Миллат фидойиси

Баъзан Ўзбекистонда яшаётган дўстларимизни соғинамиз, оғир кунларимизда биз билан ёнма-ён турган, бизга далда беришдан қўрқмаган дўстларимизни соғинамиз.

Уларга миннатдорлик туйғуси ичида, кўнглимиз эмраниб, бирдан телефон қилгимиз келади. Ҳеч бўлмаганда, телефон орқали оддий бир инсоний салом йўллагимиз келади, аммо ўзимизни тиямиз.

Сабаби, ўлкада исмини талаффуз этиш айб саналган кишиларнинг қўнғироғи бу дўстларга зарар келтириши эҳтимолидан андиша қиламиз.

Шундай бизга ватанда азиз булган 4-5 кишидан биттаси Туркистоннинг улуг шоири Абдурауф Парфи эди. Унинг бизга бўлган дўстлик меҳрини узоқдан ҳис қилиб турсак-да, унга айни мезондаги меҳримизни изҳор қилаолмаганимиздан пушаймонлик туямиз.

Бу зот вафот этди, пушаймонлик туйғуси эса кун сайин кучаймоқда.

Бу аччиқ тажриба инсонларга бўлган севгимизни улар ўлгандан кейин эмас, улар тириклигида айтиб қолишимизга ундайди бизни.

Юқорида тилга олинган 4-5 киши орасида яқинда қамоқдан чиққан Туркистон ғоясининг фидойиси, ўзбекнинг ғурурланса арзийдиган мард ёзувчиси Муҳаммадали Маҳмуд (Эврил Турон) ҳам бор.

Муҳаммадали Маҳмуд 1980 йиллар бошида Рус истилосига қарши ёзилган Туркистон миллиятчлиги ғоялари олға сурилган рамзий асарларни ёзди. Улар ҳали босилмасдан, КГБ ҳушёр тортди ва муаллифга турли йуллар билан тазйиқ ўтказа бошлади.

Янглишмасам, 1985 йил эди, ҳали Қайта Қуриш бошланмаганди.Уйда эдим, телефон жиринглади. Олсам, Муҳаммадали Маҳмуд. У айнан шундай деди:»Жўра, ҳозир мени ширкатдан(КГБдан) бир полковник машинада олиб кетяпти, айланиб келамиз дейишди. Билинг-ки агар мени йўқ қилишса, улар йўқ қилган бўлади», дедию гапини битирди.

Оллоҳга шукр, унинг ярим кечада уйига қайтганини ўргандик.

Бу инсон ҳақида мен кўп нарса гапиришим ва ёзишим мумкин. Чунки бизнинг ёшлигимиз, гоядошлигимиз узун муддат бир чизгида, бир жуғрофияда кечди.

Муҳаммадали Маҳмуд ила Ташкентда видолашганимизга 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. Мени «ҳаётингга хавф бор» деб, Ўзбекистонни тарк этишга исрор билан ундаган бу фидоий инсон кейин ўзи қамоққа кирди ва ҳеч бир ҳуқуқий сабабсиз, фақат бизга дўст бўлгани учун узоқ йиллар турмаларда азоб чекди.

Эртага шу инсоннинг тавваллуд куни.

Эртага Ўзбекистон истиқлолини умрининг бош ҳадафига айлантирган бир курашчининг туғилган куни.
Унга Оллоҳдан мустаҳкам соғлик, миллати ва оиласи учун хайрли бўлган узун ва баракатли бир умр тилаймиз.

Муҳаммад Солиҳ