Каримов оиласидаги «жанжал»нинг остмазмуни

Каримов, унинг қизи Гулнора ва оиласи ўртасида бошланган жанжални тугади, деб бўлмайди. Гарчанд ўзларини “мустақил журналист” ва ёки “политолог” деб атаб, ўзбек диктатори Каримовнинг келажаги ҳақда фол очаётган шоввозлардан баъзилари бу жанжал ўз апогейига етди, дея бонг ураётган бўлсалар-да.
Холбуки, бу башоратчилардан ҳеч бири Каримов, оиласи ва куч ишлатар тизимлар ўртасида бошланган бу талотўп замиридаги ҳақиқий мотивни ҳалигача тасбит эта олгани йўқ.

Бу вазиятда Каримов ва унинг яқинлари ва унинг мулозимлари зеҳниятидан, психологиясидан келиб чиққан бир неча тахминни илгари суриш мумкин:
1. Каримов ва унинг зеҳниятидаги бу гуруҳ (бу гуруҳга Гулноранинг душмани кўрсатилаётган Рустам Иноятов ҳам дохил), ҳеч қачон адолат қарор топсин, деб ўзларини шарманда қиладиган фактларни фош қилишмайди, ўз яқинларига жиноий иш очмайдилар.
2. Агар бу гуруҳ ўз яқинларини фош қилиб, уларга қарши жиноий иш очаётган бўлсалар, бунинг замирида мутлақо катта бир моддий ва сиёсий манфаат ётганлиги муқаррардир. Бу манфаат шу қадар катта-ки, унинг ёнида Каримовнинг яқинларига очаётган жиноий иши уларга қилинган бир яхшилик эканига шубҳа йўқ.

Бу жанжал оқибатига бир назар ташласак, «Каримов ўлкада коррупцияни тугатиш учун ўз қизини ҳам аямади», деган бир миф, бир афсона яратилганини кўрамиз.
Албатта, бу афсонага ишонадиганлар сони Каримов ва Иноятов истаган даражага чиқмаган бўлиши мумкин, аммо бу бир натижа, олинган бир ҳосил. Дунё жамоатчилиги кўз ўнггида жараён этган «20 кунлик оила жанжали» кампаниянинг конкрет маҳсули.
Бу бир ижтимоий-психологик ташвиқот лойиҳаси ўлароқ ўз вазифасини шу босқичда уддалаган лойиҳа кўринмоқда.
Энди воқелар ривожи бу кампаниянинг иккинчи, асос босқичига ўтилганидан дарак бермоқда.
Иккинчи босқич — катта бир моддий манфаат учун бошланган урушдан иборатдир.
Бу ҳам чиқаётган турли хабарларнинг остмазмунида ўқилмоқда.
Башорат қилмаймиз, аммо ўша остмазмун жуда яқинда уст сарлавҳаларга чиқишига аминмиз.

Муҳаммад Солиҳ