Ойначининг кўппаклари

[youtube http://www.youtube.com/watch?v=HMuGxCtaabE]
Бир турк латифаси билан бошламоқчиман сўзимни. Кунлардан бир куни, бир қишлоқ оқсоқоли одамларни тўплаб, уларга «ҳар бир уй эгаси биттадан кўппак тайёрлаб турсин, товуқ ва қўйларимизни олиб кетаётган бўрига, айни пайтда ҳужум қиламиз», дея амр қилибди. Бўри қишлоққа инган заҳоти, ҳужум бошланибди ва бўри бу кутилмаган ҳамжиҳатликдан довдираб, тепага қараб қоча бошлабди. Тепанинг устига чиқиб, пастда итлар подасига қараб «Майли, анависи қуйчивон Маҳматнинг ити, унинг бир қўзисини олгандим, анависи эса новвой Мустафонинг ити, ундан битта нонини олиб қочгандим, аммо энг олдинги сафда чанг-тўзон ичида чопаётган кўппак ойначи Жуманинг ити-ку, унинг эгасига мендан бирор ёмонлик тегмаган-ку, нега бу ит энг олдинги сафда, чанг-тўзон ичида елаяпти, ажабо?» деган экан.

Яқинда қамоқдан чиққан Юсуф Жуманинг мақоласини интернетда ўқиб, хайрон бўлган бир ошнамиз менга телефон қилиб: «Бу одам билан орангизда гап ўтганми, нега сизга хужум қиляпти?», деб сўради. Мен унга ойначининг ити ҳақидаги латифани айтиб бердим. “Менга ҳужум қилишлари учун, менинг уларга ёмонлик қилишим шарт эмас”, дедим.

Биз инсонмиз, бўридан фарқимиз, итларнинг бу «ҳамжиҳатлиги»ни  таъминлаган бир қишлоқ «оқсоқоли» борлигини биз биламиз.

Мен Ю.Жуманинг мухолифат сафларига низо солиш ташаббусини МХХнинг топшириғи билан қилаяпти,  дея олмайман. Унинг ва унга ўхшаганларнинг «оқсоқоли» Каримов ҳам демайман, аксинча, Каримовни ҳам юритиб турган  бир «раҳбар» бор уларда — у Одам алайҳиссаломни йўлдан урган, Аллоҳу таоло тарафидан лаънатланган бир махлуқ. Фасод аҳлини жунбушга солиб, атрофга низо уруғларини сочтираётган ўша махлуқдир.

Ўтган йили ёзувчи Одил Ёқубов «мурид»ларидан ғ.Хотамовнинг «хотиралари»даги менга қарши хуружларга жавобимда, бу кимсанинг аслида Ўзбекистон режими маддоҳи экани ва уни юргизиб турган куч эса, уларнинг руҳига шайтон тарафидан уфланган «пасткашлик комплекси» эканини баҳолиқудрат таҳлил этишга ҳаракат қилгандим.

Бугун бу «шайтоний комплекс»га чалинган касаллар суръат билан урчиб бораётганини кўряпмиз.

Мени “Ватан хоини” деб атаётганлардан энг каттаси Ислом Абдуғаниевич Каримовдир.   Тошкентда юз берган 1999 йил портлашларидан кейин, Каримов менинг ватан хоинлигим ҳақида халқ орасида мажлислар ўтказгани ҳаммага маълум. ҳатто, собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг айтишича, жазо колонияларида менинг суратимни осиб, тагига катта харфлар билан «Ватан хоини» деб ёзиб, бутун маҳбусларга бу расмга туфлаш буюрилган.

Каримовдан кичиклари, унга жўр бўлаётганлардан биттаси кимлиги ҳаммага маълум А.Пўлатов ва энди Ю. Жума бўлибди. Бу сўнггисидан «Солиҳнинг ватан хоинлигини  Америкага келиб, Пўлатовдан эшитдингми, нега 22 йил жим туриб энди гапиряпсан?» деб сўраса, жавоб беролмайди.

Майли,бу ишга бироз ойдинлик киритайлик: «Ойначи»ларнинг айтишича, менинг биринчи ватан хоинлигим «Бирлик»дан кетганим  экан. Бу ҳақда «Йулнома» китобининг (2000 йил нашри) 168-178 саҳифаларида тафсилотли ёздим. Кетишимга сабаблардан биттасининг Пўлатов ва ҳаракат ичига сизган бир гуруҳ КГБ ходимларининг «Бирлик»ни бир провокаторлар шайкасига айлантиргани бўлганлигини, фактлар билан кўрсатишга ҳаракат қилдим. Аммо энг муҳим сабаб, 1989 йилнинг охирига келиб, Мустақиллик ғоясини бош ғоя сифатида олга суриш замони келгани эди. Бу ғояни олға суриш учун бир сиёсий партия керак эди ва бу партия “Эрк” партияси бўлди. Ўзбекистон тарихида илк дафъа унинг «Мустақиллик Декларцияси»ни қабул қилган партия ҳам шу ташкилот бўлди.

Бу менинг илк «ватан хоинлигим» эди.

«Ойначилар» иддаосига кўра, менинг иккинчи хоинлигимни 1991 йил октябрь сессиясида Каримовни ағдариш режасини тузган гуруҳнинг режасини бузиб, Каримовни ағдарилишдан сақлаб қолганликда экан.

Хўп, буни хам бироз таҳлил қилайлик. (Гарчанд, бу хусусда яна уша «Йўлнома» китобининг (2000 йил нашри) 249-253 саҳифаларида ёзганман).

Бу сессияда Каримовни ағдариш режасини тузганлар Каримов ағдарилгандан кейин кўриладиган мансабларни ўзаро тақсимлаб олишган. Мирсаидов президент, фалончи бош вазир, пистончи ўринбосар ва ҳоказо. Ва бу режани мендан яширишган. Балки Солиҳ энг катта лавозимни талаб қилади, деб қўрқишган. ҳар сессияда Каримовга қарши гапирганимда, менга қарши чапак чалиб, ер тепадиган лаганбардор депутатлар ўша октябрь сессиясида бирданига Каримовга қарши гапира бошлаганида, хайратга тушдим. Аввал севиндим, менинг ёлғиз эмаслигимга, аммо сўнгра бир ғалатилик ҳис этдим. Бу ғирт иккиюзламачиларнинг бир думалаб диктатура душманларига айланиши мумкин эмасди. Уларнинг нутқларидан самимиятсизлик уфуриб турарди. Мен минбарга чиқиб, ўша самимиятсизлик ҳақида гапирдим, холос.

Агар Каримовга қарши овоз тўпланаётганини билсайдим, албатта номсамимият ҳақда гапирмасдим ва албатта Каримовга қарши овозга қўшилардим, чунки унга энг қаршилардан биттаси мен эдим.

Аммо ҳеч нарсадан хабарсиз мен носамимият ҳақда гапирдим. Сўнгра аввалдан тайёрланган Каримовга қарши нутқимни ўқидим. Танаффусда менинг носамимият ҳақдаги бир жумла гапим тўнтариш режасини бузганлигини айтишди. Гўё Каримовни мен қутқарибман. Аммо бирор бир қутқарилган жонзод бўлса, уни фақат Яратганнинг қутқаришини билдирилганлар билади. Ва Оллоҳ ҳар кимни унинг ниятига яраша мукофотлайди.

Аммо тўнтариш режасини тузганлар бундай зеҳният соҳиби эмасдилар.

Оллоҳга ҳамд айтиб, шуни айтмоқчиман: У каминага мазлум миллатимизнинг даъвоси билан майдонга чиқишга куч берганида, бугун акиллаётган «ойначи кўппакларнинг» бирортаси майдонда йўқ эди. Уларга  тепадан рухсат берилганда, қаҳрамон бўлганлардан биттаси КПССни тору-ёри билан тараннум қилиб юрган бўлса, иккинчиси институтга партком бўлиш ишқида деб раҳбари устидан Москвага донос ёзиш билан машғул эди.

Оллоҳга шуклар бўлсинки, бугун ҳам худди 25 йил аввалги каби мен диктаторлар учун, уларнинг чанг-тўзон ичида чопаётган итлари учун «ватан хоиниман»:

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб, сени атаса,
жазавага тушса, исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки, зулмга “Зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *