ОЙДИНЛИК КУНИГА ЯҚИНЛАШАРКАН

Мусулмон дунёсидаги сўнгги воқеалар умидларни орттирмоқда. Ислом оламининг чеҳраси нуронийлашиб, қатъий чизгилар мулойимлашмоқда, нигоҳи шаффолашмоқда.

Ўртага чиқаётган “инқилоблар” — гарчи уларда қон излари кўринса-да, аччиқ изтиробларни ўзи билан олиб келган бўлса-да — улар тазкиянинг, покланишнинг аломатларидир. Бу оламшумул ўзгаришларнинг сабаблари ва воситалари турли-тумандир. Булар баъзан мусулмонларнинг ўзлари учун кутилмаган ва ҳатто уларга душманлик ташиган бўлиши ҳам мумкин. Бундай чигал вазиятда биз, иншоаллоҳ, содир бўлаётган жараёнларнинг мохиятини кўздан қочирмаслигимиз керак.

Моҳият фақат геополитик, мафкуравий ёки иқтисодий манфаатларда яширин эмас. Зоҳиран бу манфаатлар ҳақиқатнинг ҳаракат нуқтаси бўлиб кўринса-да, унинг заминида башарга оид бўлмаган яна-да чуқур, яна-да узоқни кўзлаган бир дастур мавжуддир.

Диққат қилинг, Ислом қобиғига ўранган золимлар бирин-кетин асфаласофилинга йўл олмоқдалар. Улардан ҳар бирининг ўз халқларига ва умумият-ла умматга ўн йиллар давомида қилган жиноятларини оқлаш учун дунёвий рўкачлар ва диний “баҳоналари” бор. Бу золимлар Ғарб империалистларини ва қора кучларни давлат тўнтаришларида ва “инқилоб” оловларини ёқишда айблайдилар. Лекин улар бу кучларни ким ва нима учун уларга қарши мусаллот этгани ҳақда бир лаҳза бўлса ҳам ўйлаб кўрмайдилар.

Улар ўн йиллар давомида ўз халқларига қаҳр зиндонларида зулум этдилар, аммо ўзлари бир соатга бўлса-да мазлум бўлишга тоқат қила олмаяптилар. Улар ўз душманларидан тумтарақай бўлиб қоча бошлагач, Аллоҳни эсга олмоқдалар. Ҳолбуки улар ҳокими мутлақ эканлар, Парвадигори оламни тамоман унутган эдилар.

Уларнинг фожеавий шаклда тахтларидан қулашлари, қилган жиноятларига теппа-тенгдир. Кибрларида нақадар юксакка тирманган бўлсалар, қулашлари хам шу қадар тубан, шу қадар чилпарчиндир. Бу золимлардан ҳеч бири ўзларига нисбатан адолатсизлик булди, деёлмайдилар, чунки уларнинг бошларига келганлар, мозийдаги қиролликларининг зидди ўлароқ, адолатнинг айнан ЎЗИДИР.

“Араб баҳори”, деб аталаётган жараёнлар аввало ахлоқ ва маънавият нуқтаи назаридан Ислом уммати учун ўта муҳим аҳамият касб этмоқдадир. Албатта, бу оламшумул ўзгаришларни бу тарзда баҳолаш дунё сиёсатини бошқараётган макиавеллистлар тарафидан «реал сиёсат»дан йироқ, дея қабул қилинмаслиги аниқ. Лекин бу ҳақиқатнинг аҳамиятини озайтирмайди. Биз бу дарсни кутилмаганда имтиҳонга тобе тутилган талаба мисоли жиддий ўрганишга мажбурмиз.

Бу аввало ҳали тахтидан ағдарилмаган, аммо мутлақо тахтидан ағдариладиганлар учун имтиҳондир. Шу билан бирга бу қўзғолонга отланмаган, аммо отланишни сабрсизлик билан кутаётган мазлумлар учун ҳам бир имтиҳондир.

Аммо мазлумлар золимларнинг ўрнини эгаллаш учунгина қўзғолонга отланадиган бўлсалар, у ҳолда ҳеч ким бу имтиҳондан ўта олмайди, албатта.

Узоқ йиллар давомида аксилинсоний тузумлар томонидан бошқарилиб келаётган Марказий Осиё давлатларида шундай таҳлика мавжуд.

Ҳар кимга ва ҳамма нарсага қарши нафрат — мазумларнинг энг хавфли жиҳатларидир.

Бунинг устига йигирма йиллик «мустақиллик» йилларида ҳалол ва ҳаромни танимайдиган янги авлод ўртага чиқиб улгурди.

Бу авлод ўз қаҳрамонлари сифатида мафия лидерлари, қароқчи ва порахўрларни  танлашган.

Бундай вазиятда биз учун жамиятда зеҳнларни ислоҳ қилиш, сиёсий ёки иқтисодий ислоҳотлардан оз аҳамиятга эга эмасдир.

Қандай амалга ошишидан қатъий назар, бутун бу тўсиқларга қарамай,  Марказий Осиё ўзининг ойдинлик кунига яқинлашиб бормоқда. Бу яқинлашув биз истагандан секинроқ амалга ошаётган бўлса-да, у бир ҳақиқатдир.

Бу кун яқинлашган сайин масъулият ва, ҳатто айтиш мумкинки, қайғу-ташвиш ҳислари ҳам ортиб бормоқда

Чунки биз Адолат учун қилинадиган ҳар қандай курашнинг Адолат билан якунланмаслигини тажрибамизда кўрдик.

Инқилобларнинг ҳаммаси ҳам Ойдинликка олиб келавермайди.

Эркинлик ҳирсининг нурлари иймони заиф кишиларнинг кўзларини қамаштириб, кўр қилиши мумкин ва улар ўзларининг бу муҳташам кўрлиги билан ҳавоий «миллий манфаатлар» йўлида ўз биродарларини қатлиом қилишлари ҳам мумкин.

Воқеаларнинг бу шаклдаги ривожи бизнинг ҳудудларда асло янгилик эмасдир. Бизнинг яралармизнинг қони ҳали тўхтагани йўқ. Бу яралар қўшни Қирғизистонда ўртага чиққан «чегарасиз эркинлик» нурининг яраларидир.

Марказий Осий тоғутлари ўзлари қурол билан қўлга киритган осойишталик билан фахрланадилар. Лекин бу осойишнинг замирида бир бўрон вояга етмоқда. Бу бўрон кўтарилган кун биз  жараёнларнинг ҳақиқатини зинхор кўздан қочирмаслигимиз керак, Ҳақ йўлнинг арқонини қўлдан чиқармаслигимиз лозим. Бу арқон — Адолат арқонидир.

СССР қулаганда биз унинг харобалари ўрнига янги давлатлар қурамиз, дея севинган эдик. Бу катта хато эди. Кўп ўтмасдан, харобада давлат у ёқда турсин, ҳеч бир нарсани қуриб бўлмаслигига гувоҳ бўлдик.

Тоталитар тузумнинг бошқарув усулларидан воз кечган жумҳуриятлар давлатчиликнинг янги босқичига кечдилар ва ўтиш даврининг муаммоларини нисбатан қулай ҳал қилдилар.

Лекин мусулмон давлатлари деб аталадиган давлатлар ақида ва тафаккур жиҳатидан умуман Исломга алоқаси бўлмаган инсонлар бошқарувида қолиб кетди. Шунингдек, бу кишилар ғарб демократиясига ҳам бегона эдилар. Улар 1991 йилда «Беловежская пуща» минтақасида ниҳоясини топган “Совет ирқи” (homo soveticus)га оид тоифадан эдилар.

Мен «бизнинг халқларимиз аслдир, бу тоғутлар бошқарувига лойиқ эмас», деган мулоҳазаларга қўшилмайман. Агар биз уларга лойиқ бўлмаганимизда, уларнинг бизнинг бошимизда ўтира олмас эдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаламнинг ҳадисларида “Сизлар ўзларингиз лойиқ бўлган раҳбарлар тарафидан бошқариласизлар”, дейилади. (Дайламий, Ибн Ҳожар Асқолоний)

Аммо бу ҳолат асло «тақдир шу экан», деб қўл қовуштириб ўтиришни билдирмайди. Чунки Қуръони Каримда “Бир жамиятнинг шахслари ўзларини ўзгартирмагунча, Аллоҳ бу жамиятни ўзгартирмайди”, дея марҳамат қилингандир (Раъд сураси 11)

Биз ҳаракат қилишимиз керак ва ҳаракат қилаяпмиз. Биз амалга оширишимиз керак бўлган бутун иш шундан иборатдир.

Чунки Қуръони Каримнинг 15 сурасининг бешинчи оятида “Ҳеч бир қавм ўзининг ажалидан ўзиб кетолмайди ва уни кечиктира олмайди ҳам”, дейилади.

Тоғутларнинг фожеаси шундаки, улар бундай ўйламайдилар.

Улар ўз ажалларини кечиктириш учун миллиардларча пул тўплайдилар. Саддам ҳам, Муборак ҳам, Қаддофий ҳам шу йўлга бош урдилар. Давлат ҳаётининг ички ва ташқи аломатлари Парвардигор ваъда қилган Кун яқинлашаётганидан хабар бераётган бўлса-да, Ўзбекистон диктатори ҳам шу йўлдан бормоқда.

Бу тоғутлар бошидан тожи олинган дўстларини  кўриб, “унинг ўзи лапашанг, мен унга ўхшаб душманим билан ади-бади айтиб ўтирмайман, ажалимнинг олдини оламан”, дея ўйлайди. У албатта  “мана, Андижонни осонгина қонга ботирдим-ку, ғарб ҳам, шарқ ҳам мушугимни пишт дегани йўқ-ку», деган хаёлга ҳам боради. Боз устига, «супердавлатлар», мазлум халқ қўзғолон кўтармасин, дея унга меҳрибонлик билан ёрдам қўлини узатиб туришади.

Бундай мунофиқона сиёсат бугун тарихда кўрилмаган даражада анъанага айлангандир. Бу сиёсатни ғарблик макиавеллистлар «ҳаётий сиёсат» (realpolitik), дея атайдилар.

Бундай вазиятда мусулмон давлатлар ўзларининг мазлум биродарларини дунёнинг барча ҳудудларида қўллаб-қувватлашлари керак бўлади. Бундай ҳамкорлик эркинлик ва адолатнинг тикланиши учун зарурийдир.

Мусулмонларда иккиюзлилик — жуфт мезонлилик  бўлмаслиги керак.

Зотан, Пайғамғаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам бизга ягона мезон — Қуръон мезонини васият қилганлар.

Унда ёлғон ва иккиюзлиликка ўрин йўқдир.

Мусулмонлар «Қуръон фақатгина бир китобдир, ҳаёт эса бошқа нарсадир», деган сафсатадан воз кечишлари керак. Чунки бу сафсата уларни Шарқ мунофиқлари ва Ғарб макиавеллистларга яқинлаштиради холос.

Токи биз Қуръони Каримни ўзимиз учун ҳаёт эмас, оддий китоб сифатида кўрар эканмиз, бизлар мазлум бўлганимиз ҳолда ҳам золим ва ғаддор мақомида қолаверамиз. Ойдинлик куни келгунга қадар ўзимизни ислоҳ қилиш учун ушбу ҳақиқатни тушуниб етишни Аллоҳ таоло бизларга насиб қилсин.

Муҳаммад Солиҳ

Один комментарий к записи «ОЙДИНЛИК КУНИГА ЯҚИНЛАШАРКАН»

  1. Пингбэк: ОЙДИНЛИК КУНИГА ЯҚИНЛАШАРКАН

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *