Озчилик мансублари

Бугун ўлкамизда моддий дунё қадриятлари биринчи планга чиққан бир замонда, одамнинг бутун куч-қуввати фақат қорин тўйғазиш мужодаласига сарф булаётган бир пайтда маьнавият ва ахлоқ хусусида гапириш жуда қийин. Чунки оч қоринга қўшиқ ёқмайди. Оч қоринлар бугун халқимизнинг 90 фойизини ташкил қилади.

Халқимиз ҳаддан ташқари қашшоқ. Ҳаддан ташқари қашшоқлик ҳам ҳаддан ташқари бойлик каби одамни маънавиятдан узоқлаштиради. Лекин бу йўқсиллик ва озчилик чангалида ҳам ўз иймонини сақлаган, ҳалол ва ҳаромни ажратишга қодир, гуноҳ ва савобнинг фарқига борган инсонлар оз бўлса ҳам мавжуддир.

Бу озчилик аслида инсонликнинг безагидир. Агар қиёмат ҳали ҳам қўпмаган булса, ўша озчиликнинг мустаҳкам иймони туфайлигина қўпмай турибди дейиш мумкин. Бу озчилик, бу тоифадаги одамлар ўзларининг ҳаётида бу қадар муҳим рол ўйнаётганини хаёлига ҳам келтирмайдилар. Албатта улар учун қиёмат қўпиши, охир замон каби иборалар жуда ҳам баландпарвоз туюлади ва бу хусусда баҳс қилишдан улар тортинадилар.

Бу тоифа одамлар ҳеч қачон замона қаҳрамонлари каби саҳнага чиқмайдилар. Доим орқа планда яшайдилар. Аммо масала иймонга келиб тақалганда, жамиятнинг охирати белгиланадиган бир нуқтада улар дафъатан пайдо бўладилар ва ўзининг йилларча кутган вазифасини ҳеч иккиланмай бажаришга киришадилар.

Шундай бир лавҳани, Туркистоннинг руслар тарафидан истило этилиши тарихидан бир лавҳани кўз олдингизга келтиринг. Рус аскарлари бир шаҳарнинг дин арбобларини тўплаб, қатл килишга ҳозирланаяпти. Дин арбоблари қўллари боғланган ҳолда девор ёнида тизиб қўйилган – улар ўз ўлимларини кутаётир.

Қатлни ижро этаётган рус аскарининг ёнига бир ўзбек яқинлашиб:

“Солдат, бу ерда нима бўлаяпти?”, дея сўрайди.

Солдат: “Мусулмонларни отишаяпти”, деб жавоб беради.

“Нима?”, дея қайта сўрайди содда ўзбек тушунмай.

“Мусулмонларни отишаяпти”, дейди асабийлашиб солдат.

“Шунақами”,- дейди содда ўзбек. – “мен ҳам мусулмон-ку, нега мен қолиб кетишим керак”, дея дарров мусулмонларнинг сафига бориб қўшилади ва улар билан бирга шаҳид бўлади.

Бу тарихдан бир воқеа. Бўлган воқеа.

Яна бир мисолни Имом Ғаззолийнинг китобидан келтираман. Золим подшоҳлардан бири бир мусулмонга мажбуран тўнғиз гўшти едириб, шарманда қилиш учун ҳузурига чақиради. У одам бундан бош тортади. Шунда подшоҳ унга қўй гўшти беради. Аммо у буни ҳам рад қилади, емайди. Ва подшоҳ уни катл этишга буйруқ беради. Бу одамнинг атрофидагилар унга: “Нега қўйнинг гўштини еб, жонингни қутқармадинг?”, десалар, маҳкум уларга шундай жавоб беради:

“Мени бу ерга тўнғиз гўшти едириш учун олиб келганликларини ҳамма яхши билади. Агар қўй гўштини еб жонимни қутқазсам, барибир одамлар “тўнғиз этини еди ва шу йўл билан жонини қутқазди”, деб ўйлайдилар. Шунинг учун қўй этидан воз кечдим ва ўлимни афзал курдим”.

Золим подшоҳ, албатта, бу кишини қатл килади. Бу одам эътиқоди учун ўз жонини фидо қилади.

Бугун шундай бир замонда яшаяпмиз-ки, бундай воқеаларни ҳикоя қилиш ва бундай вокеаларни эшитиш ҳам анча эриш туюлса керак. Ўз эътиқоди бўлиши ҳам ва бу ҳалок бўлган одамни ўрнак ўлароқ кўрсатиш ҳам бугунги жамиятнинг ахлок кодексига кирмаган, афсус.

Бугунги жамиятда инсонлар учта тоифага бўлингандир. Биринчи тоифа: қорин тўйғазиш учун ҳар нарсага тайёр кишилар тоифаси.

Бу тоифа ҳалол-ҳаром, гуноҳ-савоб нималигини билмайди, билишни ҳам истамайди. Булар гуноҳ қилар экан, онгли равишда, биларак гуноҳ килади. Улар ҳаром ер экан, онгли равишда, биларак ейди ва бундан ҳеч пушаймон бўлмайдилар. Улар Оллоҳнинг исёнкор қуллари, жазолари ҳам узларига маълум. Бу тоифа бугун жамиятимизнинг энг катта бўлагини ташкил этади, афсус.

Бундан кичикроқ бўлагини иккинчи тоифа ташкил қилади. Иккинчи тоифага мансуб кишилар, табиатан яхшиликка мойил, аммо замона зайли билан яхшиликдан кўра ёмонликка яқин бўлиб қолганлар. Улар, одатда: “Нима қилайлик, замона шунақа”, дея нолийдилар. Улар ўзлари қилган гуноҳнинг гуноҳ эканлигини билишади ва бундан қаттиқ афсусланишади. Аммо бу афсус ҳеч қачон тавба қилиш даражасига етмайди. Улар гуноҳларини ўз иймонига эмас, яна замонга ва унинг ўзига хослигига йўйишади. Шу усул билан масъулиятдан қутилиб, янги гуноҳларга йўналишади ва бутун умр шундай бир аросатда кун кечирадилар.

Бу тоифа мансубларининг охирати ҳам ачинишга лойиқдир.

Учинчи тоифа, жамиятнинг энг кичик бўлаги, том маънода яхши одамлар дейишга арзигулик бир тоифа. Бу одамлар юкорида саналган ҳар икки тоифага ҳам гўё бегонадир. Бу одамлар наздида ҳар иккала тоифа ҳам нафақат танқидга, балки, Оллоҳнинг ғазабига лойиқдир.

Лекин бу қараш, учинчи тоифа одамлар учун, ўзлари ёмон кўрган ўша икки тоифа одамлари билан бемалол бирга яшашга ҳалақит бермайди.

Биринчи ва иккинчи тоифа қилаётган бутун чиркин ҳаракатлар яхши одамлар тоифасини 6у чиркинликка қарши исён қилиш даражасида жунбушга солмайди.

Бу тоифа ҳакида бир ривоят бор. Бир куни Оллоҳ таоло Ҳазрати Нуҳга: “Сенинг қавмингдан юз минг кишини ҳалок қилмокчиман, улардан олтмиш минги ёмон, қирқ минги яхши одамлардир”, дейди. Наби пайғамбар бунга бироз ҳайрон қолади ва Оллоҳ таолодан сўрайди: “Ёмон одамлар-ку, майли, аммо қирқ мингта яхши одамнинг айби нимада, ё раббий?”, деб сўрайди. Оллоҳ таоло шунда: “Бу яхшилар менинг ғазабимни қўллаб-қувватламадилар, ёмон одамлар билан еди, ичди, ётди, турди. Шунинг учун уларни ҳам ёмон одамлар қаторига қўшдим”, дейди. Бу – ўша учинчи тоифага оид бир ривоят.

Лекин биз айтмоқчи бўлган, биз мадҳ қилаётган тоифа булар эмас. Бугун мадҳга, мақташга арзигулик бир тоифа бўлса, 6у ҳам юқорида айтилган ўша озчиликни ташкил қиладиган одамлардир. Бу озчилик ўша саналган уч тоифанинг ҳеч бирига кирмайди. Уларнинг сони оз ва улар ҳеч қачон тоифа ёки синф даражасига кўтарилмайди. Уларнинг сони асрлар давомида бир хил қолади ва бу сон бир миллатнинг миллатлигини белгилайдиган мезондир. Бу озчиликка мансуб бўлган кишилар ҳеч качон замонни мақтамайди, “замон шунақа”, деб ўз гуноҳларини оқламайди, “замон шунақа”, деб ўз дўстига хиёнат қилмайди, “замон шунака”, деб бировнинг ҳаққига хиёнат қилмайди, ўғирламайди, тўғри яшайди. Улар очлик-қаҳатчиликда ҳам, вабо ёки уруш даврида ҳам ўз эътиқоди буюрган вазифани оғишмай бажаришда давом этади, ўз иймонини ёмонликлардан мудофаа этади.

Бу озчилик мансубларининг жамиятда ноёб бир мавқеи йўк, улар деҳқон ҳам бўлиши мумкин, косиб ёки муҳандис, ўқитувчи ёки ишчи ҳам бўлиши мумкин.

Муҳаммад СОЛИҲ
“ЭРК” газетаси, 120-сон, 1996 йил.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *