Диктаторларга бир қамчи

Мен авваллари инқилоб сўзини севмас эдим, чунки ўрта мактабнинг зерикарли дарсларида, кейин совет армиясининг сиёсий ўқишларида, кейин эса университет аудиторияларида инқилоб сўзини тинмай эшитиш мен учун бир азоб ҳолига келганди.

Қолаверса, инқилоб, тўғрироғи большевикларнинг революцияси ўтган асрнинг 20-йилларида менинг аждодларимни қатл этди. Инқилобга қаршилигимнинг яна бир сабаби, у мен учун бир қуллик рамзи, диктатура тимсоли эди. Бу сўзга қарши аллергия шу қадар кучли эдики, Гуржистон ва Украинада бўлиб ўтган воқеаларни бир муддат инқилоб, деб атагим келмади. Аммо кейин кўрдимки Каримов каби териси қалин диктаторларга таъсир этиши учун инқилоб сўзидан ҳам аччиқроқ сўзи йўқ экан.

Буни Каримов Андижон ахолисини қатл этгандан сўнг қўрқувдан қалтириб аввал Пекинга кейин Москвага ўз жонини сақлаш учун ёлвориб борганида тушундим. У ўзининг хомийларига Халқ инқилобидан қутқаришини сўраб ёлворганди ўшанда. Биз бугун ўша диктатуралар қўрқадиган инқилоб сўзига қайтяпмиз. Бу сўз тобора истеъмолдан чиқиб кетаётган бир пайтда такрорлаяпмиз уни, инқилобнинг Марказий Осиёда мағлубияти хақидаги ғийбатлар авжига чиқган бир пайтда бу сўзга мурожаат қиляпмиз.

Мунофиқлар инқилоб, революция сўзини Дарвиннинг сафсатаси бўлган эволюцияга алмаштириб, ақлли иш қилгандай гердайиб турганда бу сўзни айтаяпмиз биз.

Бу сўз, бу калима бизнинг хаёлларимизда бир лангар, бир мувозанат вазифасини ўтамоқда бугун, худди ўтган асрларда мазлумлар учун умид соҳили бўлгани каби. Фақат биз инқилоб сўзига ноқулай бир пайтда қайтяпмиз, инқилоб воситасида маданият босқичларини хатлаган ғарб давлатлари унинг маданий метод эмаслигини айтаётган бир пайтда бу сўзга қайтяпмиз.

Бу давлатлар фикрича Каримов каби диктаторлар маданий бўлмаган инқилоб воситасида эмас, холис ва демократик сайловлар воситасида лавозимини тарк этиши керак эмиш.

Диктатор Каримовнинг холис ва демократик сайловлар ўтказишдан ҳеч шубҳалари йўқ гўё уларнинг. Ҳа, маданий давлатларнинг ташқи ишлар вазирликларида инқилоб сўзини эшитишни исташмайди. Чунки бу сўз уларга дарров қонли Андижонни эслатади. Бу сўз Юшенко шарафига отилган мушакларни эмас, Каримовнинг гўдакларга отган оғир калибрли қўрғошинларини эслатади. Шунингдек бу сўз уларга Каримовнинг жаллод режимига қарши хўжакўрсинга жорий қилган ўз санксияларининг бекор қилиниши эслатиши ҳам муқаррардир.

Хуллас , биз инқилоб калимасига жуда ҳам ноқулай бир аснода мурожат қиляпмиз. Биз ҳур миллатларнинг манфаатлари мазлум халқларнинг ҳақларига зид турган бир пайтда бу сўзни истемоълга киритаяпмиз.

Эътиқод ва Идеаллар омонсиз бир синовдан ўтаётган пайтда, инсон шахсиятининг қобиғи худди фильмдаги каби аста сидирилиб тушаётган бир пайтда, йўлбошчилик қилиш оғирлашган бир пайтда, лидерлик тоталитар ўлкалардаги каби ҳаёт ва мамот масаласи бўлмаган фаровон ғарбда ҳам ниҳоятда қийин маслакка айланган бир пайтда биз инқилоб сўзига қайтишга қарор қилдик. Биз бу сўзга дунёнинг даъвомизга нисбатан муз каби лоқийдлигига қарамай, мунофиқларнинг заҳарли табассумларига қарамай, сохта дўстларнинг хоинликларига қарамай, истибдод йилларида тўпланган бутун катта кичик машаққатларга қарамай, биз яна инқилоб сўзини истеъмолга киритишга жазм этдик.

Бу дахшатли фалаждан, бу тарихий жонсаракликдан қутилиш учун, чорак асрлик ғафлат уйқусидан уйғонмоқ учун, уйғониб оёққа туриш учун ва ўлкамизни иблиснинг қучоғидан қутқармоқ учун бу сўзни талаффуз этаяпмиз.

Яшасин Инқилоб!