Кичик ишоратлар

Даҳшатли бир тезлик, қўрқинчли бир шитоб бор Замонда.

Унинг тезлигини кузатиш учун энг яхши майдон — инсонлар шамойилидир: кечагина сенга дўст бир киши бугун душманларинг қаторида — дўстдан душманга айланиш жараёни шу қадар тез!

Йўқотишлар ҳам яшин тезлигида: иффат, ҳаё, садоқат, адолат, виждон — кеча бор эди, бугун йўқ!

Кўзлар, қалблар худди ўғри тушган уйлар каби бўм-бўш!

Бугун душмандан қўрқмайман, бугун дўстдан қўрқаман.

Душман зарбасига қарши тадбирим бор, дустникининг йўқ: чунки бу зарб қайсинисидан келишини билмайман.

Эйвоҳ, бу ҳалокатли ҳолатга кўникмакдаман!

Энди хиёнат қилсалар, хайрон бўлмайман. Туҳмат этсалар, кўзимга қараб туриб, ёлғон сўйласалар, ҳаёсизлик ва виждонсизлик қилсалар, омонатга хиёнат этсалар — буларга хайрон бўлмайдиган бўлдим.

Хайрон бўладиган нарсаларим энди бошқа. Энди мен ҳали ҳам яккам-дуккам учраб қоладиган баъзи инсонларни кўрсам хайрон бўламан.

Масалан, бирданига ўз сўзини тутган бир кимсани кўрсам!

Ёки бири-иккинчисига садоқат кўрсатган кишилар хайратимни ақл бовар қилмас даражада оширади!

Тузингизни еб, тузлигингизга тупурмаган биттасини кўриб, хайратга тушмайсизми?

Имкони бўлса ҳам, елкангизга ҳанжар урмаган биттаси наҳотки сизни хайратга солмаса?!

Нима десангиз денг, мен динини суистеъмол қилмаган бир мулла, сўзини Оллоҳ учун айтган бир шоир, сиёсатини халқи учун қилган бир арбоб, ғийбат-ла биродарларининг гўштини емаётган бир жамоатни дафъатан кўриб қолсам, хайратга тушаман.

Ҳатто ўзимдан ҳам хайратга туша бошладим.

Шу ғаройиб хайратланиш туйғуси вафот этган бир онда, тўғри сўз масхара мавзусига айланган бир даврда, ҳали ҳам хайратланишда давом этганимдан, ҳали ҳам масхара мавзусига айланган сўзни айтишга уринганлигимдан хайратга тушаман.

Ё Роббим, қулингни сироти мустақимингдан айирма, бу тезлашган охир замонингда!

Муҳаммад Солиҳ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *