳолиси сизни қўлламаса на тинчликка, на тотувликка ва на барқарорликка эришасиз. Одамлар сиз билан яшашини исташлари учун уларга яшашга имкон беринг. Улар сиздан ажраб чиқишларини истамасангиз, уларни ўзингиздан итарманг.

— Давлат ҳудудининг титул миллатига мансуб бўлмаган бир қисми, агар уларнинг вакиллари очиқдан-очиқ камситилаётган ва мамлакатдан сиқиб чиқарилаётган бўлса, агар уларнинг миллий ҳуқуқлари бузилса, этник кўпчилик эса миллий озчиликни йўқ қилишга уринса, уларнинг ажраб чиқиш ҳуқуқи борасида нима дейиз?

— Агар давлат маълум бир миллий гуруҳга нисбатан дискриминация сиёсатини олиб бораётган бўлса, агар унинг этник кўпчилик билан тенглик асосида яшаш ҳуқуқини бузса, этник гуруҳ ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга бўлиши керак, ҳатто мустабид давлатдан ажралиб чиқишгача.

Бошқа мамлакатлар билан муносабатлар

— Сизнингча, қайси мамлакатда ижтимоий тузум идеалга яқинроқ? Ўзбекистонни қайси давлатга ўхшашини истардингиз?

— Албатта, идеал давлатни топиш қийин. Ҳатто Афлотун ҳам идеал давлатнинг тимсолини тасвирлаб беришга қийналган. Аммо адолатли давлат ҳақида орзу қилса бўлади, чунки давлатнинг асоси энг аввало адолатга, ундан кейин эса ҳуқуққа таянмоғи лозим. Қонунлар ҳам ушбу икки тамойиллар асосида яратилмоғи шарт. Мен Ўзбекистонни ҳудди шундай – адолатли ва ҳуқуққа асосланган давлат сифатида кўришни истардим.

— Ўзбекистон қайси мамлакатлар гуруҳи билан яқинлашмоғи лозим: Ғарб, Туркия, Исломий мамлакатлар ёки собиқ СССР республикалари биланми? Постсовет майдонидаги КХШТ, ЕврОсИҲ, Божхона иттифоқи каби турли интеграциявий лойиҳаларга муносабатингиз қандай? Ўрта Осиё доирасидаги интеграция лойиҳаларигачи? Бу бирлашмалар Ўзбекистонга керакми ўзи ёки у шу бугунги кунда йўлга қўйилган жўнгина, ҳамма билан икки томонлама муносабатларни ўрнатиш кифоя қиладими? Бу йўналишда қандай ишларни амалга ошириш лозим?

— Биз Осиё ва Европанинг барча мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишимиз лозим. Биз халқаро ҳуқуқ ва халқаро шартномаларга мувофиқ фаолият юритадиган мамлакат бўлиб қолишимиз керак. Мамлакат ривожланишидаги ориентациямиз на Россия тараф ва на ғарб мамлакатлари тараф бўлиши, балки ҳуқуқий давлатчиликни кўзда тутувчи демократик бўлиши лозим. Кучли қўшнига югурдак эмас, унга ўртоқ бўлиш лозим.

Ушбу контекстда биз Евросиё интеграциясига тарафдормиз, у [интеграция] ўзига Марказий Осиё мамлакатларини, Озарбайжон, Туркия ва Россияни қамраб олиши керак. Интеграция процессини икки босқичга бўлиш мумкин: биринчисида Марказий Осиё мамлакатларининг (Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) интеграциясини амалга оширса бўлади. Унинг ниҳоясида интеграциянинг иккинчи босқичига киришиш мумкин, бу босқич ўзига Россия, Озарбайжон ва Туркияни қамраб олар эди.

Буюк давлатлар бунга бор кучи билан қаршилик кўрсатишлари турган гап, аммо халқларимиз бунга ирода қилсалар, иншааллоҳи, зафар қозонилажак ва харитада барқарорликнинг Турон-Славян камари – тинчлик ва барака камари пайдо бўлажак. Миллионлаб одамлар ўзларини мутлақ хавфсизликда ҳис этажак ва Адриатикадан Хитой деворигача, Термиздан Владивостоккача эркин ҳаракатлана олажаклар.

— Сизнингча, “улуғ оға” – Россия билан муносабатларни қандай барпо этиш лозим? Рус ва умуман олганда, ўзбекча бўлмаган маданий меросни мақсадли равишда йўқотиш, Россиянинг барча ташаббусларини саботаж қилиш, бу ишлар тўғрими?

— Афсуски, Россия Марказий Осиёдаги диктаторлик режимларини қўллашда давом этаяпти. Гап бизнинг минтақа ҳақида борганида, ҳатто россияллик демократлар ҳам диктатурага тарафдор бўлиб қоладилар ва ўз позицияларини “объектив ижтимоий-тарихий сабаблар” билан дастаклайдилар. Шунга қарамай, Марказий Осиё сиёсатчиларининг коммунист бўлмаган янги авлоди ҳар соатда фикри ўзгарувчан диктаторлардан фарқли ўлароқ, чин юракдан Россия билан ҳамкорлик қилишни истайдилар. Биз мустақил, демократик давлат қуришни истаймиз ва бизга кўпроқ дўстлар керак. Россияни биз ишонса бўладиган дўст сифатида кўришни истаймиз.


Муҳаммад Солиҳ Чехословакияда. 1968 йил 27 август

Россия Америка Қўшма Штатларининг бир қутбли гегемониясига қарши баланс яратишга интилиб, Хитой билан яқиндан геосиёсий алоқа ўрнатишга уринмоқда. Хитой эса ўзининг ғарбий қисмида, биз туркларнинг шарқида ўз ҳудудларини кенгайтиришни мақсад қилиб олган. Россия ҳозирча бизга шарқдан таҳдид солажак муҳтамал гипотетик экспансиядан ҳеч қандай кафолат бера олмаяпти. Хитойдан хавотирларимиз бизни Европа иттифоқи ва Америка Қўшма Штатлари билан иттифоқчиликка ундаяпти. Кўринишидан, яқин келажакда Россия ҳам ўша таҳдид доирасига киради, балки кириб ҳам бўлгандир. Фуқаровий экспансияку аллақачон бошланиб бўлди – Узоқ Шарқда нолегал “чайна-таунлар” бунга яққол мисол бўла олади.

Буюк давлатлар Марказий Осиёда ўз таъсирларини мустаҳкамлаб олиш учун ўзаро рақобат қилаяптилар. Албатта биз ушбу вазиятда бизнинг мустақил демократик давлат сифатида ривожланишимизга амалий ёрдам кўрсата оладиган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қиламиз. Давлатимизни мустаҳкамлашдан манфаатдорлар билан дўст тутинамиз.

Россия ақл билан иш тутса, ўзига тарафкаш кучларга эмас, балки демократик кучларга ёрдам беради. Фақат “халққа тарафкаш” кучларгина аҳолининг кўмагига ва барқарор ҳокимиятга таяниши мумкин. Демак, фақат улар мустақил ва кучли ташқи сиёсат олиб боришлари мумкин.

Яқин ўтмишдаги тарих изларини йўқотишга уринишлар борасида гапирганда, мен буни шу йўл билан иснодини яширса бўлади деган ўй билан ўтказилаётган зотипаст сиёсат деб атаган бўлардим. Ҳа, зотипаст бугун миллатчи бўлиб қолди. У сўнгги кунгача Горбачёвнинг товонини ялаган, кейин бўлса ГКЧПнинг қалтираган қўлларини ўпган. Энди бўлса, уларнинг ҳаммасини “совет оккупантлари” деб атаяпти.

Ўзбек халқи сўқир эмас, у бу муғомбирона томошани кўриб турибди.

Ўзбеклар ўтмиши қандай бўлишидан қатъий назар, ундан воз кечишлари керак эмас. Россия XIX асрнинг иккинчи ярмида Туркистонни забт этди, биз учун рус халқи билан биргаликда яшаш кaби тарихий синов бошланди. Яратганнинг иродаси шундай бўлган. Туркистон халқини кучлироқ, уюшганроқ ва пассионар этнос (пассионар – ташқи муҳитга эътибор бермаган ҳолда янгиланиш ва ривожланишга интилган – таҳр.) тенг бўлмаган курашда мағлуб этди. Биз тарихий мағлубиятдан уялмаслигимиз керак, бизни бу мағлубиятга олиб келган иллатларимиздан уялишимиз керак.

Хон ва бекларимизнинг бузуқ фитрати, муллаларимизнинг ҳийлаи-шаръий ишлатиш одатлари, заифларга нисбатан тошбағирлигимиз, мазлумларга xиёнатимиз боис руслар Оллоҳнинг интиқоми бўлиб келдилар. Руслар бизга катта сабоқ бердилар. Кўринишидан, диктаторларимиз буни ҳалигача англаб етмади. Акс ҳолда, улар русларга тегишли бўлган барча нарсаларни шиддат ила ўчириш учун ташланмас эдилар

Бизнинг тарих қандай бўлишидан қатъий назар, бутун излари билан бизнинг тарихимиз бўлиб қолиши керак. Шу жумладан, рус изи билан ҳaм.

— Минтақадаги барқарорликка таҳдид солувчи ва наркотикларни тўхтовсиз етказиб берувчи Афғонистонга нисбатан қандай чора кўриш лозим? Ўртада баланд девор кўтариш керакми?

— Жуда долзарб масала. Бу ерда ҳеч қандай девор ёрдам бермайди. Чунки терроризм ва наркотрафик минтақадаги диктаторлик режимлари учун маблағларнинг жуда муҳим манбалари бўлиб қолди. Муаммога аниқ ташҳис қўйиш лозим: наркотрафикни ОАВ таъкидлаганидек наркобаронлар эмас, давлатлар назорат қиладилар. Наркобаронлар – бор-йўғи югурдак. Бирорта контейнер, бирорта марихуана тўлдирилган қоп расмийлар рухсатисиз ҳаракатлана олмайди.

Собиқ милиционерлардан бири менга Ўзбекистондан тонналаб наркотикларни пахта тойлари орасида аввалига Болтиқбўйи республикаларига, у ёқдан эса Европага юборганлари ҳақида сўзлаб берганди. Унинг гувоҳлик беришича, трафикни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Афғонистон Ислом Республикаси раҳбарларига бевосита алоқадор афғонлар билан ҳамкорликда бошқарган.

Токи, бу мамлакатлар раҳбарлари наркотиклардан келадиган миллиард-миллиард долларлик даромаддан воз кечиб маданиятли давлатлар позициясини эгалламас эканлар, наркотрафикни тугатиб бўлмайди. Бунинг учун раҳбарларнинг ҳозирги авлодини гуманизм ва юксак ахлоқ ғояларида тарбияланган раҳбарларнинг янги генерацияси билан алмаштириш зарур. Аммо ҳозир бундайлар сиёсий саҳнада кўринмаяптилар.


Муҳаммад Солиҳ, 1985 йил

Хориждаги Ўзбекистон фуқаролари

— Кўпчилик Ўзбекистон фуқаролари Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларда ишлаётганлари ҳамда уларнинг сони тобора ўсиб бораётгани боис “Ўзбекистон хориждаги фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керакми?” деган савол айниқса долзарб бўлиб қолмоқда. Расмийларнинг бу йўналишдаги фаолиятини қандай баҳолайсиз? Бу жабҳада нима ишлар қилиш керак деб ўйлайсиз?

— Биринчидан, МДҲ раҳбарлари миграция масаласида ягона фикрга келишлари керак. Шундан кейин МДҲнинг барча аъзолари миграция процессини тартибга солувчи қонун лойиҳасини муҳокама этишлари лозим. Агар у МДҲ давлатлари парламентлари томонидан тасдиқланса, муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади. Барча мигрантларда бир хил шароит бўлади ва ҳеч ким шикоят қилмайди.

— “Чиқиш визаларига” муносабатингиз қандай? Улар керакми?

— Чиқиш визалари – феодалларча тафаккур маҳсули, инсонларнинг эркинлиги олдида қўрқув маҳсули бўлиб, бу инсоний қадр-қимматни камситиш демакдир. Янги ҳокимиятнинг биринчи куниёқ ушбу шармандали “визалар” бекор қилинишига ишонаман.

— Қўш фуқароликка муносабатингиз қандай?

— Инсон истаган мамлакатида яшаши ва унинг фуқаролигини олиш ҳуқуқига эга бўлиш керак.

Диний сиёсат

— Дин эркинлигига муносабатингиз қандай: керакми шу нарса? Агар керак бўлса, қай даражада? Қандайдир диний гуруҳларнинг фаолияти ёки дин эркинлиги чекланиши ёки ҳамма учун – ваҳҳобийлар, ҳизбутчилар, иеговачилар, кришнаитларга ўз ғояларини даъват қилишларига тенг ҳуқуқ бериш керакми? Динларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаш мумкинми ўзи?

— Диний эркинлик биз учун тараққийпарвар инсоният томонидан декларация қилинган бошқа эркинликлар каби муҳим. Қонун барча конфессия ва диний оқимларнинг тенг ҳуқуқлигини таъминлаши, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаши керак. Диний гуруҳларга ўз ғояларини, агар улар ғайридинларга қарши урушни, террор ва зўравонликни тарғиб қилмаса, уларга даъват қилишларига ижозат бериш керак.

— Ўзбекистонда исломий экстремизм мавжуд деб ҳисобласизми? Агар мавжуд бўлса, унга қарши қандай қилиб курашиш керак? Экстремистларни кўнглини овлаш йўли биланми ёки таъқиб ва босим йўли биланми? Кўпинча шундай фикр билдирадилар: бошқа йўл йўқ – уларни йўқ қилмасанг, улар сени йўқ қиладилар. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?

— Экстремизм ҳамма жойда, шу жумладан, мусулмонлар ва Ислом номидан чиқаётганлар орасида ҳам бор. Аслида, мусулмонлар шариат бўйича экстремизмни қўлламасликлари ва экстремистик акцияларда иштирок этмасликлари керак. Бу ерда масала терминологияда. Ислом Каримов учун номоз ўқийдиган, масжидга қатнайдиган ёки Қуръонни қироат қиладиган ва болаларини ўргатадиган ҳар бир соқолли одам эктремист саналади. Ўзбекистон турмаларида ўтирган мусулмонларнинг 99 фоизи айнан шунақа “экстремистлар”дир.

Ўзбекистонда диний гуруҳлар фаоллари пайдо бўлган вақтдан бошлаб мен уларни мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий елпозасига (спектрига) киритиш, босқичма-босқич демократик жараёнга интеграция қилиш таклифи билан чиққанман. Ўзбекистондаги илк исломий партия етакчиси Абдулла Ўтаевни бир неча бор ўзим билан конференцияларга олиб бордим ва биз омма олдида бирга нутқ сўзладик. Ҳаммаси меъёрида эди, ҳеч қандай таҳдидлар сезилмади. Аммо диктаторлар диндан ва диндорлардан қўрқадилар. Ислом фундаментализми ҳақида ҳатто эшитмаган чин мусулмон, юмшоқ кўнгилли инсон Абдулла Ўтаев диктаторнинг биринчи қурбони бўлди.

Агар турмалар ва ўлим лагерлари расмийларга экстремизмдан қутилишга ёрдам берганида, Ўзбекистондаги йигирма йил давомида ўтазилган интенсив репрессиялар натижасида бирорта ҳам экстремист қолмаган бўларди. Биз эса бунинг аксини кузатаяпмиз: радикал кайфиятдаги диндорлар сони борган сари ўсиб бораяпти. Уларнинг сони репрессияларга пропорционал равишда кўтарилаяпти. Демак, давлат террори сиёсатидан воз кечиш ва диний гуруҳлар билан диалог йўлларини излаш, уларга Конституция кафолатланган эркин ибодат қилиш ҳуқуқини қайтариш керак экан. Ўшанда кўрамиз, мамлакатда барқарорликни ўрнатиш учун қайси услуб афзаллигини.


Норозилик митинги, 1992 йил

— Ҳам сўзи билан ҳам қилаётган иши билан Конституцияни бекор қилишга ҳамда диний теократия ўрнатишга уринаётганлар билан нима қилиш керак? Қамаш керакми ёки улар ўйлаганларини амалга ошириш қудратигга эга бўлгунларича қўйиб бериш керакми?

— Бизнинг идеал – этник ва конфессионал фарқдан қатъий назар жамиятда тотувлик. Бу каби миллий келишувни ўрнатиш мамлакатда узоқ муддатли чинакам истиқрорни англатади. Давлат ушбу келишувга футур етказишга ҳар қандай уринишларнинг олдини олиши зарур. Аммо ушбу келишувга таҳдид солмайдиган, зўравонлик ва террорга, урушга, миллиатлараро низоларга чақирмайдиган тинч ташвиқот давлат томонидан жазоланмаслиги лозим.

Демократия хавфлими?

— Таҳдидлар қаторига демократияни қўйса бўладими? Мисол учун, аҳолининг аксарият қисми унчалик ўқимишли эмас, шу муносабат билан халқ миллатчи ва экстремистик шиорлардан фойдаланганларга овоз бериши мумкин. Яъни, инсон ҳуқуқлари ва Конституция деган тушунчадан йироқ кишиларнинг тинч йўл билан иқтидорга келишига имконият пайдо бўлади (эҳтимол бу бирданига эмас, бир неча босқичда амалга ошади, аммо натижа ўша-ўша бўлади). Унда нима қилиш керак? Бунга йўл қўйиб бериш керакми ёки бундай гуруҳ ёки оқимлар кучайиб кетмасдан туриб уларга бор куч билан қарши туриш керакми?

— Кўпчилик Гитлернинг 1930-чи йилларда демократия йўли билан иқтидорга келишини қоидадан кўра кўпроқ истисно деб ҳисоблаб келганлар ва шу фикрда қолаяптилар. Шунингдек, демократия бошқарувнинг энг идеал шакли эмас, балки инсоният томонидан синалган бошқарув услубларининг энг чидаса бўладигани деган фикрлар ҳам бор. Шу билан бирга, ақлли одамлар ҳеч қачон демократияни илойҳийлаштирмаганлар, бунга тарихдан мисоллар етарли.

Исломий фундаменталистлар демократия йўли билан ҳокимиятни қўлга киритишлари мумкинми? Агар кўпчилик уларга овоз берадиган бўлса, албатта мумкин. Ушбу кўпчилик уларга овоз берадими? Агар Ўзбекистонда демократик сайловлар ўтадиган бўлса, бундай бўлиши эҳтимоли мавжуд. Аммо бу нарса Ўзбекистонга демократия келган тақдирда амалга ошиши мумкин. Яъни, агар кўпчилик диктатураси бир киши диктатурасининг ўрнига келса. Аммо бу ҳақда хавотирланишга ҳали эрта.

— Ислом Каримовнинг 20 йил давом этган ҳукмдорлигидан қандай ижобий ва салбий сабоқлар олиш мумкин?

— Юқорида мен СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистонга Марказий Осиёдаги бошқа республикаларга қараганда ривожланганроқ инфраструктура ва энг кучли иқтисодий база мерос бўлиб теккани ҳақида эслаб ўтгандим. Ислом Каримовнинг биринчи тарихий хатоси – у ушбу воқеликдан фойдалана олмади.

Агар у бир қадам четга чиқишга ботина олганида, Ўзбекистондаги иқтисодий ва сиёсий вазият бугунги кунда эҳтимол анча яхшироқ кўринишга эга бўлган бўлармиди. Аммо Каримов ўзидаги қўрқувни енга олмади: у ўз халқига сиёсий ва иқтисодий эркинликлар беришдан қўрқди, чунки шу билан у ҳокимиятдан ҳам сиёсий ҳам моддий эркин бўлган одамларнинг пайдо бўлишига шароит яратиб берган бўларди. Президент Каримовнинг бу қўрқуви иқтисоддаги инқироз билан бирга йилдан-йилга чуқурлашиб бормоқда. Ижтимоий-сиёсий барқарорлик кучишлатар структуралар томонидан оммага тўхтатамай ўтказилаётган босими ва репрессиялар тўлқини ёрдамида ушлаб турилибди. Пировардида, Ўзбекистон турмуш тарзи бўйича дунёда сўнгги ўринлардан бирини эгалламоқда, аҳоли билан давлат ўртасидаги адоват эса критик нуқтасига етиб борди.

Каримовнинг иккинчи ҳалокатли хатоси – у тинч мухолифат ва мўътадил мусулмонларга қарши ўзининг давлат террори сиёсати билан жамиятнинг радикаллашувига замин тайёрлади. Натижада, Ўзбекистонда бугун ҳеч ким вазиятни тинч, демократик йўл билан – сайловлар ёрдамида ўзгартириш мумкинлигига ишонмай қўйди. Ҳокимият масаласини куч билан ҳал қилиш тарафдорларининг сони ўсиб бораяпти. Бунақа одамларни нафақат аҳолининг мухолифат кайфиятидаги қисми орасида, балки барча савиядаги давлат идоралари, шу жумладан, кучишлатар тузилмаларида ҳам учратиш мумкин.

Бу хатолар – сиёсатчилар учун яхши сабоқ: мамлакатни Каримов бошқаргандек бошқармаслик керак.


Муҳаммад Солиҳ, Франкфурт, 1995 йил

— Ўзбекистонга таҳдид солаётган хатарлар ҳақида айтиб берсангиз. Уларни олдини олиш ёки зарарини иложи борича камайтиш учун нима қилиш керак?

— Диктаторлар давлат бошида турган мамлакатларни фуқаролик урушининг таҳдиди, диктаторларнинг ўзини эса жаллод қўлидан қатл таҳдиди таъқиб этади. Ўзбекистонни бу борада истисно этиб бўлмайди. (Баъзи демократик давлатлар ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистондаги сиёсий режимни диктатура дейишдан ўзларини тиядилар. Аммо бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштиради, холос).

Ижтимойи портлаш хавфи йигирма йилдан бери мавжуд бўлиб келган ва йил сайин кучаймоқда. Мамлакатда полиция кучларининг узлуксиз ўсиб бораётгани, Миллий хавфсилик тармоғининг бир неча баробарига кенгаяётгани сўзларимни тасдиқлайди.

Ижтимоий портлаш (фуқаролик уруши) хавфининг олдини олиш учун режимни ислоҳот қилиш керак. Ёки бундан-да аниқроқ ибора мавжуд: режимни алмаштириш керак.