БИР САВОЛГА ЖАВОБ

Бир қизимизнинг дин олими рахматли Муҳаммад Содиқ Муҳаммадюсуф ҳақидаги саволларининг каминага оид қисмига мухтасар шаклда жавоб беришга ҳаракат қиламан.  Аввало шуни айтишим керак. М.Содиқ М.Юсуф билан шахсан таниш бўлганман, жуда яқин дўст бўлмасак-да, доим бир-бирини ҳурмат қилган иккита мусулмон биродар мартабасида бўлганмиз. Ва шахсан мен ҳеч қачон бу киши ҳақда ҳеч бир ерда унинг обрўсига путур етказадиган на ёзма, на-да оғзаки гап айтмаганман.

Шунга қарамай, бу қизимиз “ЭРК”чиларнинг раҳматли муфтийга нисбатан салбий муносабатда эканлигини иддао этибди. Ва раҳматлининг нега Каримов тарафини олганлигини битта воқеа билан иботлашга уринибди. Қизимизнинг айтишича, Муфтий М.Содиқ Муҳаммад Юсуф  Президентлик сайловлари олдидан сайловда қатнашаётган Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳга “Президентликка сайлансангиз мусулмонлар учун нима қиласизлар” деб сўраш учун ёнига  чақирибди. Бу чақирувга Каримов лаббай деб жавоб берибди, Муҳаммад Солиҳ эса бормабди. Ва раҳматли муфтий саволига Каримов “сизларга масжидлар қуриб берамиз” деб жавоб берибди. Шунинг учун ҳам раҳматли муфтий Муҳаммад Содиқ ўша сайловда Каримов тарафдори бўлган экан.

Бу қизимизга шуни айтишим керак: Бу ғирт ёлғон хабар.

Биринчидан, муфтий  ҳукумат бошлиғини ҳеч қаерга чақира олмайди. Ҳатто мухолифат лидерини ҳам бирорта жойга “чақириш салоҳияти” йўқ эди муфтийнинг.

Фақат ҳамма билган бир хақиқат бор. 1991 йил декабр ойида ўтган Президентлик сайловларида Муфтий М.Содиқ Муҳаммад Юсуф Республика Сайлов Комиссиясининг фаол аъзоси эди. Сайловда биз ғалаба қилдик.  Аммо Каримов ҳийла ва сохтакорлик билан, Сайлов Комиссиясига катта тазйиқ ўтказиб,  ғалабани ўзига ёздирди.

Раҳматли муфтий бу ҳақсизликнинг бевосита гувоҳи бўлди. Каримов бу  жиноятини ёпиш учун раҳматлининг обрўсидан максимум фойдаланди. Буни комиссия аъзолари шахсан эътироф этдилар. Муфтий жаноблари комиссияда Каримов фойдасига ташвиқотда асосий ролни ўйнади. Буни Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги бутун сиёсий элитаси, бугунги президент Мирзиёев ҳам билади.

Мен буни бир мусулмон ўлароқ М.Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг юзига солмадим, унинг Ислом дини тарғиботчиси сифатида атеизм ботқоғига ботган халқимизни қутқариш йўлида олиб бораётган ишлари ҳаққи бу қилган хатосини доим хаспўшладим.

Ҳа, раҳматли билан сиёсий қарашларимиз фарқли эди, аммо ҳеч қачон бу фарқлилик унга бўлган инсоний ва диний муносабатимга раҳна солмади.

1994 йил Туркияда экан, раҳматли муфтий Ислом Каримовга хизмат қилишга уни нима мажбур қилганини юзма-юз эътироф этди. Мен ундан заррача хафа бўлмадим ва унинг сайловда тутган позициясини сокин қабул қилдим.

Ҳа, 1994 йил Муҳаммад Содиқ хам биз каби Каримов тарафидан тазйиққа учраб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлди. У ҳам биз каби укаси Мадамин билан Истанбулга келди. Ҳатто укаси Мадамин Мамаюсупов бир йилга яқин Истанбулда ЭРКчиларга ажратилган бинода, биз билан бирга истиқомат қилди.

Муҳаммад Содиқнинг ўша йиллари ёзган мактубларидан биттасини унинг қўлёзмасидан ўқиб бераман:

“Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, ассалому алайкум!

Менга иқоманг йўқ, иш жойинг йўқ, банкда пулинг йўқ деб виза беришмади. Борсак, ўша ерда батафсил гаплашиб олармиз, деган эдим. Баъзи фикрларни қисқача баён этаман.

  1. Ўша жойда мухолифатнинг бирлашган жабҳасини тузиш керак. “Эрк”, “Бирлик”, “Ёш демократлар”, “Тумарис” ва бошқаларни айтиб, номни кўпайтириш керак. Конфедерация шаклида бўлса, бетарафроқ одамни координатор ёки Бош котиб қилинса. Муҳими биргаликда иш кўрилаётганини билдириш керак. “Адолат” ҳақида ўйлаш к-к.
  2. “Адолат” партиясининг раҳбари Ш. Мирсаидов. Руслар қилибди. Менга ҳам хабарни Ш. М. номидан салом б-н олиб келишди. Хабарчи ҳукумат одамлари Ш.М. ни табриклаб келганларини кўрибди. Раисдош И. Буриевнинг президентликка номзод тайёрлаяпмиз деб айтганини ўзим эшитдим.

3.Насиҳатлар жонга теккандир. Аммо ҳеч ким билан уришмаслик к-к. Дўстни кўпайтириш, душманни озайтириш керак…агар хоҳласангиз гаплашаман… Ҳеч бўлмаса ёмонликдан сақланиш керак.

  1. Охирги пайтда “Эрк”дан бир нарса чиқмаяпти. Намоз билан мақолалар таёрланмокда аммо одамни кўпайтириш керак. “Эрк” матбуот марказини тиклаш керак.
  2. Ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам муҳожирларни кайтаришга ҳаракат қилмокда. Менга яна одам юборишди. Ш. Мирсаидов ҳам одам юбориб, «сизни нима қилиб бўлса ҳам қайтаришмоқчи, илтимос келмай турсангиз», дебти. Бунга ҳам қарши чоралар кўриш керак. Улар ҳаммани қайтариб олиб келиб ушлашни режа қиладилар.
  3. Ичкарида ҳам ҳозир кирилмаса ҳам зарур бўлганда ишлайдиган гуруҳлар тузиш керак. Менга айтилган гап хам шу.
  4. Тез-тез “Эрк”нинг пленуми бўлди, кенгайтирилган кенгаши булди, масалалар кўриб чиқилди, қарор қабул қилинди каби гаплар чиқариб туриш керак. Катта таъсир қилади.
  5. Ўзингиз сиёсий бошпана олсангиз яхши бўлармиди…

Ҳамма гаплар маслаҳат. Фикрлар бўлса алмашилар. Асосий маслаҳат учун ҳам шулар керак..

М.С.”

Хато ҳар кимда бўлади. Бир қизимизнинг бизни иснод остида қўядиган саволи бўлмаганда эди, ўтмишда қолган бу воқеаларни жонлантиришга ҳам эхтиёж қолмасди. Нима бўлганда ҳам, дину-диёнат учун самимий ихлос билан хизмат қилган барча мусулмон биродарларимизга, жумладан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга ҳам Аллоҳдан раҳмат тилаймиз.

Муҳаммад Солиҳ
2021, Истанбул

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *