Елена Урлаеванинг Туркияга келгани ҳақда билдириш

Бу баёнотда инсон ҳақлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг Туркияга келгани хусусида — ҳеч бир йўрим ва ёки шарҳсиз — кўрганларим қандай бўлса, шундай келтирмоқчиман.
У Туркияга озгина дам олиш ва соғлиғини тиклаш ниятида ташриф буюрганди. Айни пайтда инсон ҳақлари ҳимоячилари билан ҳам кўришиш режаси бор эди.
Кўришганимизда у сўзма-сўз шундай деди: «Яхшиям-ки, бу ерга келдим, акс ҳолда мен портлаш чегарасига келиб қолгандим»
Унинг ҳатти-ҳаракатидан Истанбулда бахтиёр эканлигини кўрдик ва у ўз кайфиятини шу сўзлар билан ифодалади: «Мен хайратдаман, бу ерда нақадар яхши! Инсонларнинг бир-бирига муносабати нақадар гўзал! Улар нақадар сертакаллуф, мулойим! Бир-бирига жон-дили билан хизмат қилишади! Сизнинг оилангиз аъзолари орасидаги муносабатлар нақадар гўзал!» ва ҳоказо.
Урлаева Истанбулда тўлиқ 3 кун ўтказди.
Менинг оилам у билан шаҳарга чиқиб, унга ва унинг яқинларига совға ва кийим-кечак олиб берди. Урлаева «Пикет пайтида милиция ва ёлланма хотинлар ҳужумидан сақланишда қулай бўлиши учун пошнаси баланд бўлмаган поайфзал ва шим лозим»лиги айтганда, биз кулишган ҳам эдик.
Биз оиламиз билан тоталитар давлат режимнинг қурбони ва инсон ҳақлари курашчиси саналган бу аёлга ёрдамимиз тегаётганидан бахтиёр эдик. Урлаеванинг буйраги касал экан, менинг рафиқам (муқобил тибб мутахассиси) унга даволаниш дастури ёзишга ваъда берди. Урлаева ўзига кўрсатилаётган самимият ва эътибордан ғоят мамнун эди.
Бундан икки ой аввал бошқа бир таниқли инсон ҳақлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳам Туркияга келиб, менинг аёлимдан тиббий ёрдан олган эди, яъни биз Урлаеванинг ташрифида бирор бир фавқулоддалик кўрмагандик ва унга қўлимиздан келган барча ёрдамни кўрсатдик.
Урлаева Тошкентга жўнашидан бир кун олдин мусулмонликни қабул қилишга қарор қилганини айтиб колди. Ва унга мос мусулмон исм таклиф қилишимизини сўради. Мен бу ишда исмнинг аҳамияти  йўқлигини айтдим.
Кейин у Тошкентга бориб, Мария исми унга яқин ва ёқишини ёзди.
Уни хеч ким — на мен, на яқинларим, на-да Урлаева бу ерда танишган инсонлар — мусулмонликка даъват этишмади.
Тошкентга қайтар экан, Урлаева йиғлади ва айнан шу сўзларни айтди: «Бу ерда яхши… Мен эса жаҳаннамга қайтиб кетмоқдаман».
Биз бу аёлга чин юракдан ачиндик ва унинг учун қайғурдик.
Тошкентга боргандан уч кун сўнгра Урлаева бизга шу қисқа хатни ёзди: «Ассалому алайкум, менга Мария исми яқин ва у менга ёқади. Сизлар биласизлар, менинг қаерда эканимни ва кимлар билан яшаётганимни. Аммо Оллоҳга шукур, улар аллақачон ўз сўнггини ва мендаги ўзгаришни сезишди. Мен ҳаммасини бажаришим керак, Ахтам ва Василийга ва уларнинг болаларига ёрдам беришим керак. Менга яна ҳамма нарса худди аввалгидай яна кўрина ва очила бошлади, аммо ўшанда психбольницага тушгандим. Мен сизларни жуда севаман. Сизнинг Мария» (Сўзма-сўз таржима — М.С.)
Ва бу хат олингандан бир кун сўнгра Урлаеванинг руҳий касалхонга ташлангани ҳақда хабар келди.
Энди менга Тошкентдаги инсон ҳақлари ҳимоячилари «Урлаева Туркияда экан, уни катакомбага қамаб, қандайдир дори беришганини айтмоқда» дея хабар беришмоқда.
Урлаева Туркияда менинг уйимда яшади. Агар унга менинг уйим энди «катакомба» бўлиб куринаётган бўлса, менинг айтадиган гапим йўқ.
Демак, бу аёлга Тошкент жиннихонасида берилаётган дорилар ҳақиқатан ҳам кучли.

P.S. Елена Урлаеванинг диний таржиҳи ва дин танлаши унинг шахсий ишидир. Бу асло муҳокама мавзусига айланмаслиги керак. Менинг бу ҳақдаги билдиришим эса, Урлаеванинг диний таржиҳи ҳақдаги тўғридан-тўғри саволга жавобдан бошқа нарса эмасдир.

Муҳаммад Солиҳ