Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир

07.08.2015 Karadeniz akşamiКаримов режимининг мухолифатга нафрати табиий кўринса-да, ўзларини режим мухолифи санаган ғаююрлар гуруҳидаги нафратнинг ижтимоий илдизларини топиш унчалик осон эмас. Ҳар ҳолда, буни 1980-нчи йилларнинг охирида юртимизда юз берган сиёсий ўзгаришлар заминидан ахтариш лозим.

Лекин мақоламизнинг вазифаси бу эмас. Вазифа шу кечган 20 йил ичида жамиятимиз нақадар теран бир деградацияга, чиришга юз тутганини қисқа эътироф этиш ва бу иддаони бир неча конкрет мисол билан тасбит этишдир.

Бундан бир йил аввал эски дўстим рассом Ислом(Вячеслав) Охунов билан Оврупада учрашиб, юртимиздаги аҳволни таҳлил этарканмиз, рассом инсонлар ниҳоятда бузилиб бораётгани, ораларида бир-бирига ишонч тамоман йўқ бўлиб бораётгани ва бутун мамлакат узра бир жиннат атмосфераси ҳоким эканини гапирди.

— Тасаввур қил, бизнинг маҳаллада 70 йилларда битта жинни бор эди, бугун жиннилар сони еттита! Ўлкамиз социал психологияни тадқиқ этувчилар учун яхши лаборатория бўлиб қолди,- деди у.

Имом Ғаззолий ҳазратлари шундай дейди: Агар бир чўққидан пастга қараб бир шаффоф сув оқса, пастдаги лойқа ирмоқ ҳам шаффофлашади. Агар чўққидан ифлос сув оқса, пастдаги шаффоф сув ҳам ифлослашади.

Бугун Каримов ўтирган тепадан фақир-фуқоро водийсига оқаётган сув – ифлосдир. Пастдагилар ҳам бу ифлосликдан ўз насибини олмоқдалар. Ҳатто биз мунаввар деб суйган, зиёли деб алқаган жамоат ҳам бу ифлосликдан ўзини етарли даражда ҳимоя этаолмаган кўринади. Юз бераётган ҳалокат маънавий ҳалокатдир. Зиёли деганимиз кишидан зиё ўрнига ҳалокатли радиация нурлари таралмоқда бугун.

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир.

Бир зиёли деб ўйлаб юрганимиз киши Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ташабусчиларини Миллий Хавфсизлик Хизматининг лойиҳасини амалга оширишда, хатто МХХнинг қўғирчоқлигида айблайди. Айбларкан, инсофсизларча, ҳеч бир далилсиз, исботсиз, дабдурустдан, ҳаёсизларча айблайди.

Абу Жаҳл бир куни Пайгамбаримиз (с.а.в) га қараб “Нақадар хунуксан, эй, Муҳаммад!”, деганида Росулиллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам: “тўғри айтдинг”, деб жавоб берибди. Кейин Ҳазрати Абубакр келиб, «Ё Росулиллоҳ, сен на хушрўй инсонсан!”, деса, Пайгамбаримиз (с.а.в)унга ҳам “тўғри айтдинг”, дея жавоб берибди.
Бунга гувоҳ булган саҳобалар “Ё Росулиллоҳ. нечун ҳар иккаловига ҳам “тўғри айтдинг”, дединг, деб сўрашганида Оллоҳнинг сўнгги пайғамбари «Чунки менга қараб ҳар ким ўз аксини кўради», деб жавоб берган экан.

Инсон ўз ниятининг акс-тасвиридир деганимда шу ҳақиқатни назарда тутгандим.
Бугун яхши ният билан йўлга чиққан ҳаракатимизга ифтиро қилаётганлар бизнинг ҳаракатимизни ҳақорат қилаётганларнинг ҳаммаси унда ўз АКС тасвирларини кўрмоқда.

Агар шундай бўлмаганда эди, муфтарийлар бизга ҳаракатни “ўзини кўрсатиш учун” қурди, демаган бўларди. Ҳолбуки, Оллоҳу Таоло бизни ўзимизни кўрсатишга ҳеч муҳтож этмади. Доим кўриниб турдик, шаффоф бир уйда яшаган мисол, умримиз ҳамиша халқнıнг кўз олдида ўтди. Унутилдик, энди бироз тинч яшаймиз, деб умид қилган заҳот душманларимиз ҳаракатга кечди, бир ифтиро, бирор туҳмат уюштириб, исмимизни воқеаларнинг қоқ ўртасига ерлаштираверди, ҳеч унутмади бизни, унуттирмади…

Муҳаммад Солиҳ
2011

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *