ЎХҲ сайтига келган мактубларга изоҳ

Ҳаракатимизга хайрихоҳларнинг хатларини ўкиб чиқдим, таассуротим мусбат. Кувонадиган тарафи шуки, Ҳаракатга йуналтирилган танқид ва маслаҳатларнинг аксариятида самимият мавжуд. Ҳар бир муаллиф маърифий савиясига кўра фикр юритган, аммо уларни бирлаштирувчи хусус самимият экани кўриниб турибди.

Уларнинг баъзиларига жавоб беришни лозим кўрдим.

«Иймон муфассал» тахаллуси билан ёзаётган биродаримизнинг номаларини анчадан бери ўқиб бораман, бу киши конкрет таклифлар киритиш истеъдоди билан бошқалардан ажралиб туради.»Мухолифат ўзи нима киляпти» қабилидаги сийқаси чиқиб кетган дашномлардан узоқ, фитна ва ғийбатга асосланган «таҳлиллар»га булғанмасдан, ўзининг Ҳаракат учун фойдаси тегиши мумкин бўлган маслаҳатларини тилга олади. Бу жиҳат постмодерн замонда, куфрбозлик, сўзпарастлик, хақорат эркинлиги авж олган Демократик Жаҳолат даврида инсонга бироз бўлса-да таскин беради.

Шунингдек, Илхом Мамедов номи билан сахифамизга ёзиб турадиган дўстимизнинг тушунчалари хам тақдирга шоёндир. Халқини ўйлайдиган, фидойи бир инсон экани ёзганларидан кўриниб туради. «Халқ ҳаракати» дейилган бир ташкилот айнан халк тарафидан ҳаракатга келиши мумкинлигини идрок этган бир шахс.

Улар қўйган масалалар чиндан хам муноқаша ва таҳлил килиш учун муносиб масалалардир.

Харакат Форумида кўтарилган баъзи саволларга қиска бўлса хам жавоб беришим керак.

1. Ўзбекистон Халк Ҳаракати фаолиятини икки форматда олиб боряпти. Биринчиси хорижда, иккинчиси юрт ичкарисидаги фаолият.
Юрт ташкарисида олиб борилаётган фаолиятимиз очиқ ва шаффофдир, чунки биз ҳур давлатларда яшаймиз, бу давлатлар режимлари ҳам очиқ ва шаффофдир.
Ўзбекистондаги фаолятимиз очиқ ва шаффоф эмас, чунки ўлкамизнинг режими ҳам ёпиқ ва қоронғудир. Биз Ўзбекистонда «нима» қилаётганимизни очиқ айтолмаймиз, чунки бу бегуноҳ инсонларнинг ҳаётига таҳлика туғдиради. Мухолиф партияга аъзо бўлиш, мухолифат нашрларини ўкиш жиноят ҳисобланадиган бир ўлкада очиқ фаолият кўрсатишнинг имкони йук. Шу боис, биз у ерда нима қилаётганимизни тўлиқ айтишимиз мумкин эмас. Аммо бу бизнинг ҳеч нарса қилмаётганимизни ҳам билдирмайди. Ишларимиз илгарилаяпти Худога шукр, халқ ичида хам, ҳукумат доираларида хам хайрихоҳларимиз кунда-кунга ортаяпти.
2. Маблағимиз бор. Юрт ичида Ҳаракат учун КОНКРЕТ хизмат қилаётган фаолимиз — агар унинг бошка жойдан олаётган маоши бўлмаса — мутлако хизмат ҳаққини оляпти. Ва бу кишилар ташвиқот учун зарур асбоб-ускуна билан таъминлангандир. Аҳоли ичидаги ташвиқотимиз қийинчлик билан бўлса ҳам давом этмоқда.
3. Катта лойиҳаларимиз бор, буларга катта молиявий тамал (база) керак, бу ҳам вақти соати билан кўрилади, иншо Оллох.
4. Секин-аста қўшни давлатларнинг хайрихохлигига эришиб бормоқдамиз. Ўзбекистонда ўзгариш соати келганда, уларнинг дастаги биз учун бисёрдир.
5. Хориждаги Ўзбек ишчилари орасида мавжудиятмизни кўрсатишга баҳоли қудрат уриняпмиз.
6. Газеталаримиз «Эркин Юрт» ва рус тилидаги «Воля» ҳам халқ орасида танила бошлади десак муболоға булмайди.

Хуллас, хорижда таъсис этилиб, юрт ичкарисида ўзини кўрсатишга интилаётган бир сиёсий ташкилотнинг бутун масъулияти ва кийинчликлари билан унинг самараси ва қувончини ҳам яшамокдамиз.

Истасангиз, бу қиска сўзни сиз ҳурматли хайрихоҳларимиз ҳузурида кичик ҳисобот ўлароқ кабул этинг.

Сўзимнинг охирида бир ўкувчимизнинг » сизлар Каримовнинг ўлимини кутиб, Азимов билан келишяпсизлар» деган иддаосига шу жавобни бермокчийдим: Биз хеч кимнинг ўлимини кутаётганимиз йук,чунки Оллохга ишонган бандалармиз. Ўлим ҳам, хаёт ҳам Оллоҳнинг қўлида эканлигига иймон этгaн кишлармиз. Биз Каримовнинг шахсига эмас, унинг шахси қурган ЗУЛМ САЛТАНАТИ га қарши курашиш учун мана 25 йилдир-ки майдондамиз. Биз бу салатанат йиқилгунча унга карши курашни давом эттиришга аҳд қилдик ва, иншоАллоҳ, ғалаба онлари яқиндир. Бу курашда сабр ва сабот тилайман ҳаммангизга.

Бизни ёлғиз қўймасдан, юрт масалаларини биз билан баҳам кўрганингиз учун ҳаммангизга ташаккур.

Мухаммад СОЛИҲ
ЎХҲ Муассислар Мажлисининг Раиси
29.06.2013
uzxalqharakati.com