АДАШГАН ҲАЙКАЛЛАР ВА НУРАЛИ ҚОБУЛ

АДАШГАН ҲАЙКАЛЛАР ВА НУРАЛИ ҚОБУЛ
(Портретларига чизгилар)

Нурали Қобулнинг илк ҳикояарини ўқиганман.

Ўйлайманки, бу ҳикоялар унинг ижодининг чўққиси эди.

Кейинги асарларини, романларини ўқимадим, тўғриси.

Бу бир ҳурматсизлик сифатида қабул қилинмасин.

Чўққидан ҳаммаси кўринади зотан. Нурали дўстим насрининг водийсига тушиб ўтирмадим. Чўққида қолишни танладим.

Шу боис, унинг асарларидан кўпроқ инсонлигини, шахсияти ҳақдаги таассуротларимни қисқача ўртоқлашмоқчиман.

Бу адабиётшунослар тегинишга истиҳола қиладиган бўлга — ёзувчининг кишилиги, инсоний жиҳатлари.

Алҳамдулиллоҳ, адабиётшунос бўлмаганим учун бу бўлга ҳақида бемалол гапираоламан.

Умид қиламанки, бу позициядан айтилган гапларим дўстларнинг кўнглини яраламйди.

Ихтисосий тарафдан эса, бу ёзувлар истиҳолачи адабиётшуносларга «муаллиф психологияси»ни англаш методикасига ёрдамчи бўлар.

Дўст ачитиб гапиради деган мақолга қўшилмайман. Менинг ақидамда дўст юмашатиб гапиради. Акс ҳолда, унинг душмандан фарқи қолмайди.

Шу боис, бир-неча кундан бери дўстларни эслар экан, юмшатиб гапираяпман.

Нурали Қобулни ёзувчиларнинг ижтимой классификациясида ижодкорларнинг энг катта, нуфузли синфи «ёшулличилар» синфига қўйиш мумкин.

Бу синфнинг қисқача характеристикаси шундай: «Инсон бу дунёга бир марта келади. Роҳат қилиб яшаш керак. Қандайдир мавҳум идеаллар учун адабиётни олат этмаслик керак, гўзал, инсонларни гўзалликка етаклайдиган нарсалар ёзиш керак. Буларни ёзаркан, душманни дўст қиладиган шаклда ёзиш лозим, дўстни душман қилиб эмас.

Адабиётни сиёсатга ҳам олат қилиш ақлсизликдир. Жуда олат этгинг келса, тарихий асарлар ёз, тарихдаги сиёсий лидерларни танқид эт, бутун нафратингни тарихий персонажлар кўксига жойлаб, уларнинг оғзи билан жорийларга эмас, яна ўша тарихий лидерларга ҳужум қил. Жорий сиёсатга эса зинҳор аралашма. Аксинча, ёшуллиларга эҳтиром кўрсат, уларнинг қўлини ол уларнинг дўстларига яқин, душманларидан узоқ юр.Зотан бизнинг халқ золим ҳукмдор бўлмаса қутуриб кетади, бу афсус, ҳақиқат. Иложи борича ёшуллиларга яқин бўлиш керак…»

Бу стандарт «ёшулличи»нинг психологияси.

Нурали Қобулда бу хислатларнинг айнан қайсиси бор эди, буни аниқ айтаолмайман.

Аммо унинг «ёшулличи» синфига оид эканидан шубҳам йўқ.

Нега буни ишонч билан айтаяпман, чунки ўзбек ижодкорларининг юзда 95 фойизи «ёшулличи» ва бу синфга кирмаган 5 фойиз ичидагилар ё қатл этилди, ё ўз ажали билан ўлди ёки қамалди ва ёки сургун қилинди.(Албатта, яна бир маригинал гуруҳ бор. Булар ёзганларини бостиролмай, тортмага қўйганлар -«тортмачилар» — яъни ёзганлари аччиқ ҳақиқатга таянган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон ва Набижон Боқий каби. Улар шонли ўзбек адабиётининг ўгай фарзндларидир. Улар жуда озчиликни ташкил қилади, афсус).

Агар аввалги «портрет»ларга чизги қўяркан, қахрамонларимнинг «ёшулличи» сифатига урғу бермаган бўлсам, бу уларнинг урғу бериладиган ёшулличиликдан ҳам муҳим жиҳатлари бўлганлигини кўрсатади.

Демоқчиманки, ёзувчи Эркин Аъзам, масалан, Нурали Қобулдан кўпроқ «ёшулличи» аслида!

Шу қадар-ки, 3-4 марта депуатат бўлди, катта мансабларда ишлади ва ҳакозо. «Ёшулличи» бўлмаса буларга асло эришолмасди табиий. Аммо у ҳақда ёзаркан, унинг «ёшулличилик»дан ҳам кўпроқ бўртиб кўринган сифати — артистлик санъати (овоз дўриллатиш,ҳомий кўриниш ва бошка эффектлар)ни олд планга чиқарган эдим.

Аслида ёшулличи синфи асло йиртқичлар синфи эмас. «Тарихий шарт-шароит» мусоид бўлганида ёшулличилар Эзгулик тарафида туриб, жуда кўп хайрли ишлар қилиш потенциалига эга кишиларнинг синфи бу. Умумият ла яхши инсонлар. Яхши яшашни ҳақли равишда истаган инсонлар.

Бу йўлда Ёшуллига нақадар яқин юрилса, у қадар яхши бўлишига ишонган характерлар.

Нурали Қобул бу синфнинг принципларини буздими, нима бўлди, Ислом Каримовнинг назаридан тушди деган хабарларни эшитгандим диктатор ўлмасдан бурун.

Ўйлайманки, бу «узоқлашув» (агар ҳақиқат эса) Нуралининг Охирати учун хайирли бўлганига шубҳам йўқ.

Нурали билан боғлиқ бир-неча илиқ хотирам бор. Шулардан биттаси Москвадаги учрашувимиз.

1979-йилда Ўзбекистон «Госкомиздат»и бошлиғи билан келган ёш Нурали Қобулни эслайман.

У ўша пайтлардаги «халқ отасига» Куёв мақомида эди. «Совет Ўзбекистон санъати» журналига Бош муҳаррир этиб тайинланганди.

Менга «ҳеч ким босмайдиган, цензурадан ўтмайдиган бир материал беринг, мен босаман», деди қаҳрамонларча.

Нуралининг шундай тантилиги бор эди Куёв бўлишига қарамасдан. Ёки Куёв бўлгани туфайли.

Нурали Қобулга русларнинг Русияга даф бўлиши орзу қилинган утопик бир эссени бердим:

АДАШГАН ҲАЙКАЛЛАР

Улар навбатда туришибди. Нон дўкони олдида турган одамлардай, қаторлашиб туришибди улар. Ҳар бирининг қўлида ўз юраги. Ойлаб, йиллаб тураверади. Ёмғир, қор остида тураверади.

– Мен шу ерликман, ўтказиб юборинг, – демайди ҳеч ким.

– Мен пенсионерман, ўтказиб юборинг, – деб бирортаси айтмайди.

– Мен фалон урушда қатнашдим, – деб ҳеч ким миқ этмайди.

Уларнинг ичида имтиёзлилар йўқ. Салла ўрагани ҳам, фрак кийгани ҳам индамай тураверади.

Бу ҳолат бир қарашда лоқайдлик бўлиб кўриниши мумкин, аммо уларнинг қиёфасига диққат қилган киши бир нарсани пайқайди: ҳайкаллар бири иккинчисини таниш учун қаттиқ тиришаяпти – саллали шоир пешонасини тириштириб, “буни қаерда кўрувдим-а”, дегандай фрак кийган шоирга, фракли шоир эса, унга тикилади.

Ҳайкаллар навбатда туришибди, аммо нима учун турганини ҳаммаси ёдидан чиқарган: ҳаммасининг диққати бир нарсага – бирбирини таниб олишга қаратилган…

Чиндан ҳам, жуда кўп ҳайкалларимиз қаерга ва нима учун келиб қолганлигини билишмайди. Кимдир уларни боладай етаклаб келади-да, “мана шу ерда туринг, мен ҳозир қайтиб келаман”, деганича ғойиб бўлади… ва ҳеч қачон қайтиб келмайди.

Ҳайкал бўлса, бу ерда мусофир – ёнидаги одамни таний олмай сарсон – тураверади.

Кези келганда шуни айтиш керак-ки, омадли ҳайкаллар хиёбонда ёлғиз ўзи туради.

Ҳа турмушдаги ажиб фалсафа ҳайкаллар ўртасида ҳам расм: буюк одам – доим танҳодир.

Ҳатто ҳайкалларнинг навбатда турганларидан фарқли, у ўзининг қаерда – ватанидами ё хориждами эканлиги билан қизиқмай, бемалол хаёлга шўнғий олади, бунинг устига, танҳо ҳайкалнинг қўлида бирорта китоб бўлиши муқаррар – шуни ўқиб вақт ўтказади, ҳеч бўлмаганда.

2. ТАНҲОЛАР

Байроннинг мухлиси бу хиёбондан ўтса, доим хафа бўлади: нега бу ерда Байрон эмас, Пушкин турибди?

– Негак-ки… – деб жавоб бермоқчи бўласиз-у, ўзингиз ҳам билмайсиз, негалигини.

Узоқ билмай турасиз.

– Мен Пушкин мухлиси бўлганим учун! – деб фахр аралаш ҳазил қиласиз, лекин дўстингизнинг бошқа шоирга муҳаббатини ҳақорат қилишдан қўрқиб, алдашда давом этасиз: “Пушкин Ўзбекистонни севгани учун. Пушкин Дантес дуэлининг сабабини биласизми? Сабаби бир – Ўзбекистон”.

Байроннинг мухлиси сизга телба одамга қарагандай қарайди, юзингиздаги жиддийликни кўриб, эсанкирай бошлайди.

Эсанкирайверсин.

Сизга бунинг алоқаси йўқ.

Сиз Пушкинни севасиз ва унинг нега айнан шу ерда турганлигини оқлаш учун ҳар қандай ёлғонга тайёрсиз.
Буюк шоирни қуршаган тошкентлик канизак дарахтлар эса, оҳиста қўшиқ айтадилар. Одатда, Шарқ одамлари қўшиқ тинглаётиб, беихтиёр оҳангга мос бош тебрата бошлайдилар.

Афсуски, бу иш ҳайкалларнинг қўлидан келмайди.

Айниқса, Пушкиннинг.

Чунки, Оврупода бош тебратишмайди.

Овруполиклар ҳар қандай оҳангга оёғи билан жўр бўлишади.

Пушкин хиёбонидан ўтаётган ҳар бир йўловчи шоирнинг жим депсиниб, нотаниш халқ музикасини бутун бронза вужуди билан тинглаётганига гувоҳ бўлади …

Мана бу хиёбонда эса, иккинчи бир буюк сиймо турибди.

Бу ёзувчига қўйилган ҳайкаллар дунёнинг ҳамма бурчагида бўлса керак. Лондоннинг қайси кўчасига қўйилган экан унинг ҳайкали? Парижнинг қайси булварига?

Ҳар ҳолда, у Тошкентнинг энг гўзал чорраҳасида турибди.

Унинг ёнидан ўтсангиз, сизга меҳри ийиб кетади, буюк пролетар ёзувчисининг сизга ўхшаган оддий одамларни қанчалик севганини яхши билганингиз учун, унга биродарларча таъзим қиласиз, салом берасиз:

– Қайси шамол учирди бу ёқларга, Алексей Максимович?!…

Албатта, у ҳайкал сизга қайрилиб ҳам қарамайди.

Биринчидан, ҳайкалларнинг бўйни жуда қаттиқ – қайрилиш учун уларга камида юз йил вақт керак.

Иккинчидан, саволингиз ниҳоятда бачкана: сиз ва бизни учирган оддий шамол ҳайкалларни учиролмайди.

Уларни жуда катта ижтимоий воқеалар, лоақал, инқилоб бўрони учириши мумкин.

Айниқса, Тошкентдай узоқ шаҳарга.

3. МАЖЛИС

Агар ҳайкалтарош узоқни кўра оладиган санъаткор бўлса, унинг яратган ҳайкаллари ҳам узоқ-узоқларга қараб туради. Бордию, ҳайкалтарош ҳаракатчан, курашчан бўлса, у асарини ўзи севган таҳайюлда – ҳаракат жараёнида тасвирлайди.

“Бўрон қуши ҳақида қўшиқ” муаллифи буюк Горкий ҳайкали худди шундай ҳаракат қуюнида кўрсатилган.

Агар ҳайкалдаги бу шиддат самимий бўлса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, Алексей Максимович бир куни ўзининг қироллик супасидан шарт тушади-да, чорраҳани кесиб ўтади ва телефон буткасига боради.

Баҳайбат Горкий бу катакка сиғармиди. У қўлини жаҳл билан силтаб, изига қайтади ва катта йўлга тушади, йўловчилар, ҳайдовчилар, ойнабанд дўкондаги сотувчилар-у, сартарошхонадаги мижозларни ҳайратга солиб, тўғри Пушкиннинг ёнига келади!!!

Бир ерда туравериб чарчаган одамнинг ортиқча илтифотга унча хуши бўлмайди, шунинг учун ҳам Горкий хаёлга чўмган Александр Сергеевичга имилламай қўл чўзади:

– Танишайлик, пролетар ёзувчиси Горкий!

Пушкин “пролетар”, “Горкий” сўзларини унча тушунмаганиданми ёки ҳали ҳам хаёл сураётганиданми, бир зум паришон туради, кейин ҳаракатга келиб, тагкурсидан сакраб ерга тушади:

– Танишганимдан ғоят хурсандман. Лекин кечирасиз, айтингчи, мен ўзи қаердаман?

– Бунинг аҳамияти йўқ, азизим Александ Сергеевич, – дейди Горкий бироз вазмин, бироз асабий, – ҳар ҳолда, биз Русияда эмасмиз, аниқроқ айтганда, сиз мен турган мамлакатдасиз.

Буюк Пушкин киноясимон ҳазилни тез тушунади ва шунга мос жумла тузади:

– Биласизми, мен оқ қайинларни жуда соғиндим. Ҳозир бирдан соғиниб кетдим. Кетмаймизми, а?

Горкий фақат қайинларни эмас, азим дарё Волгани, Нижний Новгородни, қадрдони Владимир Илични соғинганини тўкиб солмоқчи бўлади-ю, аммо реалистнинг вазминлиги бунга йўл қўймайди.

– Мен боя Московга қўнғироқ қилмоқчи эдим, бўлмади. Энди ўзимиз бир илож қилиб жўнашимиз керак. Фақат, азизим Александр Сергеевич, сиз атрофингизга қараб, жуда ҳайрон бўлаверманг – мен йўл-йўлакай тушунтириб бераман, сизга. Ҳозир муҳими – Русияга жўнашимиз керак.

Қарабсиз-ки, бу икки сиймо эрталабки учоққа чипта олишади.

Икковлон учоқда суҳбатлашиб борар экан, Алексей Максимович кутилмаганда ўрнидан туриб кетади:

– Шўрим қурсин, Александр Сергеевич, таёғимни унутиб қолдирибман!…

– Ҳечқиси йўқ, жаноб Горкий, Московдан хабар қилиб олдирамиз таёғингизни,- дейди буюк Рус шоири.

Алексей Максимович “жаноб” сўзининг ҳақорат эканлигини йўлдошига тушунтирмоқчи бўлади-ю, аммо унинг хаёлини севимли таёғи банд қилганидан, қўлларини ёзганча туриб қолади.

– Азизим, хабар қиламиз, лекин қаерга хабар қиламиз – биз учган шаҳарнинг номини билмаймиз-ку…

Шундай қилиб, агар ҳайкаллардаги шиддат ёлғон бўлмаса, бизнинг кўзимизни алдамаган бўлса, улар ўзлари турган супадан бир куни, шубҳасиз, тушади ва хоҳлаган томонга равона бўлади.

Биз – улуғ сиймоларнинг мухлислари – улар унутиб қолдирган машҳур таёқ учун янги музей очамиз.»

(1979 йил)
Москва

Агар Нурали Қобул бу аллегорияни эълон қилсайди, «Ўзбекистонда диссидент адабиёти пайдо бўлди», деб ёзган бўларди Ғарб матбуоти.

Аммо ёзмади.

Чунки оғайним Нурали Қобул бу матнни чоп эттира олмади.

Ҳатто уни ўқиб кўриб, чоп қилиш учун уриниб ҳам кўрмади чамамамда. Чунки матннинг очиқча антирус эканлигига биз «тупой» деб билган ўзбек цензурасининг ҳам ақли етарди.Унинг ақли етишига Нуралининг ҳам ақли етарди.

Мен Тошкентга келганимда сўрадим, Нурали матнни бостиролмаганини қуруқ бир шаклда эътироф этишдан нарига ўтмади. Мен ҳам суришириб ўтирмадим. Зотан, матннинг босилишига инонмагандим.

Нурали Қобулнинг дипломатик табиати бор эди.

Кўнгил олишни биларди.

«Адашган ҳайкаллар» чиқмагандан сўнгра бирор бир матнни чикариб, мени мамнун этмак истарди.

Журнали ёзувчиларга саволлар шаклида бир анкет чиқарди. Бу саволларни Нуралининг ўзи тузганди.

Саволлар ўша пайтдаги матбуотда босилган суҳбатлардан фарқли, оригинал бўлиши учун ғайрат қилингани кўриниб турарди: КУТИЛМАГАН САВОЛЛАР
“Совет Ўзбекистони санъати” журналининг саволлари

1. Ҳаётда ўзингиз йўл қўйган бирор хато Сизга сабоқ бўлганми. Шу ҳақда сўзлаб бероласизми?

2. Ўзингизни кечиролмаган дақиқалар бўлганми?

3. Бировлар сизни алдаганда, хаёлингизда нималар кечади?

4. Ҳақиқат ҳақида тасаввурларингиз?

5. 2000-чи йилда дунёни қандай тасаввур этасиз?

Саволларга Муҳаммад Солиҳнинг жавоблари:

1. Албатта, умр тўғри ишларгина эмас, хатолар силсиласидан ҳам иборатдир. Мен катта хатолар қилдим деб мақтанолмайман.

Ҳаётда сабоқ олишга арзирли бирор хато қилган бўлсам, бу хатодан жуда нари борса, менинг болаларим хулоса чиқариши мумкин. Мен, ўз навбатимда, бошқаларнинг хатосидан, мумкин қадар “чиройли”роқ хатолардан ўрнак оламан.

2. Ўзимни кечирган дақиқалар кўп бўлган. Акс ҳолда, Сиз билан суҳбатлашишдан, бу саволларга жавоб бериш имконидан аллақачон маҳрум бўлган бўлардим.

Ўксимагин, ўксинаверма
Қийнамаса виждон азоби –
Ер бўлмаса, осмонда бордир
Ҳаммасининг аниқ ҳисоби.

Агар виждон қийнамас экан,
Сабаби бор бунинг ҳам демак;
Авлиёсан, сен, сен бир авлиё
Ё қорни тўқ, шодмон кўрнамак…

Бу шеър ўзимни кечирмасликка яқин бир кайфиятда ёзилган бўлиши мумкин.

3. Бировлар алдаганида хаёлимда нима кечишини деярли эслолмайман. Ўзим алдаган дақиқалар ёдимда равшан гавдаланади, алдаётиб, нимага суяниб турганимни ёки қўлимда нима борлиги, чекаётган эдимми, тамакини ўчираётган эдимми – ҳаммасини эслайман, яъни биринчи саволга қарама-қарши ўлароқ, ўз хатоларимдан эмас, ўз алдоғимдан сабоқ олишга ҳаракат қиламан.

Менимча, ўз ёлғонига шафқатсиз бўлган одамни бошқаларнинг ёлғони чўчитолмайди. Бу борада менинг идеалим бор: “Урилиб-сурилиб, қийналиб-қимтаниб ўсган бир одам, одамзот қодир бўлган барча ёмонликларга дуч келган, жуда кўп алданган, аммо ҳамон мағрур одам, яъни, жоҳил бўлиб қолиш учун барча “сабаблари” бўлатуриб, ҳамон жоҳилликдан йироқ инсон – буюкдир”.

4. Мен ноумид эмасман. Аммо юксак тушунчалар ҳақида гапираётган кишининг қиёфасидаги зўрма-зўраки жиддийлик менга доим эриш туюлган. Шу хавфдан қутулиш учун бу саволга иложи борича қисқа жавоб бериш керак деб ўйлайман:

Ёлғон – яшаш усулларидан биридир.
Макр – яшамоқнинг яна бир йўли.
Ҳийла ҳам шунақа.
Демак, тўғри сўзни айтмоқ ҳам
Яшаш усулига кирар, шубҳасиз

5. Карл Маркс капиталистик жамиятнинг касалликларини очиб берди, кутубхонада икки йил ўтириб, “капитализмни гўрга тиқди”. Кейин “гўрда туғилган гўрўғли”лардан бири бўлмиш Зигмунд Фрейд ўша жамиятнинг бир одамини олиб, унинг ички дунёсини ўргана бошлади…

Менимча, жамият ва шахс ҳақидаги таълимот 2000-йилга бориб, янада ривожланади: космос билан бир қаторда, одам ўзини ҳам ўрганишга қаттиқ киришади ва балки шунда 2500 йилни бемалол тасаввур қилиш мумкин.
(1980)

Бу матн редакцияда узоқ ётди. Бир йилга яқин чамамда. Лекин чиқди.

Нурали Қобул бу сафар сўзини тутаолди

Муҳаммад Солиҳ
2020

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *