Нега мен журналист аёл билан баҳс-мунозара қилмадим

Бу мавзуга такрор мурожаат этишимга   «Узнюснет» номли интернет-нашрда Г.Бухарбаеванинг «ЎХҲ демократияга таҳдид», деб номланган, ҳеч қандай асосга таянмаган, фитнакор иддaoси сабаб бўлди.

«Узнюснет» сайти икки ҳафта олдин каминанинг шахсига қарши кутилмаганда «портлади» ва бу портлаш жараёни  — худди кинофильмда секинлаштирилган саҳна каби — ҳали ҳам давом этмоқда ва атрофга ЎХҲ га қарши янги айблов-пўртаналарини  сочмоқда.

Бу сайтнинг Ҳаракатимиз ҳақдаги сўнгги сарлавҳаси даҳшатни ифодалайди: “ЎХҲ – Ўзбекистондаги  демократия учун таҳликадир”

Хоним Бухарбаева ҳирсининг дафъатан портлашига сабаб нима?

Сабаб — менинг у билан мунозарани рад этганим.

Бу хоним билан баҳсни рад қилганимга оид унинг сайтида чиққан мақолаларда (улар анчагина!) битта масала кўрилади: Солиҳ бундай рад журъатини қаердан олди?

Бухарбаева сайтининг баҳс майдонидаги “жамоатчилик” ҳам бу раддиядан қаттиқ «аччиқланибди».

“Рад” мавзусидаги “оммавий муҳокамада”  «ёзувчи Мамарасулов», эски ТИВ ходими «сиёсатшунос Тошпулатов» ва “деҳқонлар вакили журналист Носир Зокиров»лар қатнашишган. Уларнинг барчаси менинг Бухарбаева билан баҳс мунозарани “шармандали ва безбетларча” рад қилишимни муҳокама қилганлар.

Мен бундай “буюк ишни” қандай бажарганимни ҳозир ўзим ҳам идрок қила олмаяпман. Шу боисми, ўзимни социалистик реализм ижодкорлари ўртага чиқарган бир салбий қаҳрамон — бир ёвузкуч каби ҳис этмоқдаман.

Вазиятнинг бемаънилиги шундан иборат-ки, менинг маънавий қатлимни истаётган бу маст оломон ичида “нима қипти, бу одам баҳсни рад этган бўлса? Бунга унинг ҳаққи йўқми”, деб сўрайдиган бирор нормал инсон кўринмаяпти.

Бухарбаевага кўра, менинг бундай радга ҳаққим йўқ.

Шунинг учун ҳам у “ЎХҲ –Ўзбекистондаги демократияга таҳлика”, деган қарорга келган.

Ана шунақа, Бухарбаева хоним билан мунозарани рад қилиш мана шундай глобал можорага олиб келиши мумкин экан.

Бухарбаева жазава билан шундай дейди: “Каримовнинг М. Солиҳ ва унинг оиласига қилаётган зулми, шунингдек жамиятда янги сиёсатчиларнинг ўртага чиқиши учун муҳитнинг йўқлиги Солиҳга жуда қулай равишда сиёсат майдонида қолиш имконини берди”.

Бу ерда Бухарбаева «Солиҳ ва оиласига етарлича зулм қилмагани» учун Каримовдан хафами ёки «сиёсат майдонида қолишга унга имкон берилгани учун» Солихга зарда қилаяптими, англаш қийин.

Мен Бухарбаева билан бир нарсада фикрдошман: Сиёсатда қўл теккизиш таъқиқланган «муқаддас сигирлар» бўлмаслиги керак.

Фақат бунга кичик иловам бор: бундай сигирлар журналистикада ҳам бўлмаслиги керак.

Афсуски, Бухарбаева хоним ўзини мана шундай муқаддас сигир ўрнида кўрмоқда. Унга қарши чиқиш, нафақат қўл, ҳатто тил теккизиш ҳам бир жиноят экан.

ЎХҲ “Узнюснет”даги фитнакарона мақолаларга қарши бир кичик баёнот бeрди. Бунга жавобан сайтда — яна ўша  фитна руҳида — “мустақил сиёсатчилар” ва мақоми бетайин, аммо сайт тарафидан “жамоатчилик”, дея тақдим этилаётган «интернет бомж»лари дастагида ёзилган ўнтача макола ёзилди.

Бу такаббурликка қаранг! Сайтда бутун харакатлар мана шу Кибрга мос равишда юз беради. Ҳатто шарҳлар ҳам шу такаббурликни оқласагина сайтга қўйилади. Бу зеҳният эгаларидан «Эльдар»  лақабли қатнашчиси форумда шундай  шарх қолдирибди: «Ҳурматли Галима, сизнинг бу халқ учун ниманидир қилиш ниятида  куйиб-пишаётганингизни кузатиш мен учун жуда оғир. (Бухарбаеванинг бунда буюк тарихий вазифа олганини билмас эканман – М.С). Ишонинг, бу беҳуда уринишдир…Чунки бу халқ — касалдир! Бу касалликнинг ягона шифоси – мустаҳкам,қуш хам ўтолмайдиган чегарадир. Бундай чегара одамлар ичкарига кирмасликлари учун эмас, балки ўша касалликнинг ташқарига чиқмаслиги учун, дунёга ёйилишига қарши қурилиши керак», дейди бу «Узнюснет» суворийси.

Касаллик деб халқни назарда тутмоқда. Яъни, ўзбек халқини.

Бу «Узнюснет» мухлисидан келган жуда «конструктив», очикчасига  ирқчи, фашистик таклиф.

Ўзбекнинг бир мақоли бор: “Яхшиям, туяга шох берилмаган”.

Бухарбаева оддий камтарликни ҳам унутган  ҳолда шундай дейди: “Мен бугун сиёсий лидерларнинг онгида янги бўшлиқ яратишим керак”.

Хонимча, марҳамат қилинг-да, бу иш билан инсонларимизнинг ўзлари шуғулланишсин! Акс ҳолда, сизнинг бу ишингизнинг Учинчи Рейхнинг қамоқхонларида махбуслар устидан утказган дахшатли тажрибаларидан фарқи қолмайди.

Бу сайтда шахсимга қарши ёзилган бутун танқидий фикрларни диққат билан ўқиб чиқдим ва у ерда ҳурматга лойиқ бирон фикр кўрмадим. Агар сизларнинг ҳар бирингизнинг фикрингизни алохида ҳурмат қилаолмасам, қандай қилиб сизларни жамоат ҳолида ҳурмат қилишим мумкин? Агар мана шу сарғайган «Узнюснет»да босилган сафсаталар «жамоатчилик фикри» бўлса, жамоатнинг ўзи қандай бўлиши мумкин?

Нега мен бу аёл билан мунозара қилишни рад этдим? Ахир, бу жанжалдан уч кун олдин бу хоним билан телефонда суҳбатлашдик-ку, нега уни кейин рад қилдим?

Чунки бу хотин туҳматчидир. У туҳмат қилгандан кейин узр сўради. Кейин яна туҳмат қилди. Бу усул қайта-қайта такрорланди.

Иккнчидан: бу хотин фактларни нотўғри талқин қилади. Масалан, у менга савол берди: «Е. Урлаева Туркияда Ислом динини қабул қилдими?» Мен: «Ҳа», деганман. Г.Б. сайтида ўз саволини менинг «жавобим»га айлантирди ва шундай сарлавҳа қўйди: Муҳаммад Солиҳ: “Елена исломни қабул қилди”. Бу менинг бир ҳуқуқ ҳимоячиси исломни қабул қилганидан севиниб, матбуот анжумани чакирганим  маъносига келади. Гўё биттасини исломга киритиш — менинг ягона орзиум. Хулоса — Муҳаммад Солиҳ исломчи. («Узнюснет» нинг қўлбола «сиёсатшуноси» ҳам бизни айнан шундай атайди —   «исломчилар»).

Бошқа бир мисол: ЎХҲ фаолларидан бири «Узнюснет»га “Аллоҳнинг изни билан ёш йигитлар варақа тарқатганлигини” айтади. Бу ўзбекларнинг кундалик тилидаги оддий иборадир. Аммо Бухарбаева бу иборани»Узнюснет»  сайтига сарлавҳага айлантириб қўяди: “Тошкентда Оллоҳнинг марҳамати билан варақалар тарқатилди”.

Яна Ислом дини!

Бу сайтнинг ўзбек мухолифати ҳақидаги бутун материаллари “сўз эркинлиги” пардаси ортидаги ислом дини ва ўзбекларнинг урф ва одатларига душманликдан бошқа нарса эмас.

Бизнинг «Узнюснет» каби сайтлардан юз ўгиришимизга сабаб бўлаётган яна бир хусусият уларнинг ёлғон маълумотларни чоп қилишдан воз кечишни истамасликларидир.

Мисол учун: Г.Бухарбаеванинг “Наманганда Солиҳнинг баҳс-мунозарани рад қилиши муҳокама қилинмоқда” мақоласида шундай дейилади: Журналист Носир Зокир Муҳамад Солиҳнинг баҳс –мунозарани рад қилганидан афсусланганини ёзди. ЭРК партияси ва ЎХҲ лидерининг  «Узнюснет» муҳаррири Галима Бухарбаева билан баҳс –мунозарани рад қилиши ўзбек фаоллари орасида катта шов –шувларга сабаб бўлди. Аслида эса,  Носир Зокир М. Солиҳнинг  Баҳодир Чориев билан баҳсни рад қилиши ҳақида гапирган ва бу воқеа Г.Бухарбаева билан бўлган ҳодисадан бир неча ой олдин содир бўлганди.

Худди шундай ҳолни Мўътабар Тожибоева ҳодисасида ҳам кўришмиз мумкин: Бу аёл менинг хонимимга телефон қилиб, узр сўраган ва Г.Бухарбаева унинг биз хақдаги мулоқоти маъносини ўзгартириб чоп қилганини айтган.

“Узнюснет” бу геббелсона ташвиқотини мусулмонларга қарши анча вақтдан бери амалга ошириб келмоқда.

Бу сайт ўтган йили узлуксиз равишда мусулмонларнинг ғарбда  ҳам “мусулмончилигини  ташламаёганлари»ни “фош” қилиб келди. Обидхон қори Назаровнинг «Швециядаги яширин лагери» ҳақидаги ривоятларни эслаб кўринг.

Галима хоним яна шундай ёзади: Мен Солиҳ билан охирги марта 2009 йили октябрида Брюсселда мухолифлар мажлисида учрашганимда — ўшанда 13 май иттифоқи таъсис қилинган эди —   Солиҳ менинг Обид қорига бағишланган мақолам ҳақида фикр юритиб, имом “бир аёлнинг ёзганлари учун хафа бўлмаслиги керак”, деган (Хотин зотини камситганди, демоқчи — М.С). Ўша куни 44 яшар ҳамкасбим Қудрат Бобожоннинг мен билан пиво ичаётганини кўриб,  М. Солиҳ унга танбеҳ берганди». (Каминанинг ичкиликка қарши булганимни айтмоқчи — М.С)

Бухарбоева менинг бу гуноҳларимни гўё “Ўзбекистон демократиясига таҳлика”нинг  асоси сифатида келтирaди.“Гўё” дейишимга сабаб, Бухарбоеванинг мазкур мақоласида бундай «таҳлика»ни асослайдиган бошқа бирорта факт топа оламдим.

Афсуски, ўлкамизда диктатор Каримов тарафидан ўрнатилган ахборот изоляцияси бизнинг жамиятимизни лоқайд, иродасиз ва «Узнюснет» каби ярим-эркин, аммо тамоман масъулиятсиз интернет нашрлари таъсири остига осонгина тушадиган иқлим яратди.

Агар жамиятда ҳақиқий маънода сўз эркинлиги бўлсайди, Ислом динини таҳлика сифатида кўрсатиб, аюҳаннос соладиган бундай  «демократия қоровуллари»ни хеч ким тингламасди.

Хулоса сифатида, ушбу можора сабаби билан у ёки бу шаклда берилган баъзи саволларга жавоб бермоқчиман:

  • 1. Биз мамлакатда ҳуқуқ давлатини  қуришни орзу этмакдамиз.Ҳар қандай ҳолда ҳам,  давлат тузуми халқимизнинг умумхалқ референдумида тасдиқлаган шаклида бўлади.
  • 2. Мен сайловчилар яхши ёки ёмон кўради, дея ўзимнинг фикрларимни очиқ айтишдан қўрқмайман. Масалан, сайловчилардан  кўпроқ овоз олиш учун гомосексулистлар(бесоқоллар)нинг ўзаро никоҳини қўллаб-қувватлаш ниятим йўқ. Мен бу ва шунга ўхшаш тоифаларнинг,  уларнинг  хасталиклари бошқаларга юқмаслиги учун, инсоний шароитларда жамиятнинг қолган қисмидан ажратилиши (изоляцияси) тарафдориман.
  • 3. Катталарнинг кичикларга шафқат, кичикларнинг  эса катталарга ҳурмат руҳидаги миллий урф –одатларимизни сақлаб қолиш тарафдориман. Инсонларда оиласи каби,  мамлакати учун ҳам масъулият ҳиссини тарбиялаш тарафдориман.
  • 4. Мактабларда болаларга нафақат давлатнинг, балки динимизнинг ҳам тарихини ўргатиш тарафдориман.
  • 5. Мутлақ сўз эркинлиги тарафдори эмасман, чунки бундай мутлақ эркинлик инсонни ўз нафсининг қулига айлантиради.
  • 6. Аёллар эркаклар каби ўз ҳаёт тарзларини сайлашда эркин бўлишлари керак, аммо улар яна эркаклар каби ўзаро муносабатларда ҳадларидан ошмасликлари лозим. Менимча, аёлларнинг бу дунё ҳаётидаги асосий вазифаси — болаларни тарбия қилишдан иборат ва бу вазифа давлат хизмати даражасида тақдирланиши керак. Aёлларни кўчма маьнода эмас, тўғри маънода заиф жинсият соҳибалари деб биламан, чунки Парвардигор уларни шундай яратгандир. Агар шу хусусияти бўлмаганида, улар сунъий, жазб хусусиятини йўқотган ва ҳатто  жирканч бўлардилар.
  • 7. Аёлнинг заифлиги – ҳақиқий эркакларнигина титратадиган буюк бир кучдир.

Муҳаммад СОЛИҲ
28.04.2012