Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Матбуот билдириши

Биз, тоталитар режимнинг барча азобини бошдан кечирган сиёсий мухолифат вакиллари, Ўзбекистон халқи ҳаётида мустақил матбуотнинг аҳамиятини яхши биламиз. Шу маънода “Uznews.net” веб сайтининг фаолиятини умумият-ла ижобий дея баҳолай оламиз.
Бироқ, Uznews.net сайти сўнги пайтларда ахборот тарқатишдаги холислик меъёрларини тез- тез бузиб, одамлар орасида хусумат ва тарафкашлик кайфиятларини рағбатлаган ҳолда, бир қатор сиёсий ва диний гуруҳларга нисбатан ошкора тенденциозлик йўлини тутмоқда.
Биз бу ўринда нашрнинг Ўзбекистонлик диний имом Обидхон қори Назаровга қарши ёзилган провокатив руҳдаги мақолаларида аниқ сезилиб тургани Ислом динига нисбатан адовати хақида гапирмоқчи эмасмиз. Ушбу сайт томонидан бизнинг ташкилот ва унинг етакчиси шаънига отилган фитна хуружларининг сўнгиларига тўхтаб ўтамиз, холос.
Бу сайтдаги сарлавҳаларга эътибор беринг:
“Халқ нидоси” Каримовни фош этади ва аёлларни ҳақорат этади”, (10.02.12),
“Тошкентда Оллоҳнинг марҳамати билан варақалар тарқатилди”(30.03.12),
Муҳаммад Солиҳ: “Елена исломни қабул қилди”, (09.04.12),
“Тожибоева: Урлаеванинг аҳволига Солиҳ айбдор” (16.04.12) ва ҳоказо.

Иккитагина сарлавҳани таҳлил этишнинг ўзи ошкора дезинформацияни ва фактларни қалбакилашга уринишни кўрсатиб турибди.
1.Хуқуқ ҳимоячиси Тожибоева, агар М.Солиҳ Е.Урлаевани Туркияга чақирмаганида, уни руҳий касаллар шифохонасига ётқизишмаган бўларди, дея ҳисоблайди. Шунинг учун сарлавҳада “Урлаеванинг аҳволига Солиҳ айбдор” деб ёзилибди. Бу эса анча жиддий айблов.
2.Сайт мухарири Г.Бухарбаева М.Солиҳга “Урлаева Туркияда Ислога кирдими?” деб савол бераяпти. М.Солих унга: “Ҳа” деб жавоб бераяпти. Суҳбатни сайтда эълон қилиш олдидан Бухарбаева  ўзининг саволини олиб ташлаяпти ва М. Солиҳнинг жавобини “Елена Исломни қабул қилди” деб ўзгартириб, мақола сарлавҳасига чиқаряпти. Бу эса, гўёки мухолифат лидери махсус матбуот анжумани чақириб, хуқуқ химоячисининг Исломга кирганини эълон қилди, деган манзара касб этади. Бунга дезинформация (ёлғон маълумот тарқатиш) дейилади.

Бу ёлғон маълумотлар, мақола остида қолдирилаётган изоҳлар, мухолифат лидерининг рафиқаси гўёки яҳудий, ҳамда қора магия билан шуғуллангани боис Елена Урлаевани бемалол заҳарлай олиши мумкинлиги хақидаги қўпол шаклдаги ифтиро ва бўҳтонлар билан яна-да кўпиртирилади. Буларнинг ҳаммаси пировардида бизнинг жамиятимизда диний ва этник келишмовчиликлар пайдо бўлишига, диктатурага ўта қийин шароитларда қарши курашаётган мухолифатнинг парчаланишига ва шу билан бирга, Ўзбекистондаги тоталитар тузумнинг яна-да қувватланишига хизмат қилади.
Биз, мустақил матбуотни молиялаштираётган масъул фондларга мурожаат қилиб, Uznews.net каби сайтлар фаолиятини кузатиб боришларини, уларнинг Сўз Эркинлиги каби эзгу мақсад йўлида қанчалик хизмат қилаётганига эътибор беришларини сўраймиз.

ЎХҲ Муассислар Мажлиси

uzxalqharakati.com/