ТОШБЎРОН
Ҳужм этар иштонин бошига кийиб
Шармсиз шаллақилар лашкари —
Ҳужм этарлар сенга! Меҳрдан ийиб,
Ҳолингни томоша қилар ёш-қари!
На бир ақрабодан, на-да дўстингдан
Нажот бор шу онда — қурир илигинг!
Чўян тран мисол тўхтар устингда
Беқарор кўзлари жамоатчиликнинг!
Ҳеч ким сўрамайди насли насабинг,
Ҳеч ким йўқ «Ким бу?», деб сўз қотадиган —
Ҳеч ким йўқ Халложнинг дўстлари каби
Тош ўрнига секин гул отадиган!
2020
Муҳаммад Солиҳ