Муҳаммад Бекжон янги технологияларни ўзлаштирмоқда ва китоб ёзмоқчи

18 йилдан сўнг мамлакатда ҳокимият ўзгаргани шарофати билан ўзбек қамоқхонасидан озод қилинган журналист Муҳаммад Бекжон озодликда ўтган дастдабки уч ойи ҳақида ҳикоя қилади.

63 ёшли Муҳаммад Бекжон 1999 йил февралда хибсга олинганди ва 2017 йил 22 февраль куни озодликка чиқди.

Бекжонга, унинг укалари Рашид ва Комилларга қўйилган расмий айблов гўёки уларнинг 1999 йил 16 февраль куни Тошкентда амалга оширилган портлашларга алоқадорлиги эди. Ҳукумат мухолифат ва исломчиларни ушбу портлашларни амалга оширишда айблаганди.

Бу вақтда Бекжон оиласи билан Украинада яшарди, бироқ Тошкентдан юборилган сўровнома асосида қўлга олинди ва Ўзбекистонга жўнатилди.

Аммо Муҳаммад Бекжоннинг узоқ муддатли ва умидсиз маҳкумлик даври мобайнида унинг аслида нима сабабдан қамоққа ташлангани ҳеч кимга сир эмасди.

“Эрк” партиясининг расмий газетаси бош муҳаррири ва мухолиф қарашда эканига қарамасдан аслида унинг президент Ислом Каримов қасос ололмаган акаси, “Эрк” партияси лидери Муҳаммад Солиҳ учун жазо ўтаётганини ҳамма биларди.

Бекжоннинг сўзларига кўра айнан Каримовнинг ўлими ва ҳокимиятга янги лидер – Шавкат Мирзиёевнинг келиши унинг озодликка чиқишига имконини берган.

Бекжон ҳали ўзини 100% озод деб ҳисоблай олмаслигини айтади. Бир йил давомида у назорат остида бўлади ва демак у Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятини тарк этиш ҳуқуқига эга эмас. Ҳозирда Бекжон у ердаги акасининг уйида истиқомат қилмоқда.

Собиқ махбус АҚШда яшаётган ва ҳозирча Ўзбекистонга кириш учун виза олишга муваффақ бўлмаган қизларини ҳалигача кўра олмаганидан афсусланади. Лекин у бир ой давомида ўзлаштирган турли хил мессенжерлар орқали улар билан мулоқот қилаётганидан хурсандлигини айтади.

Муҳаммад Бекжоннинг янги ҳаёти ҳақидаги бошқа тафсилотлар Ц-1 интервьюсида берилган.

– Ҳурматли Муҳаммад, айтингчи озодликнинг дастлабки уч ойида нималар билан банд бўлдингиз?

– Турмадан чиққанимдан сўнг мен учун бир йиллик назорат ўрнатилди – бу вақт ичида мен нафақат Ўзбекистондан, балки Хоразм вилоятидан ҳам чиқа олмайман.

Америкадан турмуш ўртоғим Нинанинг мени кўриш учун келганига хурсанд бўлдим, қизларимга ҳозирча виза беришмаяпти.

Бир ой олдин амалиётни бошдан ўтказдим, ҳозирда реабилитациядаман.

Тошкентга бориб танишларим билан учрашишни жуда истардим. Сирғалида жойлашган уйимни қайтариб беришларини хоҳлардим – уйни мен ҳибсга олинган вақтда мусодара қилишган.

Уйимни ва Тошкент пропискамни қайтариб беришларини сўраб президентнинг виртуал қабулхонасига ёзмоқчиман.

Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилишни жуда истардим.

– Ўз келажагингизни АҚШ билан боғламоқчимисиз ёки Ўзбекистон билан?

– Албатта Ўзбекистон билан – бу менинг Ватаним. Мен АҚШга қизларимни ва невараларимни бағримга босиш, уларнинг қандай яшаётганликларини кўриш учун боришни истардим.

– Турмада ўтган вақтингизни эслайсизми?

– Мен эндигина унута бошладим ва 18 йил мобайнида бошимдан ўтказган даҳшатни эслашни хоҳламайман. Айтишим мумкинки фақат сабр ва бардошгина ўзбек турмасида менинг тирик қолишимга ёрдам берди.

Дастлабки ва сўнги беш йил қийин кечди. Бошидаги беш йилда даҳшат ҳеч қачон тугамайдигандек туюлди.

Менга янги муддат қўшиб беришганидан сўнг, мен умримнинг қолган қисмини турмадан ўтказаман деган фикрни ҳаёлимдан чиқаришга ҳаракат қилдим (2012 йили Бекжоннинг қамоқ муддати 4 йил 8 ойга узайтирилганди – Ц-1 изоҳи). Каримовнинг ўлими мени қутқарди.

– Унинг ўлимидан қандай хабар топгандингиз ва умуман турмада янгиликлардан қандай хабардор бўлардингиз?

– Махбуслар атрофида ахборот бўшлиғи вужудга келади. Менга янгиликларни кам сонли учрашувларда асосан турмуш ўртоғим ва қариндошларим етказишарди.

Бир йилда бир нечта маротама уч-тўртта мактуб олардим. Фақат турмадан чиққанимдан сўнг билдимки менга журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва оддий инсонлар қўллаб қувватлаб минглаб мактуб ёзишган экан.

Қизиқ, биз Каримовнинг ўлими ҳақида 3 сентябрь куниёқ эшитдик (Ислом Каримов расмий талқинга кўра 2016 йилнинг 2 сентябрь куни вафот этган – Ц-1 изоҳи).

Аммо мен нидир бўлганини ҳис қилдим. Каримовнинг жанозасидан сўнг турма маъмуриятининг менга нисбатан муносабати тўсатдан яхши томонга ўзгарди.

– Сиз Ўзбекистондаги қайси қамоқхонани энг қўрқинчли деб ҳисоблайсиз?

– Биринчи ўринда – “Жаслиқ” (Қорақалпоғистоннинг шимолида жойлашган, 1999 йили сиёсий махбуслар учун очилган – Ц-1 изоҳи) ва Навоийдаги 46-колония.

Тошкентдаги ИИВ ертўласида менинг оёқларимни синдиришди, “Жаслиқ”да эса қийноққа солишди.
Агар сиз мени ким урганини сўрасангиз мен ҳатто буни сизга айта олмайман: “Жаслиқ”да бошни кўтариш мумкинмас – бутун махбуслар фақат ерга қараб юришади.

Охирги беш йилни мен Зарафшон турмасида ўтказдим. У ерда шароит яхшироқ лекин мени ахборотдан ажратилган ҳолатда сақлашди.

– Ўзбек турмаларини ислоҳ қилиш учун нималарни таклиф қилган бўлардингиз?

Биринчи навбатда сиёсий махбусларни чиқариб юбориб зоналар сонини камайтириш керак.
Юсуф Рўзимуродов, Аъзам Турғунов ва Солижон Абдураҳмонов каби журналистлар ҳали ҳам қамоқхоналарда қолишмоқда. Ва албатта қийноқлар ва адолатсизлик рамзи бўлган “Жаслиқ”ни ёпиш керак.

– Сизни Украинадан қандай қилиб ўғирлаб кетишганини эслайсизми?

– Ҳа, жуда яхши эслайман. 1999 йили буни кўтариб чиққан ягона инсон Украина Халқ Ҳаракати Партияси лидери Вячеслав Черновил бўлди.

У ҳам биз туфайли қурбон бўлди деган шубҳадаман. Бизни Ўзбекистонга олиб чиқиб кетишганидан сўнг у Римдаги халқаро йиғилишда баёнот билан чиқмоқчи эди. У улгурмади: унинг автомобили юк машинаси билан тўқнашиб ҳалок бўлди.

Мен билан бирга Украинада Муҳаммад Ражаб исмли яна бир журналист бор эди. Уни ҳам ўғирлаб кетишди ва у ҳали ҳам қамоқда.

Кучма (Леонид Кучма – 1994-2005 йилларда Украина президенти – Ц-1 изоҳи) бир йилдан сўнг украиналик журналистларнинг нега сиёсий махбусларни Ўзбекистонга берлингиз деган саволларига жавоб бераркан у буни билмаганини айтди ва узр сўради.

– Озодликда нима сизни ҳайратга солди?

– Ахборот соҳасида содир бўлган ўзгаришлар. Мен сенсорли уяли алоқа телефонини, интернет, скайп ва ҳоказоларни қандай ишлатишни билмасдим. Бир ой давомида шуғулландим ва ўргана олмай қолган нарсаларимни ўзлаштиришга ҳаракат қилдим.

– Сизга нафақа тайинланганми?

– Нафақа тайинланганига уч йил бўлди. Энди расмиятчилик ишлари билан шуғулланмоқчиман. Тўғри, менга фақат энг миқдор бўлган 150 минг сўмлик (қора бозор қиймати бўйича 18 долларга тенг) нафақага умид қилишимни айтишган.

– Сиз мамлакат, янги ҳукумат ва президент ҳақида қандай фикрдасиз?

– Ўзгаришларни кўряпман, тўғри ҳозирча улар кўп эмас. Лекин мен кўчага чиқиб одамларнинг эркин мулоқот қилишаётганини, ҳукуматнинг камчиликлари ҳақида гапиришаётганини кўраяпман. Каримов режими вақтида буни тасаввур қилиш қийин эди.

Агар Шавкат Мирзиёев бўлмаганида мен ҳали ҳам турмада учинчи муддатимни ўтаётган бўлардим.

Йил охиригача қолган сиёсий махбусларни ҳам чиқариб юборишади деб умид қиламан.

Мирзиёевга Каримовдан жуда оғир мерос, шу жумладан унга ёрдам бермасдан кўпинча тўсқинлик қиладиган унинг командаси қолди.

– Акангиз Муҳаммад Солиҳ билан алоқа қилиб турасизми? Ундан хафа эмасмисиз?

– Ундан нега хафа бўламан? У ҳаммасини тўғри қилди: агар у Каримов олдида тиз чўкканида мен уни кечирмаган бўлардим. Менга неча марта озодлик ваъда қилишиб уни сотишимни сўрашди. Мен рад қилдим – яхшиси турмада ўлиб кетганим яхши дедим. Агар биз уни сотган тақдиримизда ҳам барибир Каримов бизни қўйиб юбормаган бўларди.

– Интервью учун катта рахмат сизга Муҳаммад, саломат бўлинг!

Манба: ЎХҲ ахборот бўлими

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *