ЁЗИШ ВА ТИЛ

Ёзиш бир тил воқеасидир.

Умримнинг иккинчи ярми ўзбек тили муҳитидан йироқда кечди.Натижада тил ва ёзув ўртасидаги гармония сезиларли даражада лат еди. Бу тажриба мен учун янгилик эмасди.

Узоқ 70-йилларда Совет армиясидан қайтиб, бирданига рус тили муҳитидан ўзбек тили муҳитига тушганимда қандай саросима кечирган бўлсам,90-йиллар ўртасида ўзбек тили муҳитидан юлиб олиниб, бошқа бир муҳитга ташланганимда айни ҳолатга тушгандим.

Ёзиш бир тил воқеасидир.

Агар сиз тушингизда гапирадиган тилда ёзмасангиз ёзган матнингизнинг таъсири кучли бўлмайди.

Инсон тушида рефлексга айланган бир тилда гаплашади.Таъбир билан айтганда «қон-қонига сингиб кетган» тилда.

Эсласангиз, филмларда жосусларни уйқуларида алаҳсирашларидан билиб олишарди.Улар она тилларида алаҳсирар ва ўзларини ифшо этардилар.

Агар бегона тил муҳитида узоқ яшалса ёки бир тилга кучли таважжуҳ кўрсатилса, бу тил ҳам она тил савиясига юксалиши мумкин.

Мен 1970 йил бошларида Совет армиясидан қайтганимда русча фикрлаш даражасига келган эдим. Икки йил давомида ўқиганим китоблар фақат рус тилида, икки йил танаффусиз гаплашганим тил ҳам рус тили эди. Ва тушимдаги алаҳсиришлар ҳам бу тилда кеча бошлади.

Тилимда Рус тили ҳукмронлиги, дилимда эса Рус шовинизмига қарши нафрат зеҳнимда буюк бир тазод, бир зиддият яратганди.

Совет армиясидаги русларнинг бошқа халқ вакилларига бўлган таҳқирловчи муносабати мени ўзбек миллиятчисига айлантирганди. Аммо рус тили мен учун нафақат рус, балки дунё адабиётига очилган бир дарвоза ҳам эди.Рус тилини севардим.

Аммо ўзбек тилини кўпроқ севардим. Чунки она тилим эди, қон билан кирган тил.

Аниқ эсимда,1972 йилда мени бир қўрқув босди. Наҳотки мен ҳам ўз она тилимда эмас, рус тилида ёзабошласам,деган ваҳимали фикр уйқумни буза бошлади.Мушоҳада, фикрлаш жараёни ҳали ҳам русча кечар эди. Ёзганларим русча тарзнинг ўзбекчага таржимаси эди.

Аллоҳга шукур, қўрқув мени она тилимнинг иқлимига йўналтирди.

Содда ва яланғоч, аммо ўз тилимда ўйлай, ўз тилимда ёзaбошладим.

Муҳаммад Солиҳ

18.10.2019

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *