“Пайғамбарлар тарихи” китоби ва унинг тузувчиси ҳақда

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Мана, энди қўлимизда Муҳаммад Солиҳ  тайёрлаган, Ўзбекистон тарихида ва ўзбек тили тарихида илк бор чоп этилаётган 4 жилддан иборат “Пайғамбарлар тарихи” китобини тутиб турибмиз.

Бунгача ўзбек тилида бутун пайғамабарлар тарихи бундай тўла ва яхлит шаклда ҳеч чоп этилмаганди. Бу йўналишда ўзбек тилида кичик ҳажмдаги Рабғузийнинг (13-14 aср) “Қиссасул анбиё” ва Алихон Тўра Соғунийнинг (1885-1976) пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) тарихига оид “Тарихи Муҳаммадия”китоблари мавжуд эди, холос.

Муҳаммад Солиҳ  тайёрлаган бундай бир китоб эса бугунги кунда фақат Ўзбекистонда эмас, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида ҳaм ҳеч бир тилда мавжуд эмас.

Бутун пайғамбарлар тарихини қамраб олган ушбу китобнинг ўзбек тилида пайдо бўлишини ўзбек жамияти маънавий ҳаётида сўнгги йиллар ичида юз берган энг катта воқеалардан бири, дейиш мумкин.

Аслида, халқимиз маънавияти учун улкан аҳамият касб этган бундай китоблар хорижда эмас, балки, мамлакат ичкарисида, Ўзбекистоннинг ўзида чоп этилиши керак эди. Рамзий маъно ташиган бундай фавқулодда воқеъликни ҳатто (шундай вазиятнинг юзага келишида асосий роль ўйнаган) диктатор Каримовнинг ўзи ҳам илғаган, шекилли, мажлислардан бирида у мулозимларига қарата: “Мамлакатдан олтин бошлар чиқиб кетиб, фақат олтин тишлар қолган кўринади, а?”, дея заҳарханда қилган экан.

Таассуфлар бўлсин-ки, бугун ўлкамиз  асрлардир шараф билан кўтариб келган ўзининг “Маънавий Ўчоқ” мақомини йўқотиб, ўрнига “Маънавий Крематорий” мақомини олди, ўлкадаги маънавият том шайтоний бир режа  билан, иблисона бир изчиллик билан куйдирилмоқда, маҳв этилмоқдадир. Шу маънода, ватанимиз бугун  маънавият тарқатишдан кўра, ўзи маънавиятга муҳтож бир минтақага айланиб қолди, десак, сира лоф бўлмайди.

Бундай шароитда “Пайғамбарлар тарихи” сингари китобнинг хориждан Ўзбекистонга кириб боришини фақат зулматга йўналган бир  нур сифатида баҳолаш мумкин.

“Пайғамбарлар тарихи” китобининг аҳамияти

Пайғамбарлар тарихига  инсоният тарихининг бир парчаси деб эмас, балки, аксинча, бутун инсоният тарихига Пайғамбарлар тарихининг бир парчаси деб қараш тўғри бўлади. Чунки, дунё халқларининг тарихи, маданияти, маънавияти ва фалсафаси у ёки бу шаклда доимо дин атрофида айланган ва давлатчилик асослари ва ғоялари доимо диний заминларга қурилгандир. Инсонлар замонлар оша кибр билан писанда қилиб келган Илм ва Тараққиёт тантанаси, аслида, Аллоҳнинг битмас-туганмас қудрати ва инсон кўзи учун абадул-абад очилмас сир-асрорларига ўқилган мадҳиядан бошқа нарса эмасдир. Илм-фан юксалгани сайин инсонлар Аллоҳнинг ҳақиқатига тобора яқинлашмоқдалар, бугун илм-фан соҳасида ўтказилаётган энг сўнгги тадқиқотларда “худо” сўзи (“худонинг занжири”- «god particle»)  бежиз ишлатилаётгани йўқ.

Ушбу китобда Қуръони каримда номлари зикр этилган барча пайғамбарлар кечмиши ҳақда ҳикоя қилинади. Тарих Одам алайҳиссаломдан бошланиб, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёти билан якунланади. Китобнинг учинчи ва тўртинчи жилдлари пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам тарихига бағишланган бўлиб, бу тарих энг муфассал шаклда ёзилгандир.

Китобдаги маълумотлар Қуръони карим оятлари, Ҳадислар, Пайғамбаримизнинг асҳоб ва тобиинлари берган гувоҳликлар ва ислом дунёсининг буюк алломалари асарларидан тўплангандир.

Китобдаги ҳар бир пайғамбар тарихи якунида кенг библиографик манбалар рўйхати берилгандир, келтирилган библиографик манбалар сони шу қадар кўпки, баъзи ҳолларда матннинг ҳар икки ёки уч сатрига биттадан манба кўрстаилади ва бу жиҳат китобнинг илмий базаси нақадар мустаҳкамлигини намойиш қилиб туради. Китобнинг замонавий ўқувчи тарафидан истеъмол қилиниши нуқтаи назаридан, техник жихатдан яна бир устунлиги – унинг шу мавзудаги тарихий асарларга хос бўлган архаизм ва эскирган, зерикарли, жимжимадор таъриф услубидан ҳолилигидир.

Китобнинг тузувчиси ҳақда

“Пайғамбарлар тарихи” китобининг ўзбекча тайёрлаб, чиқарилиши —  жамиятимизнинг маънавий ҳаётида ўпқондай қорайиб турган кемтикни тўлдириш йўлида отилган катта одимдир. Шу маънода, бу китобни бир максималист инсоннинг қилган энг хайирли иши деб ҳисоблаш мумкин.

Нега максималист?

1980 йилларнинг бошларида  ёзувчи Темур Пўлатов менга Муҳаммад Солиҳнинг шахс ва ижодкор сифатини характерлайдиган ўз кузатишини айтиб қолди, тўғрироғи, кузатиш ҳам эмас, балки бу “рационал” иш қилишга ўрганган одамнинг “иррационал” киши ҳаракатлари олдидаги ҳайрати эди.“Солиҳ фанатик экан-ку, нашриётлардан биронтаси ҳам унинг Франц Кафкани таржима қилиб, чоп этиш ҳақдаги таклифини қабул қилмаган бўлса ҳам, у: “мен Кафкани барибир таржима қиламан”, деб таржимада давом этяпти”, деганди Темур Пўлатов.

Аслида, Муҳаммад Солиҳни билганлар учун унинг бу “фанатик”лиги ҳайратланарли бир нарса эмас, чунки, Совет даврида “замон сенга боқмаса гар , сен ҳам боқма замонга” дея шеьр ёзган бир инсоннинг бошқача йўл тутишини тасаввур қилиш қийин. Эзгу ишларга йўналган бундай “фанатик”»лик, юртимизда нодир ва ўрнакка арзигулик бундай “мутаассиблик” Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ва ижодининг ёрқин қирраларидан биридир. Муҳаммад Солиҳ характеридаги бундай максимализм у ватанини тарк этишга мажбур бўлиб, дунё кеза бошлаганида ҳам йўқолгани йўқ. У муҳожирликда ўз сиёсий фаолиятини давом эттириб, ўлкамизда ҳукм сураётган мустабид тузумга қарши курашар экан, айни пайтда, бу китобларнинг  чоп этилиши ва Ўзбекистонда тарқатилишига деярли ҳеч қандай умид бўлмаган энг оғир пайтларда ҳам, ўз сиёсий мақолаларини ёзиш баробарида  ҳеч иккиланмай, Мусанниф Аҳмад Зиёвуддин Гумушхонаэвининг “Ҳадислар дарёси” (Рамуз-ал-аҳодис) китоби таржимасига қўл урди ва уни муваффақиятли тарзда якунига етказди.

Аллоҳ “Пайғамбарлар тарихи” китобини тузган ва бу ишга бош қўшган бошқа барча биродарлардан рози бўлсин.

Мақсуд Бекжон,
шоир.

“Пайғамбарлар тарихи” китобини ушбу линклардан юклаб олишингиз мумкин:
1-жилд
2-жилд
3-жилд

4-жилд