Фожиа — Исломга берилдим деб, бидъатга берилишдадир

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Форумида Ислом дини ва унинг ҳаётимниздаги ўрни ҳақда баҳс вужудга келди. Бу муҳосабада адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ҳам иштирок этди.  Қуйида унинг бизга муҳим кўринган баъзи фикрларини саҳифамизнинг ўқувчилари эътиборига ҳавола қилмоқдамиз. (ЎХҲ сайти таҳририяти)

 «Комил» исми билан изоҳ ёзган ўқувчининг саволлари (имло қандай бўлса, шундай тақдим этилмоқда):

“Узбекларда миллий мафкура йук, динда хам, дунёвийликда хам . Чеченлар, догистонликлар, араблар хам биз каби исломий тушунчалар остида яшайдилар,биз хам. Лекин, нега биз узбеклар хамма сохада ношудмиз? Мактаб программасида утилган элементар формулаларни-ку гапирмай куяколай, сантиметрни метрдан ажрата олмайдиган ёшлар купайиб кетган. Танлаган касбга садокат деган тушунчанинг узи йук. 5 йил укитувчиликка укиб, эртасига карасанг киракаш, индинига бозорда ёнгокфуруш, уям булмаса Россияга куча супургани кетади. Хаммасига дунёвий билимларни менсимаслик сабаб.  «Аёл киши кучага чикса бузилиб кетади» деб барча савдо точкаларини шеркелбат йигитлар эгаллаб олишганига карамай «аёли кучага чикмаган» миллатдан фохишаси купайиб кетиши кизик. «Ислом дунёвий илмни инкор этмайди» деб гапирилган билан Ислом дунёвий илмга буш вакт колдирмайди. Чунки, 5 вакт намоздан ташкари пайгамбарларнинг хулк- атворини кайта- кайта ва кайта- кайта тахлил килиш керак, калта иштон кийиш керакми ёки узунрокми, соколни кандай куйган маъкул, унинг ранги канака булса суннатга амал килинган булади… ва хоказо. Исломда «илмни Хитойга бориб булса хам урганинг» деган хадислар эса иккинчи даражали масала деб каралади. Демак шариатни миллий максадга мослаб кайта куриб чикиш керакдир, купрок укишга, урганишга, ёшларнинг бир эмас бир нечта касбда профессионал булиб етишишини норма килиб белгилаш керакдир. Бир нечта тил урганиш, хар бир балогат ёшидаги йигит- кизда хайдовчилик махорати ва гувохномаси мактаб программасига киритилиши ва ижро этилиши керакдир? «Тог Мухаммаднинг олдига келмаса Мухаммад тогнинг олдига узи борибди» деган гап бор, бугунги биз тушунган Ислом бизни куткармас экан уни кайта куриб чикиб балки биз Исломни куткарармиз? Балки, кетлари ёг босиб кетган катта- катта кориларимиз шунга жазм килишар?…

Агар сиз бугунги узбеклар тушунган исломни бошкача тушунсангиз буни бизга очикланг , токи биз хам тушунайлик . гуе 29.9 million узбек исломни бошкача тушунади-ю, сиз бошкача тушунасиз . Хуш , Исломнинг кайси куринишида халкимиз бошка халклар билан тенглашади ? Сиз умумий гаплар билан эмас , деталлар билан очиклай оласизми фикрингизни ? Уйлайманки, йук , чунки сизнинг шархингиз миллат мафаатига эмас , араб спонсорларининг манфаатига йугрилган ! Ибн Сино ва Берунийни билмадим , лекин, Улугбек айнан чаламуллалар фатвоси билан уз угли кули билан бугизланган -ку! Бугун хам Ислом деган тушунча айнан шу чаламуллалар томонидан бошкарилаетгани ва улар фойдасига ишлаетганини курмaйсизми ?”..

 Муҳаммад Солиҳнинг жавоблари

Комилжоннинг миллат ҳақида қайгуришларининг самимийлигига шубҳа йўқ. Аммо мусулмонларнинг жорий фожиаси исломга қаттиқ берилганликда эмас, балки исломга берилдим, деб бидъатга берилганликдадир.

Чунки ҳақиқий илм — исломдадир. Бу Ибни Синонинг илми, Ал Хоразмийнинг илми, Берунийнинг, Улуғбекнинг, Али Қушчи ва бошқаларнинг илмидир.
Улар — ислом шариатини ўз ҳаётларининг дастури қилган инсонлар — бугунги дунёвий илмларнинг тамал тошларини қўйган буюк аждодларимиздир.
Бугунги «ислом олимлари» исломни ўз ҳаётларида ҳаддан ташқари кўп тадбиқ этганларидан эмас, тўғри тадбиқ этмаганлари сабабли «комилжонлар»нинг танқидига учрамоқда. Ва уларнинг тилидан, билиб-билмай, чаламуллалар эмас, балки динимиз ислом қораланмоқда.
«Комилжонлар» фикрича, агар халқимиз номозни 5 вақт эмас, озроқ ўқиб, ўрнига позитив «илмларни» ўрганганда эди, интеллектуал соҳада олдинга кетиб, фанда тараққий этар,фаровонликка эришиб.. Москвада енгилроқ ишларда ишлаган бўлар, турмуш савияси юксакроқ бўлган бўларди,дея мушоҳада қиладилар ва ниҳоятида «динни ислоҳ қилмасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди» қабилидаги кенг тарқалган демагогия (сафсата)ни ёйишга ҳаракат қиладилар.
Аслида, ҳақиқат бу истиқоматнинг терс йўналишидадир: ислом дунёсидаги бугунги залолат ва шармандаликнинг асос сабаби — исломий илмсизликдир, дин билгисининг саёзлигидадир.
Яъни мусулмонлар динни ўзларига кўра эмас, ўзларини динга кўра ислоҳ қилишлари керак.Чунки ҳақиқий илм — исломдадир.
Демак,динни ўзимизнинг ПАСТ савиямизга туширишга интилиш ўрнига, қалбларимиз ва ақлларимизни диннинг ЮКСАКликларига кўтариш учун ғайрат қилишимиз керак. Илмларимизни ҳам шу табиий иқлимда оширишимиз лозим.Миллий мафкурамиз хам шу тамалга қурилиши керак.

Aфсуски, сиз айтгандай, ислом номидан гапираётган чаламуллалар кўп. Буни зотан эътироф қилдим аввалги хатимда. Лекин ҳаммага маълум бўлган бу тасбит сизга 29,9 миллионлик аҳоли номидан гапириш ҳуқуқини бермайди. Мен ўз фикримни айтдим, сиз ҳам одоб билан ўз фикрингизни айтаверинг, дарров 29,9 миллионнинг адвокатига айланмасдан.

Улуғбекни дин эмас, чаламуллалар ўлдирди.Сизнинг ватанпарварлигингизни «самимий» дегандим, аммо сизни ранжитмаслик учун унинг муҳим жиҳатини яширгандим, айтишга мажбур қилдингиз:сизнинг ватанпарварлигингиз саёздир.Саёзлик эса доим агрессив бўлади.Худди Улуғбекни қатл этган чаламуллалар каби агрессив. Шу маънода,сиз ўша нафратланганингиз чаламуллаларга жуда яқинсиз: улар дин тарафидан чаламулла, сиз қарши тарафдан чаламулласиз. Яъни,айни танганинг терс юзисиз.

Китобимиз Қуръони Карим арабларнинг ҳадяси эмас, Оллоҳнинг юборган Китобидир. Унда ўтмиш ҳам, келажак ҳам ёзилгандир. Бу илмий исбот қилинган бир ҳақиқат. Ақлли инсонларга исботни такрорлашнинг ҳожати йўқ, жоҳилларга эса фойдаси йўқ.

Сиз яна бошқа бир изоҳда халққа «кўзингни оч, бўйнингдаги дин занжирини уз!», дея хитоб қилибсиз. Аммо кўзни очиш билан муаммо ҳал қилинмайди. Кўз очиқ бўлиши мумкин, аммо кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Миллионлаб, ҳатто миллиардлаб кўзи очиқ кўрлар яшаяпти дунёмизда.Факат ўзларини яратган Зотни таниганларнинггина кўзлари (ҳақиқатни) кўриши мумкин. Қолганлари бебахтлардир — кўзи очиқ кўр, қулоғи бор сағирлардир.Роббини таниган инсонлар учун эса дин — махлуққа қулликнинг занжири эмас, Холиққа  қулликнинг ҳурриятидир.

Хўш, нега бизнинг мусулмон ўлкаларимиз тараққий этмаяпти, нега қолоқ?

Атеистларнинг иддао қилганидай, шариатнинг қонун-қоидаларини бажаргани учун шу таназзулга тушдими уммат?

Нега мусулмон бўлмаган Оврупо ва Америка фан ва техникада олдинга кетди? Нега уларнинг жамиятида моддий фаровонлик ва ижтимоий истиқрор ҳоким?

Бу саволларга ҳар ким тушунадиган шаклда, содда жавоб бериш мумкин: Таназзул уммат ислом шартларни бажаришни тарк этган асрдан бошланди. Мусулмонлар беш вақт номоз ўқисам, закот берсам, ҳажга борсам,рўза тутсам шунинг ўзи жаннатга киришим учун етарлидир, дея фикрлай бошлаганда таназзул инди устимизга.

Таназзулнинг сабаблари зоҳирда Иқтисодий,Сиёсий ва ёки Ижтимоий бўлиб кўриниши мумкин,аммо бу юзадаги сабаблар замирида асос сабаб — Маънавийдир.

Таназзул биз шариат тақозо этган бошқа амрларга итоат қилмай қўйган заҳот инди. Шариат мусулмондан ёлгон сўзламаслкни, ваъда берса ваъдасини тутишни, омонатга хиёнат қилмасликни талаб этса, мусулмонлар сўзларкан ёлгон сўйлайдилар, ваъда берса ваъдасини тутмадилар ва омонатга хиёнат қилдилар.

Пайғамбаримиз бизга илмни Чиндан бўлса ҳам изла, бир ишни бажараркан, уни худди абадий яшайдигандай ижро эт, астойдил меҳнат кил,эртага Киёмат келаётган бўлса ҳам, бир ниҳол ўтқазиш имкони бўлса, у ниҳолни ўтқаз,деб насиҳат қилди, аммо мусулмонлар ялқовлик қилишди, илм излашдан эриндилар, илмлилардан қўрқдилар, уларни Улуғбекни қатл килган каби қатл этдилар, ниҳол экиш ўрнига, ўрмонларни кесдилар, далаларини вайрон айладилар. Бунинг мукофоти — Таназзул бўлди.

Овруполиклар эса тескарисини қилдилар: ёлгон сўйламадилар, ваъда берса ваъдасини тутдилар, омонатга хиёнат қилмадилар.Ишларини пухта ва холис бажардилар.Ўзлари ислом бўлмасалар-да — Тавҳид истисно — ислом дини чизган чорчўп ичида ҳаракат этдилар: астойдил меҳнат қилдилар,илмли инсонларнинг бошини силадилар, ёрдам бердилар,юксалтдилар, бир дарахт ўтказиш имкони бўлса, дарҳол ўтқаздилар ва ҳакозо ва натижада ўлкалари тараққий эта бошлади.

Ўтган асрда зикр аҳлидан бир олим бу хусусда шундай деган эди. «Оврупoликларнингқилган иши бизнинг динимиз каби мустаҳкам, бизнинг қилган ишимиз уларнинг дини каби бузуқ» деганди.

Ҳа,овруполик ўз ишини сифатли килгани учун Оллох уни бу дунёнинг неъматлари билан сийлади ва сийлаяпти. (Албатта, Охиратнинг ҳисоби бошқа, бу бошқа бир мавзу)

Яъни Ислом Дини бутун дунёга келган бир диндир, фақат мусулмон бўлган нуфузга келгани йўқ.Китобимиз дейдики, шу-шу ишларни шу-шу шаклда ижро этсанг, бунинг шундай мукофоти бор, ижро этмасанг шундай жазоси бор — ихтиёр сенда,дейди. Мужда шунчалар очиқ ва шунчалар содда!

Гапимнинг сўнгида шу жиҳатга ҳам тегинишни лозим кўрдим: бу ерда ислом дини факторининг  тараккиёт вa моддий фаровонликдаги роли ҳақда гапирилар экан, бунга Оврупо жамиятининг зоҳирда кўринган мураффаҳ турмуши ўрнак кўрсатилди. Аммо Оврупо маданиятининг маънавий жиҳатидан  буюк бир чўкиш жараёнини яшаётгани ҳақда гапирилмади.  Ҳолбуки, фақат моддий фаравонлик ва техник тараққиётнинг ўзигина инсон зотини бахтиёр қилиш учун етарли эмаслигини яна ўша Ғарб жамиятидаги ёлпи жиннат, руҳий тушкунлик шафқатсиз бир шаклда намоён этди.

Бу  фожиа юқорида ишора қилганимиз Тавҳиддан жудо бўлган бир жамиятнинг фожиасидир.

Манба: Ўзбекистон Халқ Ҳаракати