Ватанда насиб этмади…

Интернетдаги суҳбатимизда Муҳаммад Солиҳ янги шеърлардан эмас, ўз боғчасига эккан ниҳоллардан баҳс этди.

Уларнинг бир-неча йил ичида мева берганини айтиб, бир боғбон севинчини изҳор этди: “Ватанда боғ яратиш бизга насиб бўлмади, ҳижратда насиб этди. Бу менинг эккан оғочларим: “Анор. Анжир, Олма, Бехи”, дейди М.Солиҳ ва оғочлар исмини худди дўстларининг исмлари каби бош ҳарф билан ёзади.

Олча дарахти фонида тушган набираси Осиё билан суратни кўриб, “Набиранинг исми ажойиб экан – Осиё! Бахтли бўлсин, илоҳим”, дедим.

Муҳаммад Солиҳ хам менинг набираларимга бахт тилади.

Биз – икки мухожир – ватандан узоқда шундай севиндик бугун тонгда.

Мен Муҳаммад Солиҳнинг Шўролар даврида ёзган ғалати бир шеърини бу қисқа этюдга илова этдим, чунки бу шеър нафақат Муҳаммад Солиҳнинг ўзи, нафақат мен, балки бугун ватанидан йироқда юришга махкум этилган минглаб инсонлар қисматини беихтиёр башорат қилган сатрлардир:

ДЕНГИЗ БЎЙИДА

Ҳаво ёмон. Дам олувчилар
Кириб кетар хоналарига.
Юз ўгириб денгиздан улар
Парда тортар ойналарига.

Ҳаво ёмон. Бемажол дайдир
Куя тушган булутлар кўкда.
Соҳилда-чи турар қандайдир
Ватанидан айрилган одам.

Мен биламан унинг кимлигин —
Яккамохов, бадавлат, нотинч-
Мен биламан, унинг жимлиги
Чидаб бўлмас соғинчдир, соғинч.

Ўша одам ҳавони бузган,
Ёмғирни ҳам чақирган ўша,
Ўша сабаб кўримсиз бизга
Бу шифобахш, жаннатий гўша!

Ахир, нима ҳаққи бор унинг?
Бу сизники, сизнинг ерингиз —
Боринг, уни ҳибсга олинг!..
Ё Ватанин топиб берингиз…

1983

Исмат Хушев
dunyouzbeklari.com