Адолат тантанасини кутаяпмиз

АДОЛАТ ТАНТАНАСИНИ КУТАЯПМИЗ

Узоқ йиллардан бери Ўзбекистондаги авторитар режимнинг репрессив қиёфасини ўзида мужассамлантирган Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовнинг вазифасидан узоқлаштирилиши аҳоли ўртасида мисли кўрилмаган севинч билан қарши олинди.

Инсон ўз қилмишлари билан халқ орасида муҳаққақ ёки ҳурматга ва ёки нафратга сазовор бўлишини бу воқеа яққол кўрсатди.

Бу мулозимга қарши Интернет тармоқларида юз кўрсатган халқ нафратининг нақадар хайбатли ва ҳалокатли бўлиши мумкинлигига гувоҳ бўлдик.

Аллоҳ бундай шармандаликни бандасига кўрсатмасин!

Энди бу шахс қолдирган чиркин меросни ўртадан олиб ташлаш керак. Энди у бошқарган ташкилот зиндонларида ва ҳужраларида ҳали ҳам қийноққа солинаётган маъсум инсонларни қутқариш лозим.

Адолатнинг тантанаси биринчи навбатда МХХ ва унинг ишдан олинган раҳбари буйруғи билан ҳибсга олинган сиёсий маҳкумларни озод этишдан бошланиши керак.

Булар ўз қалами билан Каримов режимига қарши курашган, янги ҳукуматга хайриҳоҳ журналистлар Бобомурод Абдулла, Ҳаётхон Насриддинов, Акром Маликов, Дилмурод Саидов ва ўз эътиқоди учун зиндонларда чиритилаётган мингларча бошқа мусулмонлардир. Бу мавзуда мен тўғридан Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилмоқчиман:

Ҳурматли Президент, юқорида саналган қалам соҳибларининг айбсиз эканини сиз ҳам муҳаққақ биласиз. Улар ҳаётининг ҳак ва ҳуқуқсиз, қийноқлар остида кечган ҳар дақиқаси ҳаммамизнинг виждонимизда бир яра бўлиб сизламоқда.

Виждонларимизга ягона малҳам — адолатнинг тантанаси бўлиши мумкин холос. Бу ишни амалга ошириш саодати бугун сизга кулиб боқаяпти. Бу гўзал имконни қўлдан бой берманг ва маҳкумларни озод қилинг!

Муҳаммад Солиҳ

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *