ВАЪДА ҚИЛИНГАН МАШРУЪИЯТ (ҚОНУНИЙЛИК)

[youtube http://www.youtube.com/watch?v=_oxPBB6eGmA]
Ўзбекистондаги сиёсий тузум интизорлик билан ўз қулашини кутмоқда. Бу инқирозга мутлақо “Араб баҳори”нинг инқилоблар силсиласи туртки бўлиши шарт эмас. Бу тузум баҳорни кутмасдан, кузда ҳам, ҳатто қишда ҳам бемалол йиқилиши мумкин. Чунки бу тузум жуда қартайди, уни боқиш кун сайин қийинлашмоқда. Бу ҳолат Қуръони Каримнинг “Қасас” сурасида марҳамат қилинган манзарага ишора қилмоқда: “Биз эса, ер юзида эзилганларга беминнат неъмат беришни, уларни пешво қилишни ва уларни ворислар қилишни, ва ер юзида уларга имконлар беришни, Фиръавн, Ҳомон ва икковининг аскарларига улар (мазлумлар)дан қўрққан нарсаларини кўрсатишни истаймиз.” (Қасас сураси: 5-6)

Ўзбекистондаги инқирозга юз тутган бу тузумни уни 23 йилдан бери бошқариб келаётган киши номи билан атаб «Каримов режими» дейдилар. Бу муддат ичида Каримов Асосий Қонунга (Конституция)га хилоф равишда ўзини бир неча маротаба Президент сифатида эълон қилишга улгурди. Холбуки, ўша Конституцияга кўра, Президент 5 йилга фақат икки марта сайланиши мумкин. Демак, Каримов Президентлик курсисида 13 йилдан бери ғайримашруъ (ноқонуний) ўтирибди.

Албатта, коммунистик тузум зурриёди бўлмиш Каримов КПССнинг бошқа вакилларидан фарқ қилмайди. ғайримашрулик (ноқонунийлик) совет жамиятининг пешонасига урилган бир тамға эди. Яъни ғайримашрулик унинг учун ирсий, туғма, генетик хусусият эди. Совет Иттифоқи давлат сифатида ғайримашруъ (ноқонуний) «туғилганди». Бу давлат 1917 йилда Ленин бошчилигида давлат тўнтариши билан ўртага чиқди. Бу иттифоққа аъзо бўлган давлатлар унга ўз иродалари билан қўшилмадилар, улар юмшоқ қилиб айтганда, бу Иттифоқга “қўшиб олиндилар». Бу воқеадан роппа-роса 74 йил кейин Б. Ельцин бошчилигидаги коммунист раҳбарлар мажлиси Беловежская Пушчада Иттифоққа сўнг нуқтани қўйдилар. Яъни Совет Иттифоқининг қурилиши нақадар ғайримашруъ (ноқонуний) бўлган бўлса, унинг тарқатилиши ҳам шу қадар ғайримашруъ (ноқонуний) бўлди.

Парвардигорнинг адолати шу қадар муқаррардир.

Хулоса, Каримовнинг ғайримашруъ (ноқонуний) тузуми ҳам ўлимга маҳкумдир.

Бу режимга ёрдам бериб, уни оёқда тутиб қолишга уринаётган манфаатдор давлатларнинг ғайратларига қарамасдан, бу режим ўлажакдир. Режимдан “манфаатдорлар” оз эмас, албатта. Фақат манфаатдорлар рўйхатида Ўзбек халқи йўқ. Бу режим Ўзбек халқини мисли курилмаган хор-зорлик, шармандалик қаърига улоқтирди. Бундай шармандалик ва хор-зорлик маънавиятда ҳам, иқтисодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам қонаётган яра каби кўзга ташланмоқда.

«Араб баҳори» балки Ўрта Осиё халқларининг қўзғолонига туртки балки бўла олмас, балки бўлар. Аммо энг муҳими , бу «Баҳор» дунёда қулга айлантирилган миллатларнинг ўз мустабидларига қарши қуролли мужодаласини машруъ этиши (қонунийлаштириши) билан ўзининг буюк вазифасини адо этди.

Бу ваъда қилинган машруъият(қонунийлик)дир.

Бундан кейин ғарбнинг иккиюзли демократияси-ю, Шарқ тоғутларининг зулмидан безор бўлган барча мухолиф ҳаракатлар, ҳокимиятга бўлган ўз курашларида мана шу ваъда қилинган машруъиятни асос қилиб оладилар.

Сиёсий мунофиқлик иқлимида бўғилаётган ўзбек мухолифати машруъият тушунчасининг сиёсат дунёсида нақадар «чўзилувчан» эканлигини яхши билади. Масалан, бир диктатор Оврупа Иттифоқига таклиф қилинса, унинг ҳукмронлиги ўз ўзидан машруъ(қонуний)лашади. Агар бу диктатор бирор бир “буюк кучга” ўз ҳудудларидан муҳим юкни олиб ўтиш учун йўл очиб берадиган бўлса, бу диктатор дунёнинг энг машруъ (қонуний) раҳбарига айланади.

Аллоҳга шукрлар булсинки, У глобаллашувнинг бундай масхарабозлигига Араб Баҳорининг муҳташам ғалабаси билан нуқта қўйди. У Вақт тарафидан раҳина(гаров)га олинган воқеаларни озод қилди ва бу воқеалар ҳали ҳам давом этмоқда. Ва дунёнинг қолган-қутган диктаторлари асфаласофилинга йўл олишлари учун ўз навбатларини кутмоқдалар.

Ўзбекистондаги диктатура бу навбатда биринчидир.

Муҳаммад Солиҳ